Тадбирда Президентимиз раислигида қурилиш материаллари саноатини ривожлантириш ва аҳолини уй-жой билан таъминлаш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлар ижроси юзасидан маълумот берилди:

I. Ипотека дастури асосида жорий йилда 207 та массивда 1 минг 75 та кўп қаватли уйлар қурилиши олиб борилмоқда. Жами хонадонлар сони – 45,5 мингта.

Жумладан:

◾️“Қишлоқ қурилиш инвест” компанияси иштирокида қишлоқ жойларда 11,3 мингта квартирали;

◾️ “Шаҳар қурилиш инвест” компанияси иштирокида фуқароларнинг алоҳида тоифалари учун 3,5 мингта квартирали;

◾️ янги тартиб доирасида тадбиркорлик субъектлари томонидан 30,6 мингта квартирали уйлар қурилмоқда.

Шунингдек, 6274-сонли Фармонга асосан Дастурга қўшимча равишда:

◾️ янги тартиб асосида 4 та ҳудудда – Андижон, Бухоро, Самарқанд, Сурхондарёда 2 минг квартирали 49 та уйлар;

◾️ Осиё тараққиёт банки маблағлари ҳисобига “Қишлоқ қурилиш инвест” иштирокида 2 минг 900 квартирали 138 та уйлар ҳам қурилмоқда.

Бугунги кунга қадар 4 минг 428 та хонадонли уйлар якунланиб, фойдаланишга топширилди.

Мазкур уйларнинг қурилиш-монтаж ишлари сифати юзасидан Қурилиш соҳасида назорат инспекциялари томонидан назорат ўрнатилган.

Ҳудудий инспекциялар томонидан мазкур объектларда жами 4 074 маротаба назорат ишлари амалга оширилган.

Қурилишда аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича жами 2 880 та ёзма кўрсатмалар берилди (пудратчига – 1 712 та, буюртмачига – 749 та, лойихачига – 419 та).

Уйлар қурилишида 52 та ҳолат бўйича жами 2 млрд. 783 млн.сўмлик сифатсиз бажарилган ишлар ҳажми чегириб қолинди.

Шунингдек, 47 та мансабдор шахсга нисбатан чора кўриш учун ҳужжатлар тайёрланиб, судларга юборилди (пудратчи – 39 та, буюртмачи – 7 та, лойихачи – 1 та).

Қурилиш-монтаж ишлари сифатсиз бажарилган 12 та объектда ишлар вақтинча тўхтатилди.

Объектларда сифатсиз материал ва буюмлардан фойдаланилганлик учун тегишли ташкилотларга 26 та тақдимнома киритилди.

II. Хозирги кунда 2022 йилда уй-жойлар қуриш дастури лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Бунда, Фарғона вилояти Боғдод туманида барпо этилган “Мурувват” массиви намунаси асосида барча ҳудудларда “Янги Ўзбекистон” массивларини қуриш кўзда тутилмоқда.

Ҳокимликлар билан биргаликда 30 та массив танлаб олинди (992 гектар). Уларда кўп қаватли уйлар, ижтимоий соҳа, бозор инфратузилмаси ва муҳандислик объектларини жойлаштириш бўйича бош режа лойиҳалари ишлаб чиқилди.

Унга кўра, келгуси йилда 2 191 та уйлар (56 минг хонадон), 27 та мактаб, 40 та боғча, 25 та оилавий поликлиника ва 120 дан ортиқ савдо-маиший хизмат мажмуаси қуриш кўзда тутилмоқда.

Фармон лойиҳаси билан ер ажратиш, бош режа ва лойиҳаларни ишлаб чиқиш, буюртмачи ва пудратчиларни аниқлаш, молиялаштириш, ипотека кредитларини ажратиш, металл ва цемент билан таъминлаш, муҳандислик коммуникациялари ва инфратузилма объектларини қуриш масалалари ҳал этилмоқда.

Бундан ташқари, ҳар бир ҳудуднинг табиий-иқлим шароитидан келиб чиқиб, массивларда дарахтлар экиш ва кўкаламзорлаштириш ишларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ҳудудларда қуриладиган кўп қаватли уйларнинг 9 типдаги энергия самарадор намунавий лойиҳалари ишлаб чиқилган.

Айни вақтда янада тежамкор ва арзон уйлар бўйича намунавий лойиҳаларни тайёрлаяпмиз.

Уйлар қурилишида рейтинги 3 та “С”дан юқори пудрат ташкилотлари иштирок этади.

Бугунги кунда бу каби салоҳиятли пудрат ташкилотлари сони 4 876 тани ташкил этади.

Яъни, режадаги уйлар қурилиши учун қурилиш қувватлари ва имкониятлари етарли.

Уйлар қурилишида маҳаллий қурилиш материалларидан фойдаланиш, иссиқлик тежовчи қопламалар ва замонавий технологияларни қўллаш таъминланади.

Бунинг учун қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи маҳаллий корхоналар билан ҳам ишланмоқда.

Келгусида ушбу ишларни индустрия даражасига кўтариб, уй-жой қурилиши кластерларини ташкил этиш бўйича ҳам ишланмоқда.

Дастлабки босқичда, Тошкент шаҳри, Фарғона, Навоий, Самарқанд ва Тошкент вилоятларида кластерларни ташкил қилиш мақсадга мувофиқ.

Чунки мазкур ҳудудларда еталича миқдорда пудрат ташкилотлари, лойиҳа институтлари, ишлаб чиқариш корхоналари, хом ашё базаси ва инфратузилма мавжуд.

Дастур ижросини тўлиқ таъминлаш, уйларни сифатли қуриш ва массивларни комплекс барпо этиш бўйича барча чоралар кўрилади.

Бу бўйича бизга барча шароит ва имкониятларни яратиб, муаммоларни ҳал қилиб берилган.