2025 йилнинг 28 октябрь куни Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тегишли қўшма қарори билан “Умумтаълим муассасаларида синфларни комплектлаш ҳамда тарификация рўйхатларини шакллантириш тартиби тўғрисида”ги Низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиб, 3271-1 рақам билан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигидан рўйхатдан ўтказилган.

Ушбу Низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритишдан асосий мақсад,  ўқитувчиларнинг иш юкламасини камайтириш, дарс соатларини тақсимлаш талабларини соддалаштириш ва жараённи янада шаффоф ҳамда адолатли ташкил этишдан иборат.

Аниқроқ айтганда, шу вақтга қадар амалда бўлган дарс тақсимоти устуворлик мезонлари 19 тадан 10 тага қисқартирилди. Бу ўзгаришлар кўп сонли ўқитувчиларнинг таклифлари асосида амалга оширилди.

Хусусан, барча ўқитувчилар учун бирдек имконият яратиш мақсадида “ТОП-1000 университетлар рейтингига кирадиган дунёнинг етакчи университетларини битирган ўқитувчилар” ёки “Халқаро ва асосий фан олимпиадаларида ўқувчилари ғолиб бўлган ўқитувчилар” каби мезонлар чиқариб ташланди. Сабаби бундай имкониятлардан ҳар бир педагог фойдалана олмайди.

Шу боис, янги тартиб бўйича дарс соатларини тақсимот қилишда асосий эътибор натижа кўрсатган рақобатдош ҳамда фанни билиш даражасини тасдиқловчи миллий ёки халқаро сертификатларга ва замонавий компетенцияларга эга ўқитувчининг касбий салоҳияти ва натижасига қаратилган.

Натижада дарс соатларини тақсимлашда ўз устида ишлайдиган, юқори касбий маҳоратга эга бўлган ва сифатли таълим бера оладиган ўқитувчиларга биринчи навбатда дарс соатлари бериш имконияти яратилади. Бу орқали тажрибали ўқитувчилар томонидан сифатли таълим берилиши таъминланади, шунингдек, ўқувчиларнинг билим натижаларини яхшилаш ҳамда мактабларда таълим сифати ошишига хизмат қилади.

Янги ўқув йилидан бошлаб амалиётга жорий этиладиган мазкур тартиб мактабларда дарс соатлари тақсимотида педагогнинг касбий салоҳиятини муносиб баҳолаш, натижага асосланган кадрлар тайёрлаш сиёсати йўлга қўйишда муҳим жиҳатдир.