Бугун машина билан боғлиқ муаммолар кўпчиликни саросимага солиб қўйди. Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясига ҳам ушбу ҳолат билан боғлиқ кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда. Мана шундай мурожаатлардан бири Бухоро вилоятида истиқомат қилувчи фуқаро А.Қ томонидан келган бўлиб, унга кўра, “UzAvto” АЖ бонус жорий этган ва фуқаро А.Қ бонусли акцияда иштирок этиш мақсадида 95.768.000 сўм тўловни амалга ошириб, "COBALT" автомашинаси харид қилган ҳамда бонусга эга бўлган. Акция шартига мувофиқ, фуқарога бонус сифатида 6.200.000 сўм қайтариб берилиши керак эди. Аммо... "бонус" анчайин кечиккан. Жамият ходимлари холатни ўрганиши натижасида "анча куттирган" бонус — 6.200.000 сўм истеъмолчига қайтарилди!

Яна шундай мурожаатлардан бири Қашқадарё вилоятида яшовчи З.Эрназаров томонидан келган. Унда истеъмолчи “Uz  Avto Motors”нинг Қарши шаҳридаги дилери “Avto-Centre-Qashqadaryo” МЧЖдан шу йилнинг 29 октябрида  87 миллион 320 минг сўм тўлаб  “NEXIA-3”  русумли автомашина сотиб олган. Бироқ орадан икки кун ўтгач, машинанинг таблосида сариқ чироқ ёниб қолганлиги сабабли бу ҳақда автосалон ходимларига маълум қилиб, сервис хизматига олиб борганида усталар транспорт воситасининг зарур эҳтиёт қисмларидан бири, яъни катализатори ечиб олинганлиги маълум бўлган. Ўрганиш натижаларига кўра, фуқаро З.Эрназаровга тегишли автомашинадан яширин тарзда ечиб олинган жами 1 миллион 300 минг сўмлик эҳтиёт қисмлари бепул ўрнатиб берилиши таъминланди.

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя

қилиш жамиятлари федерацияси матбуот хизмати