Жамият маънавий қудратга эришганида мамлакат мислсиз юксалишга эришади. Бу қудрат тарихий илдиздан куч олиб, эртанги кунга бўлган ишонч билан мустаҳкамланади. Янги Ўзбекистондаги ислоҳотлар халқимиз қалбига ана шундай тарихий кучни ва барча соҳада бирдек илғор ривожланиш иштиёқини тақдим этмоқда. Буни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг бунёд этилиши ҳам тасдиқлайди.

Ушбу муҳташам дурдонанинг Бош меъмори — Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ислом цивилизацияси марка­зининг расмий очилиш маросимида илм- фан ва маданият фидойиларига, хусусан, журналистларга мурожаат қилиб: “Ислом цивилизацияси марказида тўпланган ҳар бир экспонат қандай бебаҳо бойлик эка­нини сизлар ҳаммадан кўра яхши тушу­насиз. Уларни тарғиб этиш, халқимизга, дунёга танитишда ҳам, аввало, сизларга таянамиз.

Бу тенгсиз бойликдан илҳомланиб, сизлар яратадиган илмий тадқиқотлар, бадиий китоб, кино ва театр асарлари, картина ва кўрсатувлар уч минг йиллик тарих ва маданиятнинг сўнмас овози бўлиб дунёга таралсин!

Янги Ўзбекистонни тинчлик, эзгулик, билим ва маърифат диёри сифатида олам­га тараннум этсин!

Халқимиз, айниқса, ёшларимиз учун тарбия ва миллий ғурур мактабига айлан­син!”, дея алоҳида таъкидлади.

“Янги Ўзбекистон” ва “Правда Востока” газеталари таҳририяти ушбу ча­қириқдан илҳомланиб янги лойиҳа бош­лади. Унга кўра, ижодий жамоамиз “Янги Ўзбекистон” газетасида ҳар ҳафтанинг жума куни “Тамаддун тафаккури” номли махсус қўшимча саҳифалар тақдим этиб боради.

“Тамаддун тафаккури” инсоният маъна­вий ва ижтимоий тараққиётининг энг юқо­ри нуқтасини ифодалайдиган концептуал тушунча. Жумладан, тамаддун ривожла­ниш, юксак маданият, қонун устуворлиги ва ижтимоий тартиб демак. “Тафаккур” эса во­қеликни англашнинг олий шаклидир.

Шу маънода, “Тамаддун тафаккури” жа­миятнинг тараққиёт стратегияси, миллий ўзликни ва умуминсоний қадриятларни бир нуқтада жамлаб, халқимизни асрлар мобай­нида интиқиб кутган орзу-мақсадлари — Учинчи Ренессанс сари бошлаб борувчи ин­теллектуал ва маънавий қудратни англатади.

Махсус саҳифаларимизда Ўзбекистонда­ги Ислом цивилизацияси маркази меҳвари­даги ҳаётий фалсафани, унинг бор мазмун-моҳиятини, тарихий аҳамиятини кенг таран­нум этадиган таҳлилий мақолалар, олимлар, соҳа мутахассисларининг чиқишлари бериб борилади. Бу билан шонли тарихимиздан сўз­ловчи энг ноёб экспонатлар ҳақидаги қизиқар­ли маълумотларни, илмий марказнинг Учинчи Ренессансни яратишдаги ўрни ва аҳамиятини халқчил ёритиб боришга ҳаракат қиламиз.

Мақсадимиз — бу маълумотларни ўқиган халқимиз Ислом цивилизацияси марказини бориб кўришга, қадим тарихимиз билан фахр­ланиб, порлоқ келажагимизга ишончи янада мустаҳкамланишига хизмат қилсин. Муҳта­шам маърифат қасрига ташриф буюрганлар эса газетамиздаги мақолалар, маълумотлар билан танишиб, уни қайтадан кашф этсин.

Ушбу чиқишларнинг оммабоплигини таъминлаш мақсадида таҳририятимизнинг расмий www.yuz.uz веб-сайти, ижтимоий тармоқлардаги t.me/yuz_official, fb.com/yuz.uzNews, instagram.com/yuz.uz_news, youtube.com/@YUZ саҳифаларида ҳам видео ва фото лавҳалар, суҳбатлар, репортажлар, таҳлилий ва ахборий материаллар тизимли равишда бе­риб борилади.

Зеро, бутун дунёни лол қолдираётган ушбу муҳташам маскан фалсафасини баланд пардаларда тараннум этиш барчамизга, шу жумладан, бизнинг таҳририят жамоасига ҳам ғурур-ифтихор бағишлайди.

Қуйидаги ҳавола орқали махсус соннинг илк мақолалари билан танишишингиз мумкин:

Ислом цивилизацияси маркази — илм, маънавият ва уйғониш меҳвари


Заковат ва юксак маданиятнинг мустаҳкам илдизлари



Таҳририят