Интервьюда она юртимиз Ўзбекистоннинг демократик ўзгаришлар, кенг имкониятлар ва амалий ишлар мамлакатига айланиб бораётгани, бу эса ислоҳотларимизнинг энг катта натижаси экани алоҳида қайд этилди. Шунингдек, кеча ва бугуннинг таҳлили, келажак режалар аниқ-пухта қилиб белгилаб берилди.
Президентимиз таъкидлаганидек, бундан беш йил олдин қабул қилинган Ҳаракатлар стратегияси туб мазмун-моҳиятини мухтасар ифода этадиган бўлсак, ушбу ноёб ҳужжатда ўз олдимизга янги Ўзбекистонни барпо этиш ва Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишдек буюк вазифаларни стратегик мақсад қилиб қўйган эдик. Ўтган йилларда ушбу хайрли мақсад йўлида туб ислоҳотлар амалга оширилди.
Шу ўринда охирги беш йил мобайнида амалга оширилган ислоҳотларга бир назар ташласак. Республикамизда 2017 йилга «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» ном берилиб, давлат дастури қабул қилинди. Ушбу асосда аҳоли ичига кириб бориш ва оилаларнинг ижтимоий ҳолати бўйича ишонарли ва аниқ далилли маълумот тайёрлаш, таснифлаш, камчиликларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар ва йўл хариталарини ишлаб чиқиш, кенгашда тасдиқлангач, кунма-кун ижросини таъминлаш ва назоратга олиб бориш вазифаси қўйилгани жамиятнинг янги босқичга қадам қўйишида «олтин пиллапоя» вазифасини ўтади.
2018 йилда «Обод маҳалла» ва «Обод қишлоқ» дастурларининг эълон қилиниши муҳим воқелик бўлди. Бошқа соҳалардаги ишлар қаторида айнан мана шу дастур ижроси борасидаги ислоҳотлар Ўзбекистоннинг дунё томонидан эътироф этилиш жараёнларида ўзига хос бир босқич бўлди. Мазкур дастур доирасида юртимизнинг барча ҳудудларида кенг кўламли ободонлаштириш ишлари амалга оширилди.
Элликқалъадан Қўрғонтепагача, Термиздан Қибрайгача бўлган ҳудудларда кечаю кундуз иш қайнади. Дастурга тушган қишлоқ ёки шаҳар қиёфасининг таниб бўлмас даражада ўзгариб кетганини мен ўзим туғилиб ўсган Файзиобод қишлоғи мисолида айта оламан. Олдинлари қишлоқда мактаб, болалар боғчаси, озиқ-овқат дўкони каби саноқли маиший бинолар бўларди. Ҳозир қишлоққа борсангиз ақлингиз шошиб қолади. Текис ва равон йўллар, замонавий уйлар, савдо дўконлари, хизмат кўрсатиш шохобчалари барпо этилиб, қишлоқ инфратузилмаси тубдан ўзгариб кетди. Кичик ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти йўлга қўйилди, қишлоқда ҳам тадбиркорлар қатлами пайдо бўлди.
«Темир дафтар», «Аёллар дафтари» юргизилиб, кам таъминланган, ижтимоий муҳофазага муҳтож аҳоли қатлами билан алоҳида ишлар олиб борилди. Мактаб, мактабгача таълим муассасасининг кўриниши ибратомуз даражага келтирилди. Ички йўллар ҳам таъмирланиб, ободонлаштириляпти. Энди бу кўчалар бўйлаб юрсангиз баҳру дилингиз очилади. Энг муҳими, бу қурилишлар дастур асосида, бир йил ичида бекаму кўст амалга оширилди.
Бундай бунёдкорлик ишларига ҳисса қўшиш Олий Мажлис Сенати фаолиятида ҳам устувор мезонга айланди. Сенат томонидан бу борада вилоят ва туманлар кесимида танловлар ташкил этилди, дастурлар ижроси кенгаш йиғилишларида мунтазам эшитиб борилди, қарорлар натижаси эътибордан четда қолдирилмади, ғолибларни аниқлаш механизмлари ишлаб чиқилди. Бу хайрли ишлар ҳозир ҳам давом этмоқда.
