Пойтахтимизда 8 март — Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан Ўзбекистон Миллий медиа бирлашмаси ҳузуридаги Аёллар медиа клуби ташаббуси билан “Янги Ўзбекистон аёли” мавзусидаги I халқаро конференция бўлиб ўтди. Айтиш жоизки, қисқа вақт ичида “Аёллар медиа клуби” ўзига хос ижобий натижаларга эришди. Хусусан, 8 та халқаро семинар ва тренинглар ташкил этилиб, 150 нафар журналист гендер тенглиги мавзусида билим ва кўникмаларини оширди. 50 нафар журналист сиёсий ток-шоуларни профессионал тайёрлаш ҳамда гендер масалаларини ёритиш бўйича махсус таълим олди.

БМТ Аёллар дастурининг Ўзбекистондаги менежери Seren Guven Gures, БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори Sabine Mahl, БМТ Аҳолишунослик жамғармасининг Ўзбекистондаги доимий вакили Доктор Nigina Abaszade, ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Sara Noshadi ва бошқа нуфузли ташкилотлар вакиллари иштирок этган пленар йиғилишда замонавий ўзбек аёлининг жамиятдаги ўрни, унинг ҳуқуқлари ва имкониятларини кенгайтириш, халқаро тажриба ва гендер тенглик масалаларига бағишланган муҳокамалар ўтказилди.

Халқаро тадбирни Ўзбекистон Республикаси бош вазир ўринбосари Зулайҳо Маҳкамова табрик сўзи билан очиб, мамлакатимизда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, оилаларни мустаҳкамлаш борасида олиб борилаётган тизимли ишлар, жумладан қуйидагиларга алоҳида тўхталди.  

— Бугун аёлларимиз ўз ҳақ-ҳуқуқларини тушунган, илм-маърифатга, касб-ҳунар ўрганишга, юқори даромад топишга интилиб, жамиятда ўз ўринларини топяпти. Шунингдек улар умуминсоний миллий қадриятларни мужассам қилган фарзанд тарбиясидаги масъулияти билан Янги Ўзбекистонни барпо этишда фаол иштирок этяпти. Бунинг учун маҳаллаларимиз, туманлар, шаҳарлар, чекка қишлоқларда ҳам аёл, унинг фарзандларига хавфсиз яшаш, экологик хавфсизлик, доимий даромад топиш имкони яратиб бериляпти. Биргина ўтган йилнинг ўзида 200 мингдан зиёд аёл оиласига 5 триллиондан ортиқ маблағлар манзилли етказилди. Бугун ўша оилалар даромадга киргани қувонарли. 1 млн.дан ортиқ аёлни камбағалликдан чиқаришга эришганимиз ҳам хотин-қизларга қаратилаётган алоҳида эътибор самарасидир.

Ҳақиқатдан бугун аёлларимизнинг юқори даромадга эришиши учун хоҳ уйда, хоҳ жамиятда бўлсин зарур шароитларни яратишга тизимли киришилди. Давлат хизматидаги аёлларнинг самарали фаолият юритиши учун мактабгача қамров даражасини оширишга ҳам жиддий ёндашиляпти. Зеро, бу орқали уларнинг кичик ёшдаги фарзандларидан кўнгли тўқлиги, оиласидан хотиржамлиги таъминланяпти.

Аёлнинг оиладаги ўрни ҳақида гап кетар экан, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Гендер тенгсизлиги ва болаларга нисбатан зўравонликка қарши курашиш бўйича махсус вакили Диёра Келдиёрова аёл аввало ўзини ҳурмат қилиши, ўзига ўзи ишонч билдириши, шундагина уни атрофидагилар, бутун жамият эъзозлаши ҳақида гапирди.

Бугун Президентимиз ҳам давлат сиёсати даражасида аёлларнинг обрўсини оширишга жиддий эътибор қаратяпти. Қизларимизга фақат кимнингдир уйига бориб хизмат қилиши, кимларнингдир кўнглини олиши ҳақидаги қарашларни эмас, жамиятда ўз ўрнини топиши учун нималар қилиши кераклигини ҳам сингдириб боришимиз керак. Кучли иқтидор, салоҳиятга эга хотин-қизларимиз ўзбек аёлларининг нималарга қодирлигини бутун дунёга кўрсатиб қўйсин, — деди олимпиада чемпиони.

Ҳақрост, XXI аср аёли инновациялар, рақамли технологиялар ва жаҳоншумул ўзгаришлар даврида фақат фарзанд дунёга келтириш, уни тарбиялаш эмас, бутун бир жамиятга хизмат қилишдек буюк вазифаларни қалбига жойлаши зарур.

Шу маънода Аёллар медиа клуби раиси Мавлуда Асқархўжаева биринчи халқаро конференцияга ижтимоий-сиёсий, иқтисодий соҳада фаолият олиб бораётган фаол аёлларни таклиф этишдан мақсад — уларни халқаро майдонда ҳам танитиш эканини алоҳида таъкидлади. Ўз ўрнида хорижлик иштирокчилар ўз чиқишларида жамиятда фаол бўлган ўзбек аёлларининг бу борадаги салоҳиятини юқори баҳолади.

Конференция доирасида медиа соҳаси бўйича интеллектуал мусобақа – Media Quiz ташкил этилиб, унда иштирокчилар билимларини синовдан ўтказиш имкониятига эга бўлдилар. Ғолибларни тақдирлаш маросими ўтказилиб, энг яхши натижаларни қайд этган иштирокчиларга мукофотлар топширилди.

Муножат МЎМИНОВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири