Кейинги йилларда Ўзбекистон халқаро майдонларда кўплаб ташаббусларни илгари сурди. Ташаббусларнинг халқ, фуқаролик жамияти институтлари томонидан бевосита қўллаб-қувватланишини нафақат давлат, балки минтақавий ва халқаро миқёсда илгари суришнинг муҳим механизмларидан бири сифатида кўриш керак. Бунда давлат ва нодавлат секторлар саъй-ҳаракатлари бирлаштирилса, ўзгаришлар ҳамда ресурслар самарадорлиги сезиларли даражада ошади.

Нега сўнгги йилларда фуқаролик жамияти институтлари ва уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш кераклиги юқори минбарларда тез-тез тилга олиняпти? Жавоби оддий – Ўзбекистон раҳбарияти уларнинг давлат ва жамиятни демократлаштиришдаги ўрни ва аҳамиятини, фикрлар хилма-хиллигини, турли нуқтаи назарларни, гарчи ҳар доим ҳам расмий позицияга мос келмасада, тараққиёт омили сифатида кўради.

Фуқаролик жамияти институтлари, биринчидан, фуқароларнинг турли тоифалари манфаатларини намоён қилади, турли даражадаги муҳим қарорларни қабул қилиш жараёнларининг инклюзивлигига кўмаклашади.

Иккинчидан, улар жамоатчилик назорати субъекти сифатида давлат секторида шаффофликни ҳамда давлат дастурлари ва лойиҳаларини амалга ошириш учун мувозанат тизимини таъминлайди.

Учинчидан, фуқаролик жамияти институтлари ҳудудларнинг ўзига хослиги ва аҳоли салоҳиятини ҳисобга олган ҳолда нафақат муайян шаҳар ёки туман, балки Марказий Осиё минтақаси давлатлари учун ҳам долзарб бўлган муаммоларни ҳал этиш бўйича инновацион ғоялар ва амалиётларни таклиф этиши мумкин.

Бугун фуқароларимиз муҳим қарорларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш, бюджет маблағларидан оқилона фойдаланиш, давлат харидлари масалаларини муҳокама қилиш жараёнларида фаол иштирок этяпти. Шу асосда давлат ташкилотлари ва фуқаролик институтлари ўртасидаги ҳамкорлик ва жамоат назорати янги босқичга кўтарилмоқда. Бу эса Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилаётган ушбу тамойилнинг тасдиғидир: демократик ислоҳотлар – биз учун ягона тўғри йўлдир, жамиятнинг ўзи эса мамлакатдаги ислоҳотларнинг ташаббускори ва асосий ижрочисидир. Менимча, бу янги ғоя давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 29 йиллиги муносабати билан йўллаган байрам табригининг ҳам асосий «мурожаати» бўлиб хизмат қилади.

Умуман олганда, 2016 йилдан буён Шавкат Мирзиёев халқ билан самарали мулоқот қилиш, мансабдор шахсларнинг жамият олдидаги очиқлиги ва масъулиятини давлат аппарати фаолиятининг муҳим шартлари сифатида белгилаб берди. Бугун улар мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг энг муҳим, айниқса, аҳолини қизиқтирган масалалар бўйича қарорлар қабул қилишда жамоатчилик билан маслаҳатлашмоқда.

Ўзбекистон давлат ва жамиятнинг барча соҳаларини тубдан ислоҳ қилиш босқичини бошидан кечираётган мамлакат сифатида фуқароларнинг қарорлар қабул қилиш жараёнидаги иштирокини кенгайтириш, сиёсий институтларни демократлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш ғояларига содиқдир. Сўнгги йилларда бу йўналишда кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш механизмлари мақсадга мувофиқ равишда такомиллаштириляпти, кафолатлар мустаҳкамланиб, маҳаллий инфратузилма такомиллаштириляпти. Нодавлат нотижорат ташкилотлари (ННТ) фаолияти бўйича қонунчиликни сезиларли даражада либераллаштириш бошланди.

