Унда Сенат томонидан парламент назорати доирасида ҳудудларда янги иш ўринларини яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш ишлари доимий равишда ўрганиб борилаётгани қайд этилди.
Таъкидланганидек, маҳаллаларда ҳоким ёрдамчилари, ёшлар етакчилари ва хотин-қизлар фаолларининг кўмагида 583,4 минг меҳнатга лаёқатли кишига меҳнат органлари томонидан бандлик хизматлари кўрсатилиб, улардан 291,3 минг кишининг бандлиги таъминланган.
«Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»га киритилган 23,9 минг нафар ишсиз фуқарога 58,2 миллиард сўм миқдорида субсидия ажратилган. Хусусан, Қорақалпоғистон Республикасида 23,8 минг ва Хоразм вилоятида 46,8 минг нафар фуқаро 70 та фаолият йўналишида ўзини ўзи банд қилган.
Мамлакатимизда ишсиз фуқаролар, айниқса, хотин-қизлар ва меҳнат бозорига илк бор кириб келган битирувчилар бандлигини таъминлаш ва уларни тадбиркорликка кенг жалб этиш, шунингдек, норасмий бандликни камайтириш бўйича янги таъсирчан механизмлар жорий этиляпти.
Жорий йил 1 ноябрдан бошлаб ўзини ўзи банд қилишдаги фаолият турлари яна ўнтага кўпайтирилди. 2023 йилдан бошлаб якка тартибдаги тадбиркорлар билан меҳнат муносабатларида бўлган жисмоний шахслар учун ижтимоий солиқ миқдори камайтирилади. Шахсий томорқа ер участкасида ўнга яқин фаолият турлари билан шуғулланаётган фуқароларга ҳам кафолатланган меҳнат стажига эга бўлиш имконияти берилади.
Бу имкониятлардан мазкур ҳудудларда ҳам кенг фойдаланиш зарурлиги қайд этилди.
Муҳокама жараёнида сенаторлар ижобий ишлар билан бир қаторда ушбу ҳудудлардаги камчилик ва муаммоларга ҳам эътибор қаратди.
Қайд этилишича, халқ депутатлари шаҳар ва туманлар Кенгашларида янги иш ўринларини яратиш, аҳоли бандлигини таъминлаш ишлари тизимли равишда ҳар ой натижалари бўйича муҳокама этилмаган.
Республика вазирлик ва идоралари ҳамда вилоят ҳокимликлари томонидан тақдим этилаётган маълумотлар ўртасида ҳамон номутаносибликлар мавжуд. Иш ўринлари тўғрисидаги ҳисоботни шакллантиришда такрорланувчи рақамларни олиб ташлаш, солиқ органи ва Ягона миллий меҳнат тизими (ЯММТ) электрон маълумотлари базасига мувофиқлигини таъминлаш вазифаси бажарилмаган.
Айрим маҳаллаларда ҳоким ёрдамчиларининг ишга муҳтож аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги ишлари талаб даражасида эмас.
Ҳунармандчиликни жадал ривожлантириш учун янада қулай шарт-шароит яратиш бўйича берилган имкониятлардан фойдаланиш ишлари ўз ҳолига ташлаб қўйилган. Ушбу йўналишда фаолиятини тўхтатган тадбиркорлар ҳам иш ўринлари ҳисоботларида кўрсатилган. Бундан ташқари, фаолияти тўхтаган ҳунармандларга шогирдлар бириктирилгани ҳам ҳисоботларда акс этяпти.
Аукцион орқали сотилган ер майдонларида деҳқон хўжаликларини ташкил этиш ва давлат рўйхатидан ўтказиш ишлари қониқарли эмас.
Шунингдек, муҳокамалар давомида сенаторлар томонидан халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларига янги иш ўринларини яратиш, аҳоли бандлигини таъминлаш масалаларини маҳаллабай ишлаш тизими асосида ўрганиш ва сессияларда танқидий муҳокама қилиш бўйича тавсиялар берилди.
Кўриб чиқилган масала юзасидан Сенат қарори қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати.