Бу ҳақда президентнинг «Ўзбекистон – 2030 стратегиясини Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисидаги фармонида белгиланди.

Қолаверса 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб:

  • Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг 1 тадан туманида (шаҳрида) синов тариқасида “Менинг мактабим” лойиҳаси амалга оширилсин ҳамда бунинг доирасида Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан мактабларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 150 баробарида маблағ ажратилиб, ушбу маблағ 5–11-синф ўқувчилари танловига кўра, электрон доска, компьютер, спорт жиҳозлари, китоблар каби мактаблар учун зарур товарларга сарфланади;
  • умумий ўрта таълим муассасалари директорларини менежерлик бўйича сертификациялаш тизими жорий этилади. Бунда, директорларга малакавий талаблар аниқ белгиланиб, улар ҳар беш йилда бир маротаба аттестациядан ўтказилади.

2025 йил 1 январдан:

  • Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидаги умумий ўрта таълим муассасаларида она тили ва адабиёт ҳамда тарих фанлари бўйича Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг миллий баҳолаш тизимида олинган тегишли даражадаги сертификатга эга бўлган ва ушбу фанлардан дарс берувчи педагог кадрларга уларнинг тариф ставкасига нисбатан 50 фоиз миқдорида ҳар ойлик қўшимча устама тўланади.

2024 йил 1 сентябрдан бошлаб Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида тажриба-синов тариқасида умумий ўрта таълим мактабларига олис ҳудудлардан қатнайдиган ўқувчилар учун аутсорсинг асосида бепул автобуслар қатнови йўлга қўйилади.