Бугун Самарқанд шаҳарига қарашли бўлган 50 гектарлик ҳудудда янги Қорасув массиви қад ростлади. Қисқа муддатларда кенг кўламли бунёдкорлик, ободонлаштириш ишлари амалга оширилди.

Самарқанд шаҳар сессиясида таъкидланишича, аҳолининг уй-жойга бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида жорий йилда Қорасув массивида “Ўзшаҳарқурилиш инвест” инжиниринг компанияси томонидан жами 3 та 16 қаватли уй-жойлар, ҳарбий хизматчилар учун “Қишлоқ қурилиш инвест” инжиниринг компанияси томонидан 3 та 5 қаватли уй-жойлар, “Агромир Билдингс” МЧЖ томонидан 26 та 12 ва 16 қаватли кўп хонадонли турар-жой бинолари қурилиб, фойдаланишга топшириш босқичида.

“Ўзшаҳарқурилиш инвест” томонидан қурилган 3 та уй-жойлардаги 240 та хонадон имтиёзли ипотека кредит маблағлари ҳисобидан фуқароларга ажратилган бўлса, “Агромир Билдингс” МЧЖ томонидан қурилган уй-жойлардан 577 та хонадон учун 577 та фуқарога субсидиялар ажратилиб берилди.

Келгуси йилда массивда янги 10 та 16 қаватли 960 та хонадонли турар-жой биноларини қуриш режалаштирилмоқда. Шу билан бирга шаҳарнинг турли ҳудудларда хусусий секторлар томонидан 70 да ортиқ кўп хонадонли турар-жой бинолари қуриш ишлари амалга оширилади.

Ҳокимлик томонидан мазкур массивдан ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган, ногиронлиги бўлган ва боқувчисини йўқотган уй-жойга ўта муҳтож оилаларни ва ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида бепул, беғараз тарзда 40 та хонадон, шунингдек, уй-жойга муҳтож вилоят ташкилотларида фаолият олиб бораётган мутахассисларга 60 та хонадон ажратилди.

– Бир неча йил давомида уйсиз, ижарама-ижара сарсон яшадим, – дейди Насиба Улуғмуродова. – Уч нафар фарзандим бор. Турмуш ўртоғим ногирон. Ўзим ишсиз эдим, жуда қийналдик. Жорий йил март ойида ҳокимлик томонидан бизга мана шу хонадон совға қилинди. Ўзимни ишга жойлашишимда яқиндан ёрдам беришди. Оиламизни оғир дамда қўллаб-қувватлагани, уйли қилгани, бизни ҳам кўпчилик қатори бахтли яшашимизга сабабчи бўлган учун Президентимизга минг раҳмат.

Туркия технологияси асосида барпо этилган замонавий уйлар 9 балли зилзилага бардош бера олади. Ҳар бир хонадонда замонавий иситиш мосламаси, газ ускунаси, ошхона мебели мавжуд.

Массивда ёшлар таълим-тарбиясига алоҳида эътибор қаратилган. Айни пайтда бу ерда 235 ўринли мактабгача таълим муассасаси ҳамда 540 ўринли 80-умумий ўрта таълим мактабида ўқувчилар таълим олиш учун барча шаритлар яратилган.

Шунингдек, 120 ўринли давлат ва 3 та жами 270 нафар болажонларни қамраб олувчи давлат ва хусусий шериклик асосидаги мактабгача таълим ташкилоти барпо этиляпти. Шунингдек, 1 минг 680 ўқувчини қамраб олувчи умумий ўрта таълим мактаби, 150 ўринли оилавий поликлиника ҳамда 330 ўринли шошилинч тиббий хизмат кўрсатиш муассасаси учун бинолар қуриш ишлари олиб борилмоқда.

Массивда яқинда ўз фаолиятини бошлаган “Bahora fly” тикувчилик цехи бугун шу ерда яшовчи 60 нафар хотин-қизни иш билан таъминлади. Цехда буюртма асосида хотин-қизлар миллий либослари, болалар кийим-кечаклари ҳамда махсус формалар тайёрланмоқда. Бундан ташқари бу ерда мактаб ўқувчилари учун инглиз тили, рус тили, математика бўйича ўқув маркази фаолияти йўлга қўйилган.

– Шу пайтгача уйда ўтиргандим, – дейди Лобар Болтаева. – Уйимиз яқинида тикувчилик цехи фаолият бошлагани биздай аёллар учун айни муддао бўлди. Цехда ишга тушушиши билан ишга кирдим. Тикувчилик ҳунарини ўрганганим асқатди. Янги уйимизни ипотек кредитига олганмиз. Уч нафар фарзандим бор. Оилам бюджетига ҳисса қўшаётганимдан бахтиёрман.

Самарқанд шаҳрининг янги массивида амалга оширилаётган бундай ишлар, Президентимиз таъкидлаганидек, аҳолини эртага эмас бугунидан рози бўлиб яшашига хизмат қилаяпти, десак асло муболаға бўлмайди.

Л.Сувонов,

“Янги Ўзбекистон” мухбири