Тарихий нутқдаги “Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига сайланишимни мен инсон ҳуқуқ ва эркинликларини, халқ манфаатини таъминлашга қаратилган сиёсатимизнинг яна бир юксак эътирофи сифатида қабул қиламан”, деган жумлада ғоят чуқур, мамлакат ва халқ келажаги учун юксак дахлдорлик туйғуси мужассам.
Жорий йил 9 июль куни мамлакатимизда ўтган Президент сайлови халқимиз муаллифлигида ёзилган ва қабул қилинган янги таҳрирдаги Конституциямиз асосида ташкил этилди, халқимиз ўзининг хоҳиш-иродасини эмин-эркин билдириб, янги Ўзбекистон учун овоз берди.
“Бугун елкамга қандай улуғвор масъулият олаётганимни, Ватанимиз мустақиллиги, 36 миллиондан зиёд азиз халқимнинг тинчлиги ва фаровонлиги учун шахсан жавобгар эканимни юрак-юрагимдан ҳис этиб турибман”, деди давлатимиз раҳбари.
Сўнгги етти йилда мамлакатимизда оламшумул ислоҳотлар амалга оширилди. Айтишга осон, бироқ ортга қараб чамаласак, қисқа муддат ичида инсон қадри учун қилинган ишларнинг салмоғи катта эканига гувоҳ бўламиз. Бу янгиланишлар одамлар ҳаётида яққол кўринди. Масалан, юртимизда бир бола дунёга келар экан, унинг фуқаро сифатидаги ҳуқуқлари, шаъни ва қадр-қимматига эътибор қаратилмоқда. Туғилганлик ҳақида гувоҳнома олиш баробарида мактабгача таълим ташкилотига чиқиш учун электрон рўйхатга қўйилмоқда. Бу фарзандларимиз келажаги давлат назоратида эканини англатади. Мактабгача таълим ташкилотлари ва умумий ўрта таълим тизими тубдан ўзгаргани, ўқув дастурлари ва дарсликлар янгилангани, тарбияланувчи ва ўқувчиларга муносабат яхшилангани фарзандларимизнинг сифатли таълим олишини кафолатлади.
Мамлакатимиз аҳолисининг асосий қатлами бўлган ёшлар учун яратилаётган шароитларнинг ўзи бир катта мавзу. Ёшларнинг таълим олиши, бандлигига алоҳида ёндашув ишлаб чиқилди. Маҳаллаларда “Ёшлар дафтари” жорий этилиши ҳар бир йигит-қиз билан алоҳида ишлаш имкониятини яратди.
Юртимизнинг ҳар бир ҳудуди ободликка юз тутди. Нафақат пойтахт ёки вилоятлар, туманлар маркази, балки чекка-чекка қишлоқ ва овулларда ҳам замонавий бинолар қад ростлади. Кўп йиллардан буён уйсиз яшаб келган фуқаролар уйли бўлди. Таъмирталаб хонадонлар давлатимиз кўмаги билан янги қиёфага кирди.
Бугун ОАВни кузатиб, хориждаги ватандошларимизнинг юртимиздаги ислоҳотларга муносабатини кўряпмиз, эшитяпмиз. Шу кунгача биров “ҳолинг не кечяпти”, дея сўрамаган ватандошлар – бугунги ислоҳотлар иштирокчиси. Ривожланган давлатларда шуҳрат топган юртдошларимиз Ўзбекистонга ўз билимини, тажрибасини олиб келяпти. Бир сўз билан айтганда, ҳар соҳада, ҳар бир фуқаро ҳаётида ислоҳотлар ўз аксини топди.
Нутқнинг эътиборли ва доимий ёдда тутиш керак бўлган жиҳатини қаранг: “Биз ўтмишдан, кечаги тарихимиздан, йўл қўйган хато ва камчиликларимиздан зарур хулосалар чиқариб, Ўзбекистонимизнинг дунёдаги ўрни ва нуфузини янада юксалтиришимиз, Ватанимиз шуҳрати ва шон-шарафини ҳамма жабҳаларда муносиб ва мардона ҳимоя қилишимиз керак. Нега деганда, бугунги кескин рақобат оламида кечаги мезон ва ёндашувлар билан ривожланиб бўлмайди. Бугунги замон – бу кечаги замон эмас. Шу боис, ҳар бир имкониятдан оқилона фойдаланиб, ҳар қандай муаммони ақл билан, илм билан ҳал қилишимиз, турли синовларни халқимиз билан бамаслаҳат, оғир-вазмин бўлиб енгиб ўтишимиз керак”, деди Президентимиз.
Бундан англашиладики, янги Ўзбекистон келажаги халқ билан бирга барпо этилади, ривожлантирилади. Бу таъкид замирида ҳам халққа яқинлик, халқка эшлик бор.