Масалан, жамоат ташкилотлари фаолиятини чекловчи бюрократик монеликлар бекор қилинди. ННТлар томонидан чет эл грантларини олиш ва улардан фойдаланишдаги тўсиқлар олиб ташланди. ННТ ва рўйхатдан ўтказувчи орган ўртасидаги тадбирларни мувофиқлаштириш тартиби бекор қилинди. ННТларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун давлат божи ставкалари беш бараварга, солиқ юки икки бараварга камайтирилди.

ННТларга адлия органлари билан боғлиқ барча хизматларни электрон шаклда тақдим этиш имкониятини берувчи e-ngo.uz портали ишга туширилди. Ҳар бир вилоят марказида ННТлар ташкил этиляпти, уларда фуқаролик жамияти институтлари бепул жойлаштириляпти.

Фуқаролик жамияти институтларига давлат томонидан бериладиган субсидиялар ва грантлар сўнгги тўрт йил ичида тўрт баравар ошди.

2021—2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепциясининг қабул қилиниши Ўзбекистоннинг фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш ва жамоат институтларининг ролини кучайтиришга содиқлигини яна бир бор намойиш этди. Концепция 2025 йилгача устувор йўналишлар ва мақсадли кўрсаткичларни белгилаб берди. Хусусан, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини субсидиялар, грантлар ва ижтимоий буюртмалар шаклида давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ҳажми 2021 йилда камида 1,2 бараварга ва 2025 йилда 1,8 бараварга оширилди.

Фуқаролик жамияти институтларининг самарали фаолияти учун шарт-шароит ва имкониятларни янада кенгайтириш кутиляпти. Буни давлат раҳбари томонидан Конституция куни арафасида белгилаб берган вазифалар ҳам тасдиқлайди. Таклиф этилаётган конституциявий ислоҳотлар асосида инсон, унинг ҳуқуқи ва қонуний манфаатлари ётади. Илгари амал қилиб келинган «давлат – жамият – инсон» тамойилини «инсон – жамият – давлат» деб ўзгартириш таклиф этилди. Иқтисодий ислоҳотлар жараёнида инсон манфаатларини таъминлаш халқпарвар давлат барпо этишнинг энг муҳим шарти сифатида бош мезон бўлади. «Жамият – ислоҳотлар ташаббускори» деган эзгу ғоя доирасида асосий Қонунимизда фуқаролик жамияти институтларининг ўрни ва мақомини конституциявий жиҳатдан мустаҳкамлаш ҳам кўзда тутилган.

Яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, мамлакатнинг келгуси ижтимоий-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий ривожланишида «Янги Ўзбекистон – ижтимоий давлат» деган тамойил конституциявий қоида сифатида муҳрланмоқда. Давлатнинг ушбу тамойил сиёсати ижтимоий тенглик ва адолатни таъминлаш учун моддий неъматларни қайта тақсимлашга қаратилган. Яъни шахс ва жамият фаровонлигини таъминлаш учун эркинлик ва қонунийлик тамойилларининг аксариятини уйғунлаштириш назарда тутилган. Ижтимоий давлатларга аҳолисининг аксарияти юқори турмуш даражасига эришган, аҳоли жон бошига маҳсулот ва хизматларни истеъмол қилиш даражаси ҳам юқори бўлган давлатлар киради. Буларга АҚШ, Япония, Швеция, Норвегия, Германия, Францияни мисол келтириш мумкин. Ўзбекистон ҳам ривожланган давлатлар қаторига кириши мумкин.

Ўйлайманки, бу вазифаларнинг бажарилиши фуқароларнинг фаоллигини ошириш, уларнинг барча соҳалардаги ўзгаришларда иштирок этиш, жойларда янги ташаббусларни илгари суриш, давлат бошқаруви органларининг ҳисобдорлигини ошириш, ҳар бир ўзбекистонликнинг муносиб турмуш сифати ва даражасига эришиш имконини беради.

Бобур Бекмуродов,

«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати раиси.