Нуфузли тадбирда Президентимиз томонидан илгари сурилган амалий ташаббуслар буни яққол тасдиқлайди. Аслида, давлатимиз раҳбарининг халқаро саммитлар, учрашувлар, мулоқотларда айтаётган барча таклифлари, фикрлари замирида умуминсоният манфаатларига хизмат қилувчи даъват, тинчлик, барқарорлик, фаровон ҳаёт йўлидаги ғоялар мужассам. Бу сўнгги йилларда янги Ўзбекистон юритаётган дўстона ташқи сиёсат самарасидир. Шу боис, галдаги саммитда ҳам Ўзбекистон томонидан билдирилган ташаббуслар иштирокчи давлатлар томонидан фаол қўллаб-қувватланди.
ТДТ туркий дунё бирдамлигининг институционал ифодаси бўлиб, тарихий босқичлар орқали ривожланди. Ташкилот бугунги кунда умумий тарих, тил ва маданият асосида ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаётган, минтақавий барқарорлик ҳамда тараққиётга хизмат қилаётган нуфузли халқаро ташкилотга айланди.
Ҳар гал ТДТ саммити халқлар тараққиёти, тинчлиги ва фаровонлиги йўлида бирлашишга интилишни намоён этмоқда. Бу борада 2024 йил 6 ноябрь куни Бишкек шаҳридаги саммитда Ўзбекистон ташаббуси билан тарихий ҳужжат — Туркий дунё хартияси қабул қилиниши қардош давлатлар ва халқлар ўртасида ривожланиб бораётган кўп қиррали ҳамкорликнинг ёрқин ифодаси бўлди.
Президентимизнинг Габала саммитидаги нутқи, ташаббуслари кенг жамоатчиликда доимгидек катта таассурот қолдирди. Орзу-интилишлар сари дадил одимлашга, янада жипслашишга сабаб бўлди. Негаки ушбу ғоя ва ташаббуслар нафақат мамлакатимиз, балки аъзо давлатлар, Марказий Осиё халқлари учун ҳам ҳар томонлама манфаатли. Бунинг ёрқин мисолига бугун барчамиз гувоҳмиз. Дунёнинг энг йирик ОАВларида, ижтимоий тармоқларда янги Ўзбекистон шижоати хусусида фикрлар янграмоқда. Жумладан, янги Ўзбекистон кучли, стратегик, марказлашган ва тарихий ҳақиқатларга таянган ҳолда Учинчи Ренессанс пойдеворини қуришга интилаётган давлат эканини Президентимиз саммитдаги нутқида ўртага ташлаган ташаббуслари билан яна бир карра тасдиқлади.
Минтақавий ва глобал хавфсизлик масалалари бўйича ёндашувларни мувофиқлаштириш мақсадида Самарқандда Туркий давлатлар ташкилоти ташқи ишлар вазирлари ва махсус хизматлари раҳбарлари биринчи қўшма учрашувини ўтказиш таклиф этилди. Бу аъзо давлатларнинг дипломатик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва мавжуд муаммоларни бамаслаҳат, ҳар томонлама манфаатли равишда ҳал этиш имконини беради.
Стратегик шериклик, абадий дўстлик ва қардошлик тўғрисидаги шартномани тез фурсатда қабул қилиш қўллаб-қувватланди. Шу мақсадда Туркий давлатлар ташкилотини 2030 йилгача ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш зарурлиги айтилди. Янги Ўзбекистоннинг сўнгги тўққиз йиллик сиёсатида яхши қўшничилик ва халқлар ўртасида дўстлик муносабатлари энг асосий ўрин ва аҳамият касб этиб келмоқда. Бу эса қардош халқлар ўртасида ўзаро тинчликни барқарорлаштириш, тотувлик ва бағрикенгликка асосланган муносабатларни ўрнатиш ҳамда мустаҳкамлашга замин яратяпти. Шу жиҳатдан олганда, мазкур ташаббус янги Ўзбекистон бундан кейин ҳам ушбу йўналишда қатъий сиёсат юритишини англатади.
Туркий давлатларнинг иқтисодий шериклик бўйича доимий кенгашини тузиш ва унинг лойиҳа офисини Тошкентда жойлаштириш таклифи ҳам ҳар томонлама чуқур ўйланган, назарий ва амалий асосларга эга. Бу асослар нималарда намоён бўлади? Аввало, айтиш керакки, ушбу ташкилот ишида Ўзбекистон энг кўп амалий лойиҳаларни, ташаббусларни илгари суради ва уни амалга оширишни таъминлайди. Бу ҳар галги саммит хулосаларида маълум бўлмоқда. Шунинг учун ҳам мамлакатимизда ушбу ташкилотнинг лойиҳа офиси бўлиши мантиқан тўғри.
