Декабрь ойи қиш учун хос бўлмаган илиқ об-ҳаво билан бошланади. Декабрь ойининг биринчи ҳафтасида Ўзбекистон бўйлаб ҳавонинг ёғингарчиликсиз бўлиши, ҳаво ҳарорати кечаси 2-7, кундузи 13-18 даража илиқ бўлиши кутилмоқда. Декабрь ойининг бундай қуруқ ва илиқ бошланиши Ўзбекистонда жуда кам учрайди.

Кейинчалик, декабрь ойининг охиригача, Ўзгидромет прогнозига кўра, ҳаво ҳарорати кечаси 5-8 даража илиқдан 3-6 даража совуққгача, кундузи
15-18 даража илиқдан 2-5 даражагача илиқ бўлиши кутилмоқда.       

Ой давомида вақти-вақти билан ёғингарчиликлар кузатилади.

Маълумот учун:

Сўнгги 50 йилдаги энг совуқ йил 1984 йил декабрь ойи бўлган. Кечаси ҳаво ҳарорати совуқнинг энг юқори чўққисида 18-23 даражагача, баъзи жойларда 25-27 даражагача пасайган.

Ўтган 2022 йилнинг декабрь ойи  биринчи кунлариданоқ қор ёғиши ва ҳаво ҳароратининг кескин пасайиши билан ўзининг қишки характерини кўрсатди. Жуда совуқ ҳаво деярли ойнинг ўрталарига қадар давом этди. Кечаси бу даврда ҳаво ҳарорати кўпчилик ҳудудларда 10-15 даражагача, шимолий ва чўл ҳудудларда 19-24 даражагача пасайди. Фақатгина республика жанубида ва Фарғона водийсида ҳаво унчалик совуқ бўлмаган, минимал ҳарорат 1-6 даража совуқ атрофида бўлган.

2021 йил декабрь ойи сўнгги 50 йилдаги энг иссиқ бўлган. Республика бўйича ўртача ойлик ҳаво ҳарорати меъёрдан 2-4 даража юқори бўлган. Энг иссиқ кунларда ҳаво ҳарорати кундузи 20-25 даражагача, жанубда
26-28 даражагача кўтарилган.

2021 йил декабрь ойида республиканинг айрим ҳудудларида ҳавонинг максимал ҳарорати бутун метеорологик кузатувлар тарихидаги энг юқори кўрсаткичларни тақдим этган.

 

Тошкентда декабрь ойи учун мутлақ максимал ҳаво ҳарорати 1915 йилда кузатилган, у 27,3 даража иссиқни ташкил этган. Декабрь ойи учун мутлақ минимал ҳаво ҳарорати, яъни  29,5 даража совуқ 1930 йилда қайд этилган.

Декабрь ойида республика текислик ҳудудларида ёғингарчилик кўпинча аралаш шаклда тушади (ёмғир қорга айланади), тоғларда эса қор қопламининг фаол шаклланиши кузатилади.

Ўтган йили қор кўринишидаги ёғингарчилик республиканинг марказий туманлари текисликлари бўйлаб қор қопламининг шаклланишига олиб келган ва бу қарийб 10 кун давом этган. Максимал қор баландлиги 7-12 см, баъзи жойларда 13-17 см гача бўлган.Тоғли ҳудудларда қор қопламининг баландлиги 40-90 см га етган.

Бу йил декабрь ойи қандай бўлади? Ҳақиқатан ҳам қишки об-ҳаво кузатиладими? Ёки Ўзбекистонда тез-тез кузатилганидек, декабрь ойида иссиқ даврлар об-ҳавоси ҳукмронлик қиладими?

Декабрь ойи учун об-ҳаво шароитларининг дастлабки ҳисоб-китобларига кўра, декабрь ойи совуқ бўлмайди. Ўртача ойлик ҳарорат меъёрдан юқори, баъзи ҳудудларда меъёр атрофида бўлиши кутилмоқда.

Шунингдек, ҳаво ҳарорати кечаси 1-6 даража совуққача, шимолда 8-13 даража совуққача пасайиши ҳолатлари кузатилади. Декабрь ойи учун бу нормал ҳолат, чунки бу қиш ойи.

Энг иссиқ кунларда ҳаво ҳарорати 15-18 даражагача, жанубда 20-22 даражагача кўтарилади.