Жанубий Кореяда янги машиналар хариди бўйича буюртмаларни бажариш 1,5 йилга чўзилиб кетди. Бу ҳақда “The Korea Times” газетаси ёзди. Жанубий Кореяда буюртма олиниб, етказиб берилмаган янги машиналар тақчиллиги (сони) 1 миллионтага етди, сабаби — бутловчи қисмлар етказишдаги узилишлар ва заводларнинг (асосан Hyundai ва KIA) тўхтаб қолган. Мамлакатда 2021 йил бошида янги машиналар тақчиллиги 100 мингта атрофида эди.

Уруш ҳудудига айланган Украинадан Кореяга автомобиллар симлари қопламалари келиши тўхтаб қолди, айни шу сабабли Европадаги айрим автомобилсозлар ҳам жабр кўрди. Хитойда давом этаётган локдаунларга қўшилиб, Жанубий Кореяга аталган айрим бутловчи қисмларнинг йўллари ҳам ёпилди.

Hyundai Motor ва KIA 2021 йилда жаҳон бозорида 6,66 млн. дона автомобил сотганди, ички бозордаги бу аҳвол билан жорий йилги 7,47 миллионта машина сотиш режаси чиппакка чиқадиган кўринади.

Март ойида KIA 26 мингта кам автомобиль ишлаб чиқарди. Шундан 19 мингтаси Осиё чиплари, 7 мингтаси симларга қопламалар йўқлигидан чала қолди. Корейс компаниясининг АҚШ, Мексика, Словакия ва Ҳиндистондаги заводлари ҳам бутловчи қисмлар етишмаслиги важидан 14 мингта кам автомобиль чиқарди.

Глобал дунё дегани шу: Украинадаги уруш, Хитойдаги пандемиянинг Жанубий Кореядаги автозаводларга таъсири ўзбек автоҳаваскорларининг чўнтакларида ҳам акс-садо берди — KIA ва Hyundai мамлакатимизда сотаётган машиналарининг нархларини оширишга киришди.