“Номоддий маданий мерос” тушунчаси урф-одатларни, ўзига хосликни ифодалаш шакллари, билимлар ва кўникмаларни, шунингдек, улар билан боғлиқ жиҳозлар, предметлар, артефактлар ва маданий маконларни акс эттиради.
Авлоддан авлодга ўтиб келаётган бундай номоддий маданий мерос доимо муайян ҳамжамиятлар ва гуруҳлар томонидан уларнинг атроф-муҳитга, табиатга ва ўз тарихига боғлиқ ҳолда яратилади ва бу уларда ўзига хосликни, ворислик туйғусини шакллантиради. Инсоният ижодини ва маданий турли-туманликнинг ҳурмат қилинишига кўмаклашади.
–Фольклоршунос олимлар, тарихчилар ва бир қатор кўнгилли зиёлилар жалб қилинган лойиҳамизга старт берилди, –дейди “Умрбоқий мерос” Ўзбекистон маданияти ва санъати тарғибот маркази директори Лутфия Мирзаева. –Биз илк ташаббусни Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудидан бошладик. Ҳозир бир гуруҳ фаолларимиз ҳудуддаги номоддий маданий меросларни ўрганяпти. Уларни аудио, видео ва матн кўринишида ёзиб олиб, кенг жамоатчиликка тақдим этишни мақсад қилиб олган. Лойиҳамиз аъзолари бир йил давомида ҳудудларда бўлишади. Уч босқичда амалга ошириладиган экспедицияларда юртимиздаги эътибордан четда қолаётган, унутилиб бораётган қадриятларимизни ўрганади.
Лойиҳа мамлакатда номоддий маданий мерос элементларини инвентаризация қилиш, маълумотлар базасини яратиш, ҳужжатлаштириш ҳамда миллий ва уларни халқаро даражада кенгроқ тарғиб қилишни ўз олдига мақсад қилиб олган.