Сенатнинг ўттиз бешинчи ялпи мажлисида Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрида янги иш ўринларини яратиш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича амалга оширилган ишлар бўйича ўтказилган ўрганиш натижалари муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, «маҳаллабай» ишлаш тизими ва ҳоким ёрдамчилари институтининг жорий этилиши, ҳудудлардаги муаммоларнинг имкон қадар тезроқ бартараф этилиши, аҳоли муаммолари тизимли ўрганилиши, долзарб масалаларнинг ўз вақтида тўлиқ ҳал этилишига замин яратяпти.
Хусусан, ҳоким ёрдамчилари тавсиялари асосида оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида 306 мингта лойиҳага 7,2 триллион сўм имтиёзли кредит, 17,3 мингга яқин фуқарога тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ва томорқа хўжалигида банд бўлиш мақсадида 84,4 миллиард сўм субсидия маблағлари ажратилган. 326,5 минг киши бўш (вакант) иш ўринларига жойлаштирилган ва 112 мингга яқин фуқаро касб-ҳунарга, тадбиркорлик кўникмаларига ўқитилган.
Муҳокамалар жараёнида ҳудудий дастурлар доирасида Тошкент вилоятида 431 та ва Тошкент шаҳрида 128 та инвестиция лойиҳаси ишга туширилгани, бунинг натижасида 14,5 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилгани таъкидлаб ўтилди. Тошкент вилоятида 49,9 минг ва Тошкент шаҳрида 46,1 минг фуқаро 70 дан ортиқ фаолият йўналишида ўзини ўзи банд қилган.
Сенат аъзолари аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги ижобий ишлар билан бир қаторда айрим камчилик ва муаммоларнинг мавжудлигига, жумладан баъзи туман (шаҳар)ларда йиллик бандлик дастури ижроси орқада қолаётганига, тегишли ишларни мувофиқлаштириб борувчи штабларнинг фаолияти самарали ташкил этилмаганига эътибор қаратди.
Таъкидланганидек, иш ўринлари тўғрисидаги умумий ҳисоботни шакллантиришда кўрсаткичларнинг давлат солиқ органлари ва «Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро дастурий-аппарат комплекси маълумотлари базасига мувофиқлиги тўлиқ таъминланмаган.
Шунингдек, «Уста-шогирд» анъаналари асосида ёшларга касб-ҳунар ўргатаётган ҳунармандларга шогирдлар тайёрлаш, зарур хомашё сотиб олиш ва шогирдларни иш ҳақи билан таъминлаш мақсадида аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш жамғармасидан субсидия маблағларини ажратиш тизимли йўлга қўйилиши зарурлиги, шунингдек, Тошкент вилоятида ер участкаларини «e-auksion.uz» электрон савдо платформасига жойлаштиришни янада самарали ташкил этиш лозимлиги кўрсатиб ўтилди.
Айниқса, шаҳар ва туман Кенгашларида халқ депутатлари янги иш ўринларини яратиш, аҳоли бандлигини таъминлаш ишларини тизимли равишда ҳар ой натижалари бўйича муҳокама этиш ва тегишли чоралар кўриш бўйича таъсирчан механизмларни ишлаб чиқиши зарурлиги таъкидланди.
Сенаторлар томонидан халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларига янги иш ўринларини яратиш, аҳоли бандлигини таъминлаш масалаларини маҳаллабай ишлаш тизими асосида ўрганиш ва сессияларда танқидий муҳокама қилиш, ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахслар учун банд қилиб қўйилган (квота) иш ўринларидан самарали фойдаланиш бўйича тавсиялар берилди.
Муҳокамаларда урғу берилган масалалар ечимига оид таклифлар Сенатнинг қабул қилинган қарорида ўз аксини топди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати.