Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг Президентимиз раислигида шу йил 22 декабрь куни ўтказилган кенгайтирилган йиғилиши маънавий ҳаётимизда янги ислоҳотлар даврини бошлаб бериши шубҳасиз. Ушбу тарихий учрашувда маънавият, маърифат, маданият, санъат, адабиёт ва ижод соҳаларидаги ишлар танқидий-таҳлилий руҳда муҳокама қилиниб, келгусидаги устувор вазифалар белгилаб берилди.
Давлатимиз раҳбари ўз лавозимига киришганининг дастлабки кунлариданоқ иқтисодиётни янада ривожлантириш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар билан бирга, халқимизнинг маънавий савиясини юксалтириш, онгу тафаккурини ўзгартириш, умуман, янги замон кишисини тарбиялаш масаласига алоҳида эътибор қаратиб келмоқда.
Ижодкор зиёлилар билан 2017 йил 3 августдаги учрашув, Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг 2021 йил 19 январда ўтказилган йиғилишидаги мулоқотлар, Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишларида белгиланган вазифалар ижроси юртимизда маънавий-маърифий ишларни янада кучайтиришда муҳим ўрин тутяпти.
Хўш, маънавият, маърифат, маданият, адабиёт соҳалари ривожига нега бу қадар жон куйдирилмоқда? Нима учун одамларимиз онгу қалбини бойитиш, маданий савиясини ошириш масалалари давлат сиёсати даражасига кўтарилди? Нега айни жабҳага триллионлаб маблағ йўналтириляпти? Боиси, ушбу йўналишдаги ислоҳотларгина инсонларда ҳаётга қарашни ўзгартира олади, эртанги кунга ишончни, эл-юрт тақдирига дахлдорлик туйғусини мустаҳкамлайди. Қайси соҳада бўлмасин, белгиланган вазифаларни шунчаки, қўл учида ёки худди роботлардай ҳиссиз, сезгисиз бажаришни эмас, уларни онгли равишда, тафаккур чиғириғидан чуқур ўтказиб, қалб амри билан, виждонан, ҳалол, мукаммал адо этиш кўникмасини тарбиялайди.
Бу хислатлар, фазилатлар эса янги Ўзбекистонни бунёд этиш, Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш йўлидан дадил одимлаётган халқимизга ниҳоятда зарур.
Қолаверса, дунё уммондаги хасдек ҳар лаҳзада қалқиб турибди. Президентимиз таъбири билан айтганда, бугун жаҳон миқёсида тараққиёт суръатлари мисли кўрилмаган даражада шиддатли тус олмоқда. Айни вақтда азалий қадриятлар, ижтимоий-сиёсий қарашлар тизимида чуқур трансформация жараёнлари юз бермоқда. Илгари ўз мақсад ва манфаатларини, асосан, дипломатия ва сиёсат билан ҳимоя қилиб келган дунёдаги қудратли марказлар энди очиқчасига босим ўтказиш, қарама-қаршилик ва тўқнашувлар йўлига ўтган.
Бундай кескин шароитда ватанпарварлик туйғуси юксак, мақсади, ҳаётга қарашлари қатъий, нигоҳи тийрак, иродаси бақувват, эртанги кунга ишончи мустаҳкам халққина кўзлаган ниятларига эриша олади. Бу ўлмас ҳақиқат шонли ўтмишимизда неча бор исботланган.
Тарих сабоқлари кўрсатадики, халқнинг жаҳон саҳнидаги ўрнини бутунлай ўзгартириб юборган катта жангларда аскарларнинг маънавий даражаси юксаклиги, эътиқод ва иродаси мустаҳкамлиги, жанговар руҳи баландлиги, ёвқурлиги, ватанпарварлиги, ҳамжиҳатлиги ҳал қилувчи аҳамият касб этган.
1526 йилда юз минг лашкар, шунингдек, жанговар филларга эга қўшинни 12 минг аскар билан енгиб, Ҳиндистонни забт этган Бобур бобомиз сўзларимизга мисол бўла олади. Мазкур жангда улуғ саркарданинг маҳорати билан бирга маънавий маслаги, аскарларида жанговар руҳни, келажакка ишончни, қатъиятни, мадрлик ва жасоратни тарбиялай олгани, бирдамликни, жипсликни қарор топтира билгани муҳим роль ўйнаган.
Тарихда қайсики қўшин маънавий тарқоқ, жангчилари руҳияти, имони суст, ахлоқий даражаси тубан бўлса, албатта, улар орасидан бирор сотқин чиққан, алал-оқибат шиддатли муҳораба бой берилган, халқ қулликка, мутеликка маҳкум қилинган. Бундай тақдир сабаб ҳатто номи тарих саҳифаларидан ўчиб кетган миллатлар ҳам, афсуски, кам эмас.
Шу боис, халқимиз ёшларни тарбиялашда, жисмини чиниқтириш билан бир вақтда маънавий-руҳий баркамоллигига алоҳида эътибор қаратган. “Билаги зўр бирни йиқар, билими, юраги зўр мингни”, “Одоб — олтиндан қиммат”, “Бирлашган ўзар, бирлашмаган тўзар” каби мақоллар ана шундай ёндашувлар маҳсули.
Бугунги мураккаб замонда ёшларни тарбиялашда теран илдизлардан сув ичган азалий қадриятларимиз билан бирга, уларни маънавий уйғотадиган, келажакка руҳлантирадиган, кўнгил кўзини очадиган, миллий ғурурини юксалтирадиган бадиий асарларга, кино ва спектаклларга, дилтортар куй-қўшиқларга, амалий ва тасвирий санъат намуналарига эҳтиёж тобора ортиб бормоқда.
Президентимиз тарихимизда Ватан ва халқ тақдирига нисбатан таҳдидлар кучайган вазиятда айнан миллат фидойилари — уйғоқ қалбли зиёлилар, шоир ва адиблар, санъат намояндалари, маънавият ва маърифат соҳаси ходимлари жасорат билан майдонга чиққанини таъкидлар экан, ХХ аср бошларида халқимизни озодлик ва илм-маърифат учун курашга чорлаган жадид боболаримизни эслади. Мамлакатимиз ўз тараққиётининг янги, юксак босқичига кираётган ҳозирги пайтда бизга жадидлар каби Ғарб илм-фани ютуқлари билан бирга, миллий қадриятлар руҳида тарбия топган етук кадрлар сув билан ҳаводек зарурлигини қайд этди.
Давлатимиз раҳбари жадидлар ҳаёти ва бебаҳо меросига такрор-такрор урғу бераётгани бежиз эмас. Бу улуғ инсонлар — Ватан учун фидойилик, жасорат ва матонат тимсоли. Улар янги усулдаги мактаблар очди, театрлар тузиб, улар учун пьесалар яратди. Маърифатпарвар аждодларимиз ёзган асарлар, илгари сурган ғоя ва ташаббуслар бугунги кунда юртимизда ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамияти қуриш, халқимизни замонавий илм-фан ютуқларига ошно этиш, эл-юртга садоқат ва миллий ғурур туйғуларини юксалтириш, умуман, янги Ўзбекистондаги ҳаётбахш ислоҳотларга мазмунан уйғун ва ҳамоҳангдир.
Бунинг биргина исботи - йиғилишда давлатимиз раҳбари барча корхона ва муассасаларда ойнинг бир кунини “Театр куни” деб эълон қилиб, ходимларнинг театрларга боришини йўлга қўйиш таклифини билдирди.
Хўш, нима учун? Чунки бугун одамлар театрларга бормай қўйди. Бунинг сабаблари турлича бўлиши мумкин. Лекин энг асосийси — юртдошларимизнинг жадид боболаримиз ибратхона деб атаган ноёб санъатдан — театрдан узоқлашгани. Зеро, бугун ҳам кўришга арзигулик, томошабинни ҳаётнинг моҳияти, умуминсоний туйғулар, умрбоқий тушунчалар, кундалик муаммолар ва уларнинг ечимлари ҳақида ўйлашга, мушоҳада юритишга чорлайдиган саҳна асарлари яратиляпти. Аммо омманинг маданий савияси бу спектаклларни қабул қилмаяпти. Интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқларга жойланаётган енгил-елпи видеолар ҳамда чинакам маърифий медиамаҳсулотларни томоша қилувчилар сони таққосланса, кўп нарса ойдинлашади-қолади.
Таассуфки, интернетда савиясиз, баъзан менталитетимизга, миллий ахлоқимизга тўғри келмайдиган материаллар, телевизорда олди-қочди сериаллар, маза-матрасиз шоулар кўравериб, одамларимизнинг бадиий диди ўтмаслашиб бормоқда.
Бугун оммага тортиқ этаётган маҳсулотларини оила даврасида кўришга хижолат бўладиган айрим гуруҳларнинг концертларига юртдошларимизнинг кўпчилиги катта қизиқиш билан бориб, чипталарини фалон пулга сотиб олиб, томоша қилмоқда. Бироқ улар давраларда “Мутасадди ташкилотлар қаерга қараяпти?”, “Ижодкорларимизнинг савияси пасайиб кетди” каби гап-сўзларни айтиб юради. Бундай кишиларга “Барака топгур, охирги марта қачон театрга тушдингиз?” деб сўрасангиз, жавоб беролмай каловланиб қолади.
Биз енгил-елпи томошалар ортидан пул топаётган гуруҳлар концертларига тушиб, ўзимиз уларни рағбатлантиряпмиз. Кейинги фаолиятига моддий кўмак беряпмиз. Ахир уларнинг концертларига ҳеч ким тушмаса, кейинги йил улар ўша тадбирни қайта уюштирмайди, моддий зиён сари қадам ташламайди.
