Тўғри, бунда ушбу тамойилларнинг ўрни муҳим. Аммо, тараққиётнинг асл моҳиятини белгилаб берувчи бошқа омиллар жуда кўп. Мазкур омиллардан бири – жамиятда кенг жамоатчиликни белгиланган улуғвор мақсад сари етаклай оладиган, халқнинг асрлар мобайнидаги орзу, истак ва умидлари билан уйғун бўлган, халқ ишонч билан интиладиган ғоянинг мавжудлигидир.

Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган ва ҳар томонлама илмий-фалсафий асослаб берилган – Янги Ўзбекистон ғояси бугунги кунда халқимизнинг қалбидан чуқур жой олди, умуммиллий ҳаркатга айланди, десак муболаға бўлмайди.

Таниқли жамоат арбоби, сиёсатшунос Қудратилла Рафиқовнинг республика нашрларининг бирида жорий йил 21 май куни эълон қилинган чуқур таҳлил ва бой кузатувларга асосланиб ёзилган “Шавкат Мирзиёев: Мен умримни шу халққа тикканман!” мақоласини мутоалаа қилиб, муаллиф ўз таҳлилий фикр ва мулоҳазаларини қоғозга кўчиришга нима ундаганини англаб олиш мумкин:

“Президентнинг яқинда Жиззах вилояти фаоллари билан учрашувдаги маърузасида бир нуқта кўпчиликнинг эътиборини тортди. Унда давлатимиз раҳбари шундай деган эди: “Худо менга соғлиқ бериб, умр берса, бизда камбағаллик ва ишсизлик бўлмайди. Нимага десангиз, бунга мен етти йил умримни тикдим. Тизим яратдим, қонун яратдим, дунёни очиб бердим. Халқим яхши яшасин, ниятлари амалга ошсин, болалари бахтли бўлсин, неваралари соғлом туғилсин, мактаби ишласин, йўллари равон бўлсин деб ишга келдим”, деб ёзади муаллиф.

Ушбу иқтибос матбуот ва ижтимоий тармоқларда жуда кўп бора айланди. Нега? Сабаби ушбу сўзлар самимий ва чин қалбдан айтилган эди.

Сўнгги етти йил вақт давомида амалга оширилган улкан бунёдкорлик ишлари, барча жабҳаларда ҳаётимиздан ўрин олган янгилик ва ўзгаришлар, энг муҳими оддий одамларнинг ҳам кўксига теккан қадр шамоли ушбу мушоҳадаларнинг тамал тошидир.

Бугунги кунда туб ислоҳотлар самараси энг чекка ҳудудларга ҳам, қишлоқ ва овулларга ҳам етиб борди. Йиллар давомида одамларни ташвишга солиб келган ичимлик суви, электр энергия таъминоти, йўл, тиббий хизмат, таълим ва бошқа соҳаларга қаратилган эътибор аҳоли масканлари, жумладан, туман марказлари қиёфасини тубдан мисли танилмас даражада ўзгартириб юборди.

Буни халқимиз кўриб, билиб турибди. Шу сабаб, ўзгариш ва бунёдкорлик бугун қаерларда бўй кўрсатди, деб сўрашса, биринчи навбатда одамларнинг қалбида, дунёқарашида, тушунчаларида акс этди деган бўлар эдик. Бунинг сабаблари, барча эътироф этаётган улкан бунёдкорлик жараёнлари билан бир қаторда, бир қарашда яққол кўзга ташланмайдиган, бироқ турмуш тарзимизнинг ажралмас қисмига айланиб бораётган ўзгаришларда ҳам мужассам.

Ҳар яхшининг бир ёмони бор, деганларидек, афсуски, нима бўлса “давлат бериши керак”, деган боқимандалик кайфиятида яшаётган фуқароларимиз ҳам йўқ эмас. Давлатимиз раҳбари кўрсатаётган фидойиликдан ўрнак олиш, “Ватан менга нима берди, деб эмас, мен Ватан нима бердим”, деган тушунча билан яшаш вақти эса аллақачон келган.

Бугун ишлайман деган, даромад топаман деган одам учун маҳаллаларда барча шароитлар яратилмоқда. Тўғри ечимини кутиб турган муаммолар ҳам йўқ эмас. Уларнинг энг асосийси – аҳоли бандлигини таъминлаш, уларнинг доимий даромад манбаларини шакллантиришдан иборатдир. Аҳамиятли томони, бу муаммолар ҳам бир пайтлардагидек, яширилаётгани йўқ. Ошкора айтилмоқда ва ечим тизимли равишта ташкил этилмоқда.

Юртимизда бўлаётган ушбу ўзгариш ва аҳоли фаравонлиги учун ташкил этилаётган ишлар бардавом бўлиши сиз-у бизга, Ватан тақдирига, халқимиз келажагига бефарқ бўлмаган барча юртдошларимизга боғлиқ.

Умидахон БЎРАНОВА,

Республика Маънавият ва маърифат маркази Янгиҳаёт туман бўлинмаси раҳбари,

Олий Мажлис Сенати хузуридаги Ёшлар парламенти аъзоси