Бу — Чирчиқ шаҳрининг “Янги Ифтихор” маҳалласида яшовчи Қаҳрамон Низомовнинг иқрори. Маҳаллада бир-икки йил аввал ҳам Қаҳрамон ака каби ўз маҳалласидан уялган, бугун эса фикрини ўзгартириб, маҳалласи билан фахрланадиган ртдошларимиз талайгина. Биз “Янги ифтихор” маҳалласидаги шарт-шароитларни ўз кўзимиз билан кўриш мақсадида Чирчиқ сари йўл олдик...

“Чирчиқни одамлар келиб ҳавас қиладиган шаҳарга, вилоятда намунага айлантиришимиз керак”

Давлатимиз раҳбари ҳудудларга ташрифи давомида аҳоли билан учрашиб, уларнинг муаммолари билан танишмоқда, фикрларини тингламоқда. Деярли ҳар бир ҳудудда Президентнинг халқ ичига кириб бораётгани, маҳаллалар ва хонадонлардаги шароит, одамлар турмуш тарзи билан шахсан қизиқаётгани янгилик бўлмай қолди.

Мана шу ташрифлар ва суҳбатлар чоғида ўртага чиққан муаммолар юзасидан тегишли топшириқлар берилиб, халқни рози қилиш йўлида янги уйлар бунёд бўлмоқда, ичимлик сув, иссиқлик тизими яхшиланяпти, боғлар ташкил қилиняпти. Шу билан бирга, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолига кўмак кўрсатиля пти. Натижада қийналган, умидсизликка тушиб қолган юртдошларимиз қалбида бугунги ислоҳотларга ишонч, умид ҳисси ошмоқда.

Жорий йилнинг март ойи. Наврўз чирчиқликлар ҳаётига чин маънода янги кунларни, янги орзу-умидларни бошлаб келди.

Байрам арафасида давлатимиз раҳбари Чирчиқ шаҳрига ташриф буюриб, ҳудуд билан яқиндан танишди. Маҳаллаларда бўлиб, шаҳар аҳли билан дилдан суҳбатлашди, кексалар ва беморлар ҳолидан хабар олди. Бу ташриф, айниқса, кўп миллатли “Янги Ифтихор” маҳалласи аҳолиси турмуш тарзида туб бурилиш ясади, яна ҳам тўғрироғи, бу воқеа маҳалла аҳли ҳаётида янги саҳифа очди.

Ташрифнинг эртасигаёқ Чирчиқ шаҳрини, жумладан, “Янги Ифтихор” маҳалласини ободонлаштиришга киришилди. Аввало, кўп қаватли уйларнинг ташқи кўриниши тартибга келтирилди. Кўп қаватли 16 та уйнинг коммунал тармоқлари ва ташқи қиёфаси янгиланди. Уйлар олдида болалар ўйингоҳлари, спорт майдончалари, автотураргоҳлар ташкил этилди. Йўлаклар асфальтланиб, кўчаларга чироқлар ўрнатилди, саломатлик ва велойўлаклар қурилди. Ҳудуд ободонлаштирилиб, майсазорлар барпо этилди. Маҳалла фуқаролар йиғини учун янги бино, унинг рўпарасида кутубхона қад ростлади. Ҳудуддаги 7-умумтаълим мактаби ҳамда 5-мактабгача таълим ташкилоти капитал таъмирланиб, замонавий қиёфага кирди. Болалар мукаммал таълим-тарбия олиши учун хоналарда барча шароит муҳайё қилинди.

— Президентимиз шаҳримизга ташрифи чоғида: “Чирчиқни одамлар келиб ҳавас қиладиган шаҳарга, вилоятда намунага айлантиришимиз керак”, дея таъкидлаган эди. Мана, ўзингиз кўриб турибсиз, қисқа фурсатда шаҳар мислсиз даражада ўзгарди, — дейди шаҳар ҳокими ўринбосари, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи Сайёра Файзиева. — 162 мингдан ортиқ аҳолига эга шаҳримизда муаммолар йиғилиб қолган эди. Барчаси бирма-бир ўз ечимини топмоқда. Муҳими, одамлар ислоҳотлардан мамнун, ўз ҳаётидан рози. Шаҳар бўйлаб 5 километр саломатлик ва велойўлаклар, 11 километр узунликда пиёдалар йўлаги қуриб битказилди. Бироқ иш ҳали тугамади. Йил якунига қадар бунга яна бир неча километр қўшилади. Шунингдек, дам олинадиган ва болалар майдончалари қурилди. Аҳоли саломатлигини ўйлаб қилинган бу хайрли ташаббус ҳадемай ўз самарасини беради, деб умид қиламиз.

“Хонадонбай” ишлаш орқали муаммоларга ечим топиляпти

Замонавий арка орқали гавжум кўчага ўтиб олдик. Кўча саранжом-саришта, кўп қаватли уйларнинг олди болалар шовқини билан файзиёб бўлиб турибди. Турли рангда товланаётган куз гуллари обод маҳалла кўркига кўрк қўшган.

Янги барпо этилган “Янги Ифтихор” МФЙ биноси атрофи ҳамиша гавжум. Чунки мактаб ва боғча — ҳудудга ёндош. Бунинг устига, МФЙ биноси рўпарасидан янги кутубхона ҳам жой олди. Бу рамзий маънода ҳам маҳалла биноси ва кутубхона атрофида халқни жипслаштиришга хизмат қилади.

“Янги Ифтихор” маҳалласида 3 мингдан зиёд аҳоли яшайди. Шундан 420 нафари 18-30 ёшлилар. Бугунги кунда ҳудудда барча қулайликларга эга 7, 9, 16 қаватли уйлар қурилмоқда. Мазкур маҳаллага ёндош ҳудудда 4 сотихли 2 қаватли коттежлар ҳам бунёд бўлмоқда. Маҳалла раиси Дилшод Етмишовнинг мамнуният билан таъкидлашича, бу — бугунги ислоҳотлар самараси. Уйлар қуриб битказилса, маҳалла янада гавжумлашади.

— Маҳалламизда аҳолининг ижтимоий ҳимоясига алоҳида эътибор қаратилади, — дейди Д.Етмишов. — “Хонадонбай” ишлаш тизими орқали кўп муаммоларга ечим топиляпти. Ким қандай яшаяпти, қўни-қўшни билан муносабати қандай, маҳалламиз учун қандай ташаббус билан чиқяпти, элу юртга нафимиз тегиши учун қандай бирлашишимиз керак — барча саволларимизга жавоб топиляпти. Энг муҳими, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”нинг йўлга қўйилгани маҳаллалардаги аҳоли қандай кун кечираётганини аниқлашда қулай имконият яратди. Дафтарлар орқали қанчадан-қанча одамнинг ҳаётида ижобий ўзгаришлар бўлди: кредит ва субсидия ажратилди, бандлиги таъминланди, тиббий кўмак кўрсатилди. Бир мисол айтай. Ҳудудимизда яшовчи Индира Шўлдирбоева сартарошликка қизиқади. У 33 миллион сўм кредит олиб, сартарошхона хизматини йўлга қўйди. Наргиза Акбарова эса шаҳар ободонлаштириш бўлимига ишга жойлаштирилди. Гулбиби Азимовага кўзининг операцияси учун пул ажратилди. Улар орасида тикув машиналари берилиб, чеварчилик билан машғуллари бор. Бир сўз билан айтганда, маҳалламиз ҳам ободликка юз тутди, ҳам ижтимоий ҳимоя масаласи анча илгарилади. Буларнинг бари мамлакатимиздаги оқилона сиёсат туфайли, десам муболаға бўлмайди. Бу биргина менинг эмас, маҳалладошларнинг ҳам эътирофи.

“Баъзан “Ифтихор” маҳалласида яшайман”, дейишга уялганман”...

Одам ўз уйида кўзга сезилмас ўзгариш қилса ҳам ҳаётига фараҳ инади. Ҳатто гулзорига суқилган бир туп гул ёки томорқасидаги дарахтнинг илк нишонаси ҳам неча кун, неча ойлаб кайфиятини чоғ қилади. “Янги ифтихор”даги янгиланиш эса ҳудудда яшовчи аҳолига кўтаринки кайфият бахш этган. Буни одамларнинг юз-кўзидаги ифодалардан илғаб олиш қийин эмас.

Қаҳрамон НИЗОМОВ,  “Янги Ифтихор” маҳалласи фаоли:

— Шу маҳаллада яшаётганимизга йигирма йилдан ошди. Шаҳар маҳалласи бўлишига қарамай, қаров йўқ, кўчалар ўнқир-чўнқир, оқшом тушиши билан одамнинг юраги орқага тортарди. Йиллар давомида “Ифтихор” маҳалласида тураман”, деган гапни айтишга уялиб яшадик. Бугун, аксинча, “Янги Ифтихор” маҳалласида яшайман”, дейишдан ифтихор туйяпмиз, ким келса, очиқ чеҳра билан кутиб оламиз. Тўғрисини айтсам, маҳалладан кўчиб кетганлар яна қайтиб келиш ҳаракатига тушиб қолди. Мактаб ва боғчани қаранг. Невараларим шундай шароитларда таълим-тарбия олади. Ҳовлида болалар майдончаси бор, невараларимдан кўнглимиз тўқ, бемалол пастга тушиб ўйнайди. Яхшики, уйимизга харидор чиқмади. Шундай шароит ва имкониятни кўриб, сотганимизга афсус қилардик.