Бу сўзлар билан бугун театр соҳасида ҳамма ишларимиз аъло, демоқчи эмасман. Соҳага замонавий техника-технологияларни татбиқ этиш, ўзига хос декорациялар олиб кириш, маркетингнинг жозибадор усул ва услубларидан фойдаланиб томошабинлар диққат-этиборини тортиш галдаги вазифаларимиз қаторига киради. Лекин, айтиш мумкинки, уларсиз ҳам спектаклларимиз савиясиз бўлиб қолмайди, театр юрагимизга, жамиятимизга тутилган ойина бўлиб қолаверади. Қалбимизни улғайтириб, руҳиятимизни бойитаверади.
Президентимиз мана шу ҳолатни чуқур ҳис қилиб, халқимизни театрга қайтариш учун қатор чораларни белгилаб берди. Раҳбар-етакчилар бу борада, умуман, ижтимоий дунёқараш, маданий савия бўйича бошқаларга ўрнак бўлиши кераклигини уқтирди.
Хонандаларнинг савиясиз клиплари, қўшиқлари, маиший мавзудаги сериаллар, фильмларнинг кундан кун кўпайиб бораётгани ҳақида ҳам юқоридаги каби фикрларни айтиш мумкин. Ҳақиқий санъат асарининг яратилиши учун уни ўша даражада тушунадиган, қабул қиладиган аудитория ҳам бўлиши керак. Нимага кўпчилигимиз мақомни эшитмаймиз. Чунки унинг моҳиятини тушунмаймиз, замиридаги дардни ҳис қилмаймиз, демак, мароқ ҳам олмаймиз. Бу наволар қалбимизга етиб бориши, уларнинг мазмунини тушунишимиз учун китоб ўқишимиз, билимимизни бойитишимиз, бадиий дидимизни юксалтиришимиз керак.
Кейинги йилларда кўҳна ва боқий наволаримизни халқимизга янада кенгроқ таништириш, дунё миқёсида тарғиб этиш бўйича салмоқли ишлар қилинди. Халқаро мақом санъати анжумани, Халқаро бахшичилик санъати фестивали, “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали, “Буюк ипак йўли” халқаро фольклор санъати фестивали ҳамда “Рақс сеҳри” халқаро фестивалини анъанавий тарзда ўтказиш йўлга қўйилгани, ўйлайманки, ўзликка қайтиш борасида дадил қадамлардир.
Энди мақом ва бахшичилик санъатини ривожлантириш, мавжуд ижро ва ижодий мактабларни, бу борадаги анъаналарни илмий асосда ўрганиш ва қайта тиклаш ишлари янада кучайтирилади.
Ҳозиргача 120 та мақом, бахшичилик достонлари, халқ куйи ва қўшиқлари “олтин фонд”га ёзиб олинди. Президентимиз мақом санъатини ривожлантириш, уни қоронғуликдан ёруғликка олиб чиқиш йўлида жонбозлик кўрсатаётган санъаткорларимизга ҳар қанча раҳмат айтсак, арзишини алоҳида таъкидлагани бекорга эмас. Зеро, ушбу бебаҳо санъатимиз негизида чуқур фалсафа, жозиб илм, бетакрор образлар мужассамдир. Шу боис, бу соҳир наволар тингловчини дунёни теран идрок этишга, образлар, таассуротлар воситасида мукаммалликка интилишга ундайди.
Тараққиётимизнинг янги даврида ноёб санъатимиз намунаси бўлган бахшичилик қайта тирилди, десак муболаға эмас. Фақат байрамларда, расмий тадбирлардагина ижро этиладиган бўлиб қолган достону лапарларимиз бугун ҳаётимиздан, дилимиздан, тилимиздан қайта жой олмоқда. Республика бахшичилик санъати маркази ҳамда Бахшичилик санъатини ривожлантириш жамғармаси, ҳудудларда мазкур йўналишдаги ансамбллар самарали фаолият юритаётгани бу борадаги ишларда муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда. Бинобарин, халқ оғзаки ижодиёти сарчашмаси бўлган бу мўъжизакор санъат инсонни инсон сифатида намоён этадиган энг эзгу туйғу ва қадриятларни тараннум этади.