Туркий давлатлар саноат альянси, “Туркий яшил йўлаклар” тизими ва “Яшил трансформация” консорциумини ташкил этиш таклифларининг ҳам ўзига хос моҳияти бор. Янги Ўзбекистонда “яшил иқтисодиёт”га катта эътибор қаратилмоқда. Бу жараён шиддатли тус олган. Қардош давлатлар манфаатлари бирлашиб, “Туркий яшил йўлаклар” тизими ва “Яшил трансформация” консорциуми ташкил этилиши бу борадаги эзгу мақсадлар рўёбини жадаллаштириб, тараққиёт сари биргаликдаги йирик ҳаракат юзага келади.
Органик қишлоқ хўжалиги бўйича экспертлар гуруҳини ташкил этиш ва туркий органик маҳсулотларнинг ягона брендини жаҳон бозорига олиб чиқиш ғояси ўта муҳим. Албатта, ташкилотга аъзо давлатларда миллий бренд маҳсулотлар мавжуд ва улар дунё бозорига бир давлат номидан чиқяпти. Умумий бренд остида ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар эса чегара ва транзит хизматлари чегирмалари ҳамда қулай имтиёзлар қўллаш натижасида жаҳон бозорига ҳам сифатли, ҳам арзон нархларда кириб боради.
Президентимиз нутқида ўрта йўлакни ривожлантириш ва уни “Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон” темир йўли ҳамда Трансафғон йўлаги лойиҳалари билан боғлаш муҳимлигини таъкидлади. Ўзбекистон транспорт инфратузилмаси имконияти жиҳатидан минтақада етакчи ва илғор давлат. Мана шу имкониятни аъзо давлатлар билан, жумладан, энг кучли иқтисодиётлардан бири — Хитой ҳамда ШҲТ ҳамкорлигида амалга ошириш мақсад қилинган.
Туркий инвестиция жамғармаси фаолиятини кенгайтириш ҳамда халқаро ва миллий молия институтлари билан ҳамкорлик дастурини қабул қилиш зарурлиги айтилди. Бунинг натижасида ташкилот манфаатлари доирасида янги молиявий қўллаб- қувватловчи институтлар вужудга келади.
Сунъий интеллект ва креатив иқтисодиёт бўйича “йўл харитаси”ни қабул қилиш ва Туркий дунё халқаро кўргазмасини Ўзбекистонда ўтказиш ғояси жуда долзарб. Биз ахборот ва сунъий интеллект инсоният ҳаётига жадал кириб келаётган даврда яшаяпмиз. Бугун сунъий интеллект глобал тармоқ тарзидан илғор ҳаракатга айланмоқда. Бу борада жамиятларга ижобий тараққиёт кириб келиш билан бирга ахборот хуружи ҳам ўсиб бориши тайин. Шундай экан, туркий давлатларнинг умумманфаатига хизмат қилувчи кучли кадрларни тайёрлаш, билим ва кўникмаларини биргаликда ривожлантириш муҳим. Ўзбекистонда қўшма тадқиқотлар ва инновациялар майдонига айланадиган Туркий давлатлар халқаро университети ташкил этилиши бунда қўл келади, албатта.
2026 йилда “Низомий Ганжавий ва Алишер Навоий ижоди — Туркий дунё маънавий ҳаётида” мавзусида халқаро конференция ўтказиш ташаббуси ҳам илгари сурилди. Туркий тилли давлатлар ҳақида сўз юритганда, албатта, Алишер Навоий кўз олдимизда гавдаланади. Унинг турк тили ривожидаги юксак ҳиссасини нафақат туркий халқлар, балки дунё яхши билади. Бу ташаббус бугунги таълим даргоҳларида туркий дунё илдизларини боғловчи улуғлар ҳаёти ва ижодини чуқур ўрганиш, ёшларни аждодларига муносиб авлод бўлиб етишишга ундайди.
Умуман олганда, Габала саммитида илгари сурилган ташаббуслар Туркий давлатлар ташкилоти фаолиятини янги босқичга олиб чиқиш, уни минтақавий эмас, балки глобал миқёсдаги нуфузли тузилма сифатида шакллантириш имконини беради. Президентимиз томонидан таклиф этилган йўналишлар иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштириш, транспорт ва логистика салоҳиятини ошириш, “яшил” энергетика, саноат кооперацияси, хавфсизлик, таълим ва маърифат соҳаларидаги аниқ лойиҳалар орқали ўзаро боғлиқлик ва тараққиёт суръатини мустаҳкамлайди.
Ташкилот доирасида “бир овоз, бир мақсад, бир келажак” тамойили асосида амалга оширилаётган бундай саъй-ҳаракатлар туркий давлатларнинг умумий тарихий ва маънавий меросига таянади. Энг муҳими, бу ташаббуслар фақат бугунги муаммоларни ҳал этишга эмас, балки келажак авлодлар учун барқарор, инновацион ва бирлашган туркий дунё барпо этишга қаратилган.
Обиджон ҲАМИДОВ,
Бухоро давлат университети ректори, профессор
Ҳамкорлик материали