Ҳа, Қаҳрамон аканинг самимий айтганича ҳам бор. Аввало, унинг уйи маҳалладаги шароит ҳаминқадар бўлгани учун сотилмади. Сотилмаганида ҳам ҳикмат бор экан. Маҳалладаги ўзгаришлардан сўнг одамлар кўчиб кетишга эмас, шу ҳудудга кўчиб келиш тараддудига тушган.

— Кўриб турганингиздек, салкам харобазор бўлиб қолган маҳалла ўрнида кўз кўрса ишонмайдиган янги маҳалла бунёд бўлди, — дейди ўн етти йилдан буён шу маҳаллада истиқомат қилувчи фуқаро Малика Абсалимова. — Янги кутубхонанинг қад ростлагани фарзандларимиз, маҳалламиз нуронийлари учун айни муддао бўлди. Ҳатто қўшни маҳаллалардан ҳам китобхонлар келиб туради. Етмиш ёшни қоралаб қолган Шавкат бобо асли ён маҳалламизда турса ҳам ўзимизнинг маҳалладошдай бўлиб кетди. Кунда-кунора кутубхонада ёки йўлакдаги ўриндиқда китоб ўқиб ўтирганини кўраман. Бу каби нуронийлар ўсиб келаётган ёш авлодга ўрнак бўлади. Бундай муҳитда улғайган болалар эртага эл корига ярайдиган, миллатни, Ватанни ўйлайдиган болалар бўлиб етишади. Барчаси учун мана шу савобли ишга бош қўшганлардан миннатдормиз. Яна бир гап: маҳалламиздаги имкониятлардан унумли фойдаланиш, яратилган шароитларга муносиб бўлиш энди ўзимизга боғлиқ. Асраб-авайласак, фарзандларимизга ўрнак бўлсак, маҳалламиз янада файзиёб бўлиб бораверади, саришта жойда эса, табиийки, тинчлик-хотиржамлик, барака бўлади.

“Нажот таълимда, илмда”

Миллат фарзандларининг билим ва тафаккур салоҳиятини ошириш учун шароит ва имконият керак. “Янги и фтихор”да камолга етаётган ўғил-қизлар неча йиллик орзуларига етди. Ҳудуддаги 1 минг 550 ўринли 7-умумтаълим мактаби капитал таъмирдан чиқиб, ўқувчиларнинг таълим-тарбия олиши учун замонавий қиёфага кирди. Фан хоналари керакли жиҳозлар билан таъминланди, замонавий лаборатория асбоблари ўрнатилди. Ўқувчиларнинг хориж тилларини пухта ўзлаштириши учун ўқув-кўргазма қуролларидан ташқари, яккалик столстуллар келтирилди.

Давлатимиз раҳбари мазкур мактабга қайта ташриф буюриб, унда яратилган шароитлар билан танишди. “Сизлар замонавий билим олиб, эртага янги Ўзбекистоннинг муносиб ворислари бўлиб улғайишингиз учун ҳамма шароитларни яратамиз. Яхши ўқиб, соғлом бўлиб улғайинг, менинг ниятим — шу. Чунки нажот — таълимда, билимда”, дея таъкидлади Президентимиз.

Мавжуда АШИРОВА, 7-умумтаълим мактаби директори:

— 52 йилдан буён таълим тизимида ишлайман. Фаолиятимнинг 22 йили айнан шу мактаб билан боғлиқ. Ўтган йиллар мобайнида мактаб биносини, синфхоналарни таъмирлайвериб эсимиз кетди. У ёғини таъмирласак, бу ёғи таъмирталаб, бу ёғига қарасак, у ёғи... Тўрт қисмдан иборат бинонинг бир қисми жой йўқлиги туфайли болалар мусиқа санъат мактабига ажратиб берилганди. Бунинг устига, ўқувчилар қамрови кенг, таълим жараёни икки сменада эди. Тушдан сўнг ўқийдиган ўқувчиларнинг дарслари шомга қадар чўзилиб кетар, қиш-қировли кунлари ўқитувчиларнинг хавотиру ташвиши ортарди. Йўлаклар қоронғу, кўча чироқлари йўқ, бори ҳам ёритмасди.

Давлатимиз раҳбарининг шахсан ташаббуси билан барча муаммоларга барҳам берилди. Болалар мусиқа ва санъат мактаби учун янги бино қурилди. Бизнинг муассасамиз капитал таъмирдан чиқди. Кенг, қишда иситиш муаммо бўлган хоналар ўртасидан бўлиниб, бугунги стандартларга мос ўқув хоналарига айлантирилди. Энг қувонарлиси, ўқувчилар энди бир сменали тартибда таълим олмоқда.