Кино соҳаси кейинги йилларда ўзини тиклаб боряпти. Тан олишимиз керак: мазкур жабҳа мустақиллик йилларида анча оқсаб қолганди. Айниқса, тарихий сериалларни суратга олишда баъзан кулгили ҳолатларга тушиб қолганимиз ҳам сир эмас. Буларнинг бош сабаби иқтисодга бориб тақаларди. Тарихий фильмларни тасвирга олиш жуда мураккаб жараён. Чунки унда фойдаланиладиган оддий игнадан тортиб, актёрларнинг бош кийимигача — керакли ҳамма нарсани йўқдан бор қилиш зарур. Чунки улар йўқолиб кетган. Уларни қайта ясаш, тасвирга олиш жараёнида ҳар бир актёр учун керакли кийимларни тиктириш, тарихий декорациялар — булар катта маблағ талаб этади. Мана шу жиҳатлар ҳисобга олиниб, кейинги йилларда юртимизда соҳани моддий томондан қўллаб-қувватлашга эътибор бериляпти.
Аслида кино саноатининг давлат томонидан рағбатлантирилиши дунё амалиётида жуда кам учрайди. Бу тармоқ, асосан, тадбиркорлар қўлида. Инвесторлар фильм олиш учун катта маблағ ажратади ва шунга яраша фойда ҳам кўради. Кино маҳсулотлари баъзи давлатлар экспортида салмоқли ўринга эга. Ҳатто бу орқали давлат бюджетига ҳам катта даромад келиб тушади.
Бизда ҳали кино бизнеси тўла ривожланмади. Бу тармоқнинг даромадли эканини англаб, унга пул тикадиган тадбиркорлар жуда кам. Президентимиз йиғилишда бежиз меценатлик ҳаракатига алоҳида тўхталмади. Хорижий давлатларда кенг ёйилган, ижодкорларни қўллаб-қувватлашга қаратилган бу эзгу тажриба бизнинг ҳаётимиздан ҳам чуқур жой олиши зарур.
Таъкидланганидек, ҳозирги вақтда “Тирик тарих” сериясида Ватанимизнинг шонли ўтмишига бағишланган 50 та бадиий фильм яратиш бўйича фармон лойиҳаси тайёрланмоқда. Шу асосда тарихий фильмлар яратиш дастури ишлаб чиқилади. Бу дастур ижросига нафақат маҳаллий, балки хорижий ижодкорлар, кинокомпаниялар ҳамда инвесторлар жалб этилади.
Бухоро, Самарқанд, Тошкент вилоятларида эркин иқтисодий киноҳудудлар барпо этиш бўйича лойиҳалар бошланади. Буюк аждодларимизнинг ибратли ҳаёт йўли ҳақида кўп қисмли анимацион фильмлар яратиш масаласи ҳам кўтарилди. Давлатимиз раҳбари кейинчалик ушбу фильмлар қаҳрамонларини ўйинчоқлар, ўқув дафтарлари ва бошқа маҳсулотларда акс эттириб, фарзандларимиз онгига сингдиришимиз лозимлигини уқтирди.
Йиғилишда маданий дам олиш тизимини такомиллаштириш, аҳолининг бўш вақтини мазмунли ўтказишда мавжуд маданият марказилари фаолиятини кучайтириш, халқаро майдонда ўзбек маданий дипломатиясини ривожлантириш, бой маданий меросимизни халқимизга ва хорижий сайёҳларга кенг таништириш ишларини янги босқичга кўтариш, китобхонлик, тасвирий ва амалий санъат соҳасини янада тараққий эттириш, маданият ва санъат соҳасида таълим сифатини ошириш ҳамда бошқа яна кўплаб масалалар бўйича қатор чора-тадбирлар белгиландики, уларнинг барчаси бир улуғ мақсадга — жонажон Ватанимиз юксалиши, жаҳонда Ўзбекистоннинг тенглар ичра тенг бўлиши, элимизнинг ҳеч кимдан кам бўлмай яшашига хизмат қилади.
Энг муҳими, маънавият, маданият, маърифатни ривожлантириш бугун муайян ташкилотларнинггина эмас, бутун халқимизнинг иши, ҳар биримизга тегишли долзарб вазифа эканига урғу бериляпти. Чунки бу залворли юмуш ҳамма бирлашса, жипслашса, бир ёқадан бош чиқариб, бир мушт бўлиб ҳаракат қилсагина юзага чиқади. Бу масалаларга бепарволик, лоқайдлик, панжа орасидан қараш эса келажагимизга, эл-юртимиз тақдирига беписандлик, ҳатто хиёнат билан баробардир.
Чинакам ижод аҳли учун эса юксак истеъдод ва маҳоратини зиё улашишга сафарбар этиш, ижтимоий ҳаётимиздаги фаол иштироки билан янги Уйғониш даврини барпо қилишга муносиб ҳисса қўшиш энг эзгу тузук, ҳаётий тамойил бўлиб қолаверади. Зотан, Президентимиз таъкидлаганидек, бугун маънавият бошқа соҳалардан ўн қадам олдинда юриши керак, маънавият янги кучга, янги ҳаракатга айланиши шарт!
Озодбек Назарбеков,
Ўзбекистон Республикаси маданият вазири