Шу билан бирга мис маҳсулотларини қазиб олиш ва ишлаб чиқариш бўйича дунёдаги 30 энг йирик корхона сафидан жой олган.
Бугунга келиб Олмалиқ кон-металлургия комбинати очиқ кон ва ер ости маъданларини қазиб оладиган, бойитиш ва олтин саралаш фабрикалари, металлургия ва цемент заводлари, йирик энергия ва транспорт тизимлари, ривожланган инфратузилма ва ижтимоий соҳа объектларини бирлаштирган ноёб саноат мажмуасидир.
Комбинат технологик ишлаб чиқариш занжирининг бошланғич нуқтаси бўлган Қалмоққир карьери жуда қулай географик ва иқтисодий шароитга эга Олмалиқ-Aнгрен саноат минтақасида жойлашган. Карьернинг қурилиши 1954 йилда бошланган, 1959 йил 1 июлда эса Қалмоққир конидан илк маротаба маъдан юкланди ва ўша вақтдан бери уни мунтазам равишда белгиланган башорат кўрсаткичлари бажариб келинмоқда.
— Ҳозир Қалмоққир конида 41 та экскаватор, 37 та ҳар бири 130 тонна юк сиғимига эга БелАЗ русумли техника, 17 та бурғилаш ускунаси ишлаяпти. Шу пайтгача кондан жами 1,5 миллиард тоннага яқин руда қазиб олинган. Бу йил 33,5 миллион тонна руда қазиб олишни режалаштирганмиз. Бу кўрсаткич 2025 йилда 35 миллион, 2028 йилда 45 миллион тоннага етказилади. Айтиш мумкинки, конда етмиш йилга етадиган руда захираси мавжуд, — дейди Қалмоққир кон бошқармаси техник ишлаб чиқариш бўлими бошлиғи Аъзам Асқаров. — Фаолиятимизга инновацион технологияларнинг татбиқ этилаётгани ишимиз унумдорлиги ва ресурсларни тежаш имконини беряпти. Жумладан ЭКГ русумли экскаваторларнинг модернизация қилиниши туфайли элктр энергиясини 1,5 бараваргача тежашга эришяпмиз.
Ҳозирги кунда ОКМКда кенг қамровли истиқболли инвестициявий лойиҳалар муваффақиятли амалга ошириб келинмоқда. Жумладан, Ёшлик-1 конини ўзлаштириш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 26 майдаги “Олмалиқ КМК” АЖ конлари негизида рангли ва қимматбаҳо металлар ишлаб чиқаришни кенгайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ мазкур лойиҳани амалга ошириш натижасида:
биринчи босқичда 2021–2025 йилларда 290 минг тонна мис катоди, 38 тонна олтин ва 203 тонна кумуш;
иккинчи босқичда 2024–2028 йилларда 400 минг тонна мис катоди, 50 тонна олтин ва 270 тонна кумуш металлари ишлаб чиқаришга эришилади.
Статистик маълумотларга кўра, шу кунда Олмалиқ лойиҳаси (Қалмоққир ва Ёшлик I) дунёда олтин миқдори бўйича биринчи, руда таркибидаги олтин бўйича иккинчи, руда ҳажми бўйича учинчи, маъдандаги мис миқдори бўйича олтинчи ўринда.