Мактаб стадионида бошланғич ҳамда юқори синф ўқувчиларининг физиологик хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда, алоҳида-алоҳида баскетбол майдончалари қурилгани кичик ёшдаги ўқувчиларнинг ҳам спортга бўлган қизиқишини оширмоқда.

Мактабимизга ота-оналар ташрифи кўпайган. Ўқувчиларнинг руҳи кўтарилган. Ўтган ўқув йили билан бу йилгиси ўртасидаги фарқ биз — педагогларга сезиляпти.

Ўқувчимиз Абдулазиз Чориев фан олимпиадаси шаҳар босқичида математикадан 1-ўринни қўлга киритди. Моҳинур Бўриева “Гиёҳвандлик — аср вабоси” иншолар танловида вилоятда 1-ўринни олди. Зарифа Орзиқулова эса “Она тилим — фахрим” танловининг шаҳар босқичида 3-ўринга муносиб кўрилди. Ўқувчиларнинг спортга қизиқиши юқори. Улар эришаётган муваффақиятлар маҳалла ва мактабимизнинг ҳам ютуғи. Мактабимиз ихтисослашган мактаблар билан беллашадиган даражага етди. Бироқ бу ҳаракатларимиз кам. Яратилган шароитларни оқлаш, мамлакатимиздаги етакчи умумтаълим мактаблари қаторидан жой олиш учун тинимсиз ишлашимиз, ҳаракат қилишимиз лозим.

Янги иш ўринлари яратилди

Мактабдан чиқиб, равон йўлак бўйлаб юриб кетдик. Дарсдан қайтаётган ўқувчилар, ёш фарзандини тоза ҳавога олиб чиққан оналар, бобо-бувилар — барчасининг муомаласида шира, кийинишида тартиб бор.

“Барибир юксак эътибор одамларга ҳам ўз таъсирини ўтказар экан”, дейди кўнглимиздан ўтганини сезгандай ҳамроҳимиз Сайёра Файзиева.

Мактабдан сўнг яна бир бино эътиборимизни тортди. Икки қаватли, янги таъмирдан чиққани яққол сезилиб турган бино маҳалла боғчаси — 5-МТТ экан. Ҳовлида бизни муассаса раҳбари Мадина Худойберганова қарши олди.

— Сизларни ҳам фарзандини боғчага бериш истагида келган ота-оналардан деб ўйлабман, — дея кулди Мадина Худойберганова. — Муассасамизга талаб кундан-кун ортиб боряпти. Шаҳарнинг бошқа маҳаллаларидан ҳам “болам шу боғчада тарбиялансин”, деб келаётган ота-оналарнинг қадами узилмайди.

Аслида, боғчамиз 280 ўринли эди. Янги таъмирдан сўнг қўшимча хоналар қурилди ва қамров 360 тага етказилди. Энг муҳими, аввал бир хонада болалар ҳам таълим-тарбия олган, ҳам овқатланган бўлса, эндиликда янги ошхона болажонлар ихтиёрига топширилди. Улар икки навбат билан янги ошхонада овқатланадиган бўлди.

Мадина Худойберганованинг айтишича, қамров кенгайиши билан боғчада қўшимча янги иш ўринлари ҳам яратилди. Спорт ва хорижий тилларни ўргатиш учун янги тўгараклар фаолияти йўлга қўйилмоқда.

Шоира Оллобердиева, Адиба Раҳимова, Гулмира Амирова, Севара Аҳмедова, Гулзайнаб Турсунқулова, Умида Каримова каби тажрибали педагоглар таълим-тарбия жараёнини қизиқарли ташкил этиш учун ўз устида ишлайди. Айни пайтда уларнинг барчасида бир мақсад — берилган эътиборни муносиб даражада қадрлаш, ҳалол меҳнат билан оқлаш.

Уйингизда тўйлар бўлсин!

Биз “Янги ифтихор” маҳалласи ёки Чирчиқ шаҳридаги ободликка юз тутаётган манзиллар — шаҳар маданият саройи, кўп қаватли уйлар, саломатлик йўлаклари, жумладан, аҳоли турмуш тарзидаги ўзгаришлар, янгиланишлар ҳақида кўп ёзишимиз мумкин.

Сафаримиз якунида “Янги ифтихор” аҳлига янги қиёфага кирган маҳалла қутлуғ бўлсин, Қаҳрамон ака каби маҳалла нуронийларига “Уйингизда тўйлар бўлсин”, дея тилак билдириб, ортга қайтдик.

Башорат Юнусова,

“Янги Ўзбекистон” мухбири

Ҳаким Йўлдошев олган суратлар.