Аҳоли орасида юриб, оилалар ҳолати билан танишганимда бир савол доимо миямда чарх уради. Яъни, инсоннинг камбағалликка тушиб қолиши сабаби нимада, дей ўйлайман. Ҳаётий воқеалардан келиб чиқиб бу саволга шундай жавоб бериш мумкин: бепарволик, ҳафсаласизлик, олдинга интилмаслик, ҳокимиятга ишонмаслик, ўзимизни, оиламизни назоратга олмаганимиз, фарзандларимизнинг бирон касб-ҳунар эгаси бўлишига эътибор бермаслигимиз оёғимизга кишан бўлди. Бундай муаммолар туфайли айрим оилалар ҳатто кундалик тирикчилигини ҳам ўтказа олмай қолгани бор ҳақиқат. Қўлида ҳеч қандай ҳунари йўқ, маълумотга эга бўлмаган фарзандларимизни чет элга бориб пул топиб келишига ишониб яшадик.
Президентимизнинг камбағалликни бартараф этиш ва аҳолини ижтимоий ҳимоялаш бўйича ўз вақтида амалга оширган чора-тадбирлари туфайли бугун бундай муаммолар ечим топаётгани ҳар биримизни қувонтирмоқда. Хусусан, субсидия орқали иш ўринларини яратиш, олдин касбга ўргатиб, кейин иш ўрни очишни ташкил этиш бўйича самарали тизим яратилди. Ҳар бир оила аъзосига 7 миллион сўмгача субсидия ва янги иш ўрни яратиш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Бундай хайрли ишлар қисқа вақтда ўз натижасини бера бошлади, бугун бу имкониятдан оқилона фойдаланаётган минглаб оилаларнинг иқтисоди ўнгланди, десам муболаға бўлмайди.
Вилоятларда ишсиз аёлларни иш билан таъминлаш борасида ҳам қатор ишлар амалга оширилмоқда. Иссиқхоналар қуриб бериш, тикув машиналари совға қилиш, товуқ ва қуён боқишни кўпайтириш, турли хил маиший аппаратлар олиб бериш, ёшлар гузарларини ташкил этиш ёрдамида кўплаб иш ўринлари яратиляпти. Аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш, уй-жойга муҳтож эҳтиёжманд оилаларни ижтимоий ёки арзон уйлар билан таъминлаш каби лойиҳалар ҳозиргача дунёда тажрибасида кузатилмаган, инсонпарварликка йўғрилган ўзига хос ноёб лойиҳалардир.
Халқ билан мулоқот бўйича янгича тизим яратилди. Аҳоли мурожаатларини қабул қилиш, ўрганиш ва амалий ёрдам бериш давлат идоралари фаолиятининг асосий йўналишига айланди. Ҳолбуки, бу тизим бундан тўрт йил олдин йўқ эди, халқ давлат идоралари яқинига йўлаши ҳам мушкул масала эди. Ҳозирги кунда бу йўналишда республикамизнинг барча ҳудудларида давлат ва бошқа идораларда фуқаролар қабулхоналари, вилоят, туман, шаҳар марказларида Президент виртуал қабулхоналарининг очилиши ва самарали фаолият олиб бораётгани жамиятда адолат тамойилларини қарор топтириш, аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қилмоқда. Бу ишлар «Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак» деган муҳим конституциявий тамойилнинг ҳаётимизда бераётган муҳим самарасидир.
Ишончимиз комилки, бундай ислоҳотлар изчил давом этади. Президентимиз таъкидлаганидек, жонажон Ватанимизга бўлган чексиз меҳримиз ва садоқатимизни муқаддас байроқ қилиб, бор билим ва тажрибамиз, ақл-заковатимизни ишга солиб, ягона халқ, ягона миллат бўлиб, кўзлаган эзгу мақсадларимизга, албатта, етамиз. Янги Ўзбекистон жаҳон майдонида кучли салоҳият, муносиб обрў-эътиборга эга бўлган, ҳар томонлама обод ва фаровон мамлакатга айланади.
Толибжон МАДУМАРОВ,
Олий Мажлис Сенатининг
мудофаа ва хавфсизлик масалалари
қўмитаси раиси ўринбосари.