Нутқ давомида “Ҳар бир кун – бу имконият, ҳар бир кун – бу келажак пойдевори”, деган шиор ҳаёт қоидасига, ҳар қайси раҳбарнинг, халқ ноиблари, вазир ва ҳокимларнинг кундалик фаолият дастурига айланиши шартлиги айтилди.
Давлатимиз раҳбари бугунги кунда халқимизнинг ишончи ва суянчи бўлган маҳалла тизими ҳақида фикрларини давом эттириб, “Биз учун Ватан рамзи бўлган маҳалла тизимини барча ислоҳотларимизда марказий ва ҳал қилувчи бўғинга айлантирамиз”, дея қайд этди. Бу халқимизга хизмат кўрсатиш соҳасида катта ислоҳотлар бошланишига ишорадир.
Очиғини айтганда, ҳар гал давлатимиз раҳбарининг нутқида ўзимиз фаолият кўрсатадиган ташкилот ҳақида фикрларни ҳаяжон билан кутаман. Шу сафар “Ҳеч шубҳасиз, биз бозор тамойилларига асосланган кучли иқтисодиёт билан бирга аждодларимизнинг бой мероси ва миллий қадриятларга асосланган кучли маънавиятга таянамиз. Сайловолди учрашувларда миллий ўзлигимиз ва эзгу қадриятларимизни асраб-авайлаш, маданият, маънавият ва маърифат соҳаларини ривожлантириш, ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш бўйича белгилаб олган вазифаларни сизлар билан, кенг жамоатчилик билан биргаликда амалга оширамиз”, деганида биз, маънавият ва маърифат соҳаси ходимларининг кўнгли тоғдек юксалди ва олдимизда катта масъулиятли вазифалар борлигини чуқур ҳис этдик.
Шунингдек, нутқда виждон эркинлиги, сўз эркинлиги, ахборот тарқатиш ҳуқуқларининг бундан кейин ҳам тўла кафолатланиши катта ишонч билан айтилди.
Хусусан, Ўзбекистон фуқаролари дунёнинг қайси ўлкаси ёки минтақасида бўлмасин, қонунларимиз ҳимоясида бўлиши, чет элдаги ватандошларимиз билан алоқалар янада мустаҳкамланиши янги таҳрирдаги Конституциямизда акс эттирилгани, унинг амалий ижросини таъминлаш муҳим масалага айланиши таъкидланди.
Барча даражадаги раҳбарларга алоҳида огоҳлантириш сифатида айтилган “Барча бўғиндаги раҳбарларга чиройли, баландпарвоз гапига қараб эмас, фаолиятининг аниқ натижасига қараб баҳо берамиз. Қонунларни, одамларни менсимайдиган, уларга қўпол муносабатда бўладиган, бюрократия ва коррупция балосига берилган ҳар қандай раҳбар билан – у вазир ёки ҳоким бўладими, бошқа масъул вазифадаги амалдор бўладими – салбий ҳаракатлари билан давлат обрўсига путур етказаётган бундай кишилар билан узил-кесил хайрлашамиз. Уларнинг ўрнига билимли, Ватан ва халқ ташвиши билан яшайдиган ёш-ёш йигит-қизларни қўямиз”, деган гап давлат хизматчилари учун дастуриламал бўлиши керак.
Нутқнинг яна бир аҳамиятга молик жиҳати — ёшларга қилинган мурожаат. Давлатимиз раҳбарининг “Сизлар Ўзбекистон тарихига олтин ҳарфлар билан ёзиладиган буюк ишларни амалга оширишга қодирсиз. Ёшлик – ғанимат, вақт – ғанимат, фурсат борида отни қамчиланг! Давлатимиз, халқимиз яратиб бераётган имкониятларнинг қадрига етинг! Дунёга ўз сўзингизни айтинг! Изланиш ва интилишдан асло тўхтаманг! Бахт ва омад доимо сизларга ёр бўлсин!” деган ишончи, ўйлаймизки, ёшларга жуда катта мотивация беради.
“Биз мамлакатимиздаги 130 дан ортиқ миллат ва элат вакилларига ўз тили, маданияти, урф-одат ва қадриятларини ривожлантиришлари учун зарур шароит яратиб беришни изчил давом эттирамиз”, дейилди бағрикенглик руҳи ва меҳрга тўла нутқда.
Янги Ўзбекистонда Президентимиз ташаббуси билан бошланган ислоҳотлар янада кенг кўламда давом этади. Бу йўлда биз жонажон Ватанимизнинг тараққий этиши учун бор куч-ғайратимизни сафарбар этамиз.
Муроджон ҲАЙИТОВ,
Республика Маънавият ва маърифат маркази
Сирдарё вилояти бўлими раҳбари,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.