Мамлакатимиз тарихида илк бор Миллий ўқув дастури асосида 2021-2022 ўқув йили учун 1-2 синф Табиий фанлар дарслиги амалиётга жорий этилди.

“Табиий фанлар — илм-фан оламига илк қадам” мавзусидаги тақдимотда таълимни ҳаётийлаштириш ва мазкур дарсликларидаги асосий кўникмалар, 1-2-синф Табиий фанлар дастурини амалиётга жорий қилишда эришилган ютуқ ва натижалар, бу борада Марказ томонидан амалга оширилган ишлар кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола этилди.

Жорий йилда янги ўқув йили учун 7 та тилда ўқитувчилар учун методик қўлланма билан жами  8 номдаги  3-ва 6-синф Табиий фанлар дарсликлари тайёрланди. 3-синф Табиий фанлар 728 330 тиражда, 6-синф Табиий фанлар дарслиги 723 716 тиражда нашр этилади.

Шунингдек янги ўқув йили учун 7, 10-синфларнинг 16 номдаги Кимё, Биология, Физика, География дарсликлари тайёрланиб, улар қарийб 6 миллион тиражда босилади. Таббий фанлар кимё, биология, физика, география фанларини яхши ўзлаштиришга пойдевор бўлади. Эътиборли жиҳати дарсликларни яратиш жараёнига 20 дан ортиқ маҳаллий мутахассислар, асосан амалиётчи ўқитувчилар жалб қилинди. Табиий фанлар учун Миллий ўқув дастури, стандартлар ва дарсликнинг тайёрланишида ЮНИСЕФнинг халқаро эксперти Филиппа Гардон Ҳалм иштироки ҳам дарсликнинг муваффақиятидан бири бўлди.

Халқаро эксперт Филиппа Гардон Ҳалм компетенсияга йўналтирилган тажриба жаҳонда илғор тажриба сифатида кўрилиши ва дарслик болаларда далилларга таянган ҳолда қарорлар қабул қилишга хизмат қилиши кераклиги ҳақида тушунтирар экан:

“Масалан, агар ўқувчилар иқлим ўзгариши ҳақида яхши билсалар автомобил ўрнига велосипед сотиб олиш керакдир ёки жамоат транспортидан фойдаланиш маъқул, деган хулосага кела оладилар. Улар одамлар одатда қандай қарор қабул қилишига қараб эмас, танқидий фикрлаш орқали қарор қабул қилишга ўрганадилар”, — дея таъкидлади.

Умумий ўрта таълимнинг 1-6-синфлари учун мўлжалланган Science фани бир нечта фанларни бирлаштирган ва STEAM тизими асосида кўплаб ижтимоий, иқтисодий фанлар билан интеграцияни таъминлаган.

Билим ва кўникмаларни спиралсимон усулда оддийдан мураккабга томон ривожлантириб бориш кўзда тутилгани ҳисобига ўқувчилар оламнинг яхлит, ажралмас, бир бутунлигини англаб боради.

Бундан ташқари, яратилаётган дарсликка ҳар бир бобнинг мавзусидан келиб чиқиб, содда кундалик турмушда учрайдиган қизиқарли мавзулар, тажрибалар киритилди. Энди болалар “Ўқув лойиҳаси” деб номланган амалий машғулотда ўзлари кичик тажрибалар ўтказиб кўришади. Масалан, 1-синфларга 1 ўқув йили учун 1 та амалий топшириқ, гул экиш ва уни парваришлаш вазифаси берилган. Ўқувчилар ўзлари эккан гулдаги ўзгаришларни йил давомида кузатиб, натижани дафтарларига қайд этиб борадилар, устозлари ва синфдошлари билан ўртоқлашадилар.

Анъанавий ёндашувга асосланган дарсликларда аввал матн, кейин саволлар берилган бўлса, Science дарслигида ўқувчининг мантиқий фикрлаш қобилиятини ривожлантириш мақсадида аввал саволлар берилиб кейин матн келтирилган. Маълумотларнинг аксарият қисми эса матн кўринишида эмас расм ёки иллюстрациялар кўринишида. Бу болаларда ҳар хил манбаларни тушуна олиш, мавзуга креатив ёндашиш кўникмасини шакллантиради.

Дарсликнинг дизайни ҳам жаҳоннинг илғор тажрибаларига асосланган ҳолда яратилмоқда. Профессионал рассомлар томонидан дарсликка ишланаётган расмлар эса болаларга мавзунинг мазмунини тўлиқ англаб етишга кўмаклашади.

Дарслик материалларининг аудио ва видео вариантлари ҳам мавжуд бўлиб, улар илк бора AR тўлдирилган борлиқ тизимига жойлаштирилди. Агар смартфон дарслик муқовасидаги QR кодга тутилса, болалар ўзлари ўрганаётган объектнинг ҳаракатланиб турганини кўришлари, товушини эшитишлари ёки ўша объектнинг бошқа хусусиятлари билан танишишлари мумкин бўлади. Дарсликка қўшимча равишда машқ дафтари ҳамда ўқитувчи китоблари ҳам яратилди. Дарслик учун яратилган машқ дафтарида абстракт фикрлаш ва тасаввурлар ўртасидаги боғлиқликни ривожлантиришга қаратилган расмли топшириқлар берилган.

Республика таълим маркази

Ахборот хизмати