Сирдарё вилоятининг энг олис ҳудудларидан бири — Сардоба тумани аҳолиси 66 минг 700 нафарни ташкил этиб, 15 та маҳаллаларда ўндан зиёд миллат вакиллари аҳил-иноқликда яшаб келади.

Туман вилоят маркази Гулистон шаҳридан 83 километр узоқликда жойлашган бўлиб, Жиззах вилояти билан чегарадош.

«Нуроний бунёдкор сервис» МЧЖ қурувчи-бунёдкорлари томонидан барпо этилган Давлат хизматлари марказининг янги бинонинг умумий майдони 1015 квадрат/метрни ташкил этади. Замонавий архитектура ечимларини ўзида мужассам этган бино энг замонавий ахборот технологиялари билан жиҳозланган. Бу ерда кенг ва ёруғ, шинам хизмат залида қулай шароитларда хизмат кўрсатилади. Электрон навбат тизими йўлга қўйилган.

Айни пайтга келиб Давлат хизматлари марказлари орқали аҳолига 150 турдаги давлат хизматлари кўрсатиб келиняпти. Сардоба тумани Давлат хизматлари маркази бир кунда ўртача 80-100 нафар фуқарога давлат хизматлари кўрсатиш қувватига эга. 2020 йилда аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига 16 мингга яқин давлат хизматлари кўрсатилди.

— Вақти келиб марказга келишга ҳам эҳтиёж қолмайди, чунки ҳар бир фуқаро ўз уйида компьютер ёки мобил қурилма орқали интернет тармоғига уланган ҳолда давлат хизматларидан онлайн тартибда фойдаланади, — дейди Давлат хизматлари агентлиги Сирдарё вилоят бошқармаси бошлиғи Б.Артиков. — Бу эса хизматни марказ орқали олишдан кўра арзон ва қулай.

Дарҳақиқат, янги бинода тадбиркорлар учун бош вазир қабулхонаси, Халқ қабулхонаси, туман адлия бўлими, секторлар учун алоҳида хоналар ажратилган. Шунингдек, марказда банк кассаси ҳам ташкил этилган. Кутиш залида эса китоб жавони мавжуд бўлиб, фуқаролар бу ерда бадиий китобларни мутолаа қилиш имкониятига эга бўлишади. Бу ерга фарзандлари билан ташриф буюрган ота-оналар учун ёрқин рангларда жиҳозланган болалар майдончаси кичкинтойларнинг вақтларини мазмунли ўтказишга ёрдам беради.

Мавжуд мониторлар орқали эса давлат хизматлари кўрсатиш соҳасидаги янгиликлар, давлат хизматлари олиш тартиблари тўғрисидаги роликлар мунтазам намойиш этиб борилади, деб хабар беради ДХА Сирдарё вилоят бошқармаси матбуот хизмати.