Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда Халқ таълими вазирлиги томонидан илғор халқаро тажриба асосида “Миллий ўқув дастури”ни тузиш, мазкур дастур асосида 2021–2022-ўқув йилининг 1 сентябригача 1–2-синф ўқувчилари учун етти тилда янги авлод дарсликларини, ушбу синфларда дарс берувчи ўқитувчиларга методик қўлланмалар, ўқувчининг машқ дафтари, мультимедиа иловаларини яратиш ва нашр этиш соҳасида тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Айтиш жоизки, амалдаги дарсликлар камчиликлари бўйича аҳолидан, ота-оналардан бир қатор таклифлар келиб тушмоқда ва ушбу мавзу ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Жумладан, дарсликда ўқув дастурининг боб ва мавзулари тўлалигича ўз ифодасини топмаган, дарсликдаги мавзуларнинг ўқув режадаги дарс соатларига номутаносиб, мавзуларни ёритишда материаллар илмий жиҳатдан тўғри берилмаган, дарслик мавзуларини ўзлаштириш учун берилган машқ, топшириқ ва амалий машғулотлар педагогик технологиялар асосида тузилмаган.
Депутатлар томонидан ҳудудларда умумий ўрта таълим мактабларида ўқитиладиган дарсликларни ўрганишда нафақат дарсликлардаги хатоликлар, балки айрим мактабларда дарсликларнинг етарли эмаслиги, айрим мактаблардаги кутубхоналар ҳам талаб даражасида эмаслиги кўзга ташланди. Хусусан, Андижон вилоятида мактаб ўқувчилари 96, Бухоро вилоятида 97 фоизга дарсликлар билан таъминланган, Қоракўл туманидаги 23, 50-умумий ўрта таълим мактабларида ва Олот туманидаги 4, 35-умумий ўрта таълим мактабларида алоҳида кутубхона йўқ, кутубхона ўқитувчилар хонасида жойлашган.
Депутатлар Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Республика таълим марказига ташрифи давомида “Миллий ўқув дастури”нинг жорий этилиши ҳолати, ўқув адабиётларнинг яратилиши ва нашр этилиши, “Миллий ўқув дастури”нинг халқаро экспертлар, амалиётчи ўқитувчилар иштирокида синовдан ўтказилгани, улар томонидан билдирилган таклиф ва мулоҳазаларнинг инобатга олинганига алоҳида эътибор қаратди.
Умумий ўрта таълим мактабларининг “Миллий ўқув дастури” асосида яратилган ўқув адабиётлар билан таъминланганлик ҳолати ҳамда ажратилган маблағлардан самарали ва мақсадли фойдаланганлиги масалалари ҳам халқ вакилларининг диққат марказида бўлди.
Мулоқотлар давомида Давлат дастурининг 225-бандидан келиб чиқиб янги авлод дарсликларини ўқитувчининг методик қўлланмаси, ўқувчининг машқ дафтари ва мультимедиа иловаси билан бирга комплекс тарзда яратиш ва нашр этиш, ўқувчиларни келгуси ҳаётга тайёрлаш, уларга ўз билим ва кўникмаларидан амалиётда фойдаланишни ўргатувчи малака талабларини синфлар кесимида ишлаб чиқиш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.
Тегишли соҳа мутасаддилари иштирокида йиғилиш ташкил этилиб, соҳани янада ривожлантиришда ёшларни мамлакат келажаги дея қараш тамойили доирасида иш олиб бориш лозимлиги таъкидланди.