Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси билан ҳамкорликда ўтказилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Жамшид Қосимов ва Шахноза Махаматова профессор-ўқитувчилар ва факультет тьюторлари ҳамда талаба ёшлари иштирок этди.

Тадбирнинг давомида Олий Мажлис депутати Жамшид Қосимов Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисидаги «Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси асосида демократик ислоҳотлар йўлини қатъий давом эттирамиз» нутқининг мамлакатимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлиги учун муҳим аҳамияти ҳақида талабаларга сўзлаб жумладан шундай деди:

— Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси етти йўналишдан иборат этиб белгиланганлиги эътиборга молик. Мазкур ҳужжатда «Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари» деган тамойил асосий ғоя ва бош мезон сифатида белгиланган ҳамда «инсон – жамият – давлат» деган янги тамойил фаолиятининг асоси ҳисобланади. Стратегия эркин фуқаролик жамиятини ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш, адолат ва қонун устуворлиги – халқчил давлат қуриш, миллий иқтисодиётни, унинг ўсиш суръатларини замон талаблари даражасида ривожлантириш, адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, сифатли таълим-тарбия, маънавий ва маърифий соҳалардаги ислоҳотлар, Қуролли Кучларимиз қудратини янада ошириш сингари муҳим масалаларни қамраб олган. Аҳоли бандлигини таъминлаш, ёшлар ва ишсиз фуқароларни давлат ҳисобидан малакали касб-ҳунарга ўқитиш, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, эҳтиёжманд аҳолини манзилли қўллаб-қувватлаш орқали 2026 йилгача камбағалликни икки баробар