Мазкур ноёб лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги, "Ўзбекистон Темир йўллари" АЖ ва Тошкент вилояти ҳокимлиги томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, у Чирчиқ шаҳрига олиб кирувчи 4Р12 магистрал йўли орқали Чирчиқ дарёси устидан ўтувчи муҳташам кўприк иншоотини ўз ичига олади.

Етук муҳандис ва лойиҳачилар томонидан кўплаб муҳокамалар орқали янада такомиллаштирилган лойиҳа ўзининг қулай йўл ўтказгич ечимига эгалиги, унда тўхташ худудлари, суғориш ва ирригация тизимлари, ташқи ёритиш қурилмалари эътиборга олиниб, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларига ҳам катта аҳамият берилгани эътиборлидир.

Куни кеча мазкур улкан қурилиш бошланадиган нуқтада Чирчиқ шаҳар ҳокими С.Юсупов бошчилигида "Ўзбекистон темир йуллари" АЖ бош муҳандиси З. Маҳаматов, ҳудудий сектор раҳбарлари, маҳаллий кенгаш депутатлари ҳамда фаоллар йиғилдилар. Хайрли удумга кўра, Қуръон тиловат қилиниб, қурилишга "оқ йўл" тиланди ва бу муаззам иншоот халқимизга узоқ йиллар манфаатли хизмат қилсин, дея дуога қўл очилди.