Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда сенаторлар, депутатлар, Фарғона вилояти ҳокимлиги, вазирлик ва идоралар масъул ходимлари, Ўзбекистон ва Тожикистон касаба уюшмалари делегацияси, Қирғизистоннинг Боткен вилоятидан меҳмонлар, зиёлилар, устоз-мураббийлар, таниқли ижодкорлар, ота-оналар, уларнинг фарзандлари, нуронийлар, маҳалла фаолларидан иборат кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тадбирда Ўзбекистондаги ислоҳот ва янгиланишлар, энг аввало, инсон манфаатларини таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятли экани эътироф этилди. Сўх тумани аҳолиси, хусусан, ёшлар, хотин-қизлар, нуронийлар, эҳтиёжманд оилаларга яратилаётган шарт-шароитлар, турли миллат вакиллари ўртасидаги дўстона алоқаларнинг янада мустаҳкамланиши йўлидаги саъй-ҳаракатлар ҳақида сўз борди.
— Давлатимиз раҳбарининг юксак эътибори билан ўтган беш йилда Сўхда улкан тарихий янгиланишлар амалга оширилди, — деди Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси раиси, сенатор Қудратилла Рафиқов. — Президентимизнинг 2020 йил 8 августдаги “2020-2021 йилларда Фарғона вилоятининг Сўх туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси натижаси бўлмиш мана бу ўзгаришлар фикримизнинг ёрқин далилидир. Бундан атиги беш-олти йил илгари Сўхга вилоят марказидан авиақатновлар йўлга қўйилиши, сўхлик ёшлар олий таълим олиши учун махсус грантлар ажратилиши, уларга турли имтиёзлар берилишига ҳеч ким ишонмасди. Буларнинг барчаси Президентимизнинг ўз халқига, хусусан, сўхликларга қайноқ меҳри ва ғамхўрлигининг ёрқин ифодасидир. Бугун фойдаланишга топширилган “Сўх” болалар соғломлаштириш оромгоҳи ҳам давлатимиз раҳбари ташаббуси ва эътибори маҳсули, Сўх халқига ажойиб туҳфаси.
Умумий майдони қарийб 5 гектар бўлган оромгоҳ 200 ўринга мўлжалланган. Бу масканда ёзги мавсумда жами 1000 нафар болани соғломлаштириш мўлжалланган. Ўғил-қизлар мириқиб ҳордиқ чиқариши, жисмонан чиниқиб, саломатлигини мустаҳкамлаши, билимини ошириши учун барча зарур шарт-шароитлар яратилган. Ўзбек ва жаҳон адабиёти дурдоналари билан бойитилган ахборот-ресурс, маданият ва маърифат марказлари, тиббиёт ва тўгарак хоналари, тадбирлар майдони, амфитеатр, замонавий сузиш ҳавзаси, спорт майдончалари, шийпонлар болалар ихтиёрига топширилди. Шунингдек, дам олиш масканида ота-оналар учун шинам суҳбат айвончалари ҳам барпо этилди.
Оромгоҳ қурилишига 27 миллиард 560 миллион сўм йўналтирилганининг ўзиёқ мамлакатимизда ёш авлодни ҳар томонлама баркамол этиб тарбиялаш масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналишига кўтарилгани далилидир.
Шу куни сўхлик 200 ўғил-қиз оромгоҳнинг илк меҳмони сифатида дам олишни бошлади. Улар кўз ўнгида оромгоҳ учун “Дамас” автомашинаси топширилди.
Бугун ҳар томонлама ривожланган авлодни тарбиялаш йўлидаги Ўзбекистон тажрибаси халқаро экспертлар ва нуфузли ташкилотлар эътиборини тортмоқда. Зеро, давлат ва жамоат ташкилотлари саъй-ҳаракати ҳамда имкониятларини болаларни сифатли дам олдириш ва соғломлаштиришни таъминлашга ижтимоий шериклик асосида йўналтириш амалиёти Ўзбекистонда яратилган ноёб тизимлардан биридир.
Бу ишларга Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси ҳам муносиб ҳисса қўшмоқда. Хусусан, охирги беш йилда давлатимиз раҳбари ташаббуси асосида Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси томонидан 8 та замонавий болалар оромгоҳи қурилиб, фойдаланишга топширилди. Натижада ҳар йили қўшимча 9 минг болани соғломлаштириш имконияти яратилди.
* * *
“Сўх” болалар соғломлаштириш оромгоҳининг тантанали очилиш маросими Хотин-қизлар муаммоларини тизимли ҳал этиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича республика комиссияси томонидан Сўх туманидаги 27 та маҳалла, Фарғона туманидаги “Шоҳимардон” ва “Ёрдон” маҳаллалари ҳамда Риштон тумани “Чунғара” маҳалласидаги масъуллар ўртасида ташкил этилган “Энг яхши маҳалла раиси”, “Энг яхши сектор раҳбари”, “Энг яхши хотин-қизлар фаоли”, “Энг яхши ёшлар етакчиси”, “Энг яхши ҳоким ёрдамчиси” танловларининг туман миқёсидаги ғолибларини тақдирлаш тадбирига уланиб кетди.
Мазкур танловлар аҳоли муаммоларини “хонадонбай” ва “фуқаробай” ўрганиш ва уларни ҳал этишга кўмаклашиш, “Аёллар дафтари” тизими самарадорлигини таъминлаш ҳамда хотин-қизлар муаммоларини ҳал этишда ўзининг фидокорона меҳнати билан барчага намуна кўрсатган масъулларни муносиб рағбатлантириш мақсадида ўтказилди.
Танловнинг ҳар бир йўналишида 3-ўринни қўлга киритган ғолиблар диплом ва 20 миллион сўмдан пул мукофоти, 2-ўринни эгаллаганлар диплом ва 30 миллион сўмдан пул мукофоти, 1-ўринни қўлга киритган ғолибларнинг ҳар бирига диплом ва Президент совғаси — автомобиллар тантанали равишда топширилди.
* * *
Шу куни Сўх туманидаги марказий спорт майдонида туман аҳолиси учун маданий-маърифий тадбир ҳам ташкил этилди.
Ёзувчи-шоирлар, таниқли санъаткорлар иштирокидаги адабий-бадиий дастур иштирокчиларга хушкайфият улашди. Эл кайвонилари дориламон кунлар учун шукроналар айтиб, дуо қилди. Юрт равнақи йўлида хизматга шайланган ёшлар қалбида завқ-шавқ, зўр ғайрат жўш урди.
Муҳаббат Ўрмонбекова,
Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси Матбуот хизмати раҳбари.