Мамлакатимизда илм-фанни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш, жумладан, ёш олимлар учун замонавий шарт-шароит яратиш, эришилган тадқиқот натижалари ва инновацион ғояларни ишлаб чиқариш жараёнига татбиқ этиш борасида кенг имконият яратилмоқда. Хорижнинг етакчи олий таълим муассасалари, нуфузли “ақл марказлари”, илмий уюшмалар билан тўғридантўғри ҳамкорлик ўрнатилиб, жаҳондаги илғор тажрибалар амалиётга жорий этилмоқда.
Яқинда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ҳузурида янги услубдаги қатор илмий-тадқиқот институтлари ташкил қилинди. Назарий ва амалий лингвистика, Адабиётшунослик, Таржимашунослик, Хорижий тилларни ўқитиш методикаси, Медиа ва коммуникация, Экология, Валидация, Ижтимоий жараёнларни ўрганиш илмий-тадқиқот институтлари шулар жумласидан. Уларнинг очилишида бир неча ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар, жумладан, Президентимизнинг 2017 йил 1 ноябрдаги “Илмий-тадқиқот муассасаларининг инфратузилмасини янада мустаҳкамлаш ва инновацион фаолиятини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори муҳим асос бўлиб хизмат қилди.
Бундай ўзгаришлар ёш олимларнинг халқаро доирадаги бир неча йиллик ҳамкорлик муносабатлари, тажриба алмашувлар, ўрганишлар, таҳлил ва хулосаларга асосланган бўлиб, асосий мақсад юртимизда таълим сифатини янада оширишга қаратилган. Ўз йўналиши бўйича ушбу илмий-тадқиқот институтларининг нафақат юртимизда, балки Марказий Осиёдаги бошқа мамлакатларда ҳам муқобили йўқ. Масалан, тасдиқланган низомга мувофиқ, Валидация илмий-тадқиқот институти олдига юртимизда хорижий тиллар таълимини сифат жиҳатидан жаҳон стандартларига олиб чиқиш вазифаси қўйилган. Назарий ва амалий лингвистика илмий-тадқиқот институти юртимизда тилшунослик соҳасидаги илмий назарий ва амалий масалаларни ечиш, соҳа ривожига доир бошқа чора-тадбирларни амалга ошириш билан шуғулланади. Институт фаолияти давомида профессионал илмий журнал ва рисолаларда илмий мақола, монографияларни чоп эттириш юзасидан чегирмалар бўйича музокаралар олиб боради.
Назарий ва амалий тилшунослик соҳасини янада такомиллаштиришга хизмат қилади. Бундан ташқари, йиллик конференцияларда таянч докторант, докторант, мустақил изланувчи, стажёр-тадқиқотчи изланувчи ва ўқитувчилар иштирокини қўллаб-қувватлаш учун жамғарма ташкил этилади.
Мазкур йўналишдаги ишларни чуқурлаштириш эҳтиёжи жуда юқори. Сабаби, чет тилларни ўқитиш методологияси ва амалий тилшунослик йўналиши бўйича университетимизнинг халқаро алоқалари фаол ривожланмоқда. Хусусан, жаҳондаги элликдан зиёд мамлакат олимларини ўзида бирлаштирган Америка амалий лингвистика уюшмаси билан яқин ҳамкорлик ўрнатилди. Ўзбекистонлик тадқиқотчилар мазкур нуфузли илмий ташкилотга тенг ҳуқуқли аъзо бўлиб кирди. Шу билан бирга, уларнинг инновацион ишланмалари дунёнинг етакчи тилшунослари томонидан эътироф этилаётгани қувонарли ҳол.
Назарий ва амалий лингвистика илмий-тадқиқот институти соҳа олимлари, докторант, таянч докторант, мустақил изланувчи, стажёр-тадқиқотчи, магистрант ва иқтидорли талабалар билан ҳамкорликда илмий изланишлар олиб боради. Янги маълумотларни тарқатиш ва алмашиш, амалий тилшунослик бўйича илмий янгиликлар юзасидан тарғибот-ташвиқотни йўлга қўяди.
Шунингдек, профессор-ўқитувчиларнинг касбий ва илмий лаёқатини такомиллаштириш мақсадида кафедраларнинг устувор илмий йўналишларини қайта кўриб чиқиш ва бойитиш, университет методистлари ҳаммуаллифлигида мақола, монография, дарслик, ўқув қўлланмалар яратиш ва нашр этиш билан шуғулланади.
Медиа ва коммуникация илмий-тадқиқот институти ҳам ўз фаолияти бўйича юртимизда ягонадир. У журналистика соҳасида тадқиқот олиб борадиган хорижий олий таълим муассасалари, илмий-тадқиқот институтлари билан ҳамкорлик ўрнатган ҳолда, мавжуд тажрибаларни ўрганади ва энг илғорларини амалиётга жорий этади.
Бундан ташқари, медиа ва коммуникация соҳасида илмий электрон журнал ташкил этиш режалаштирилган. Ушбу илмий мактаб фаолияти, соҳада олиб борилаётган янги илмий изланиш ва тадқиқотлар етарли даражада қўллаб-қувватланади. Хусусан, ёш олимларнинг мақолаларини етакчи халқаро нашрларда чоп этиш жараёнини тизимлаштириш, халқаро анжуманлардаги иштирокини таъминлаш, илмий тадқиқотларни бевосита молиялаштириш йўлга қўйилади.
Юқори даражадаги интеллектуал салоҳиятга эга илмий ижодий кадрлар тайёрлашга бевосита хизмат қиладиган ўқув лабораторияларининг моддий-техник базаси ҳозирги замон талабларига жавоб беришига эришиш кўзда тутилмоқда.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, университет ҳузурида ташкил этилган янги илмий-тадқиқот институтлари мамлакатимиздаги таълим сифатини оширишга ўзига хос ҳисса бўлиб қўшилади. Бунинг учун олимларимизнинг куч-ғайрати, билим ва тажрибаси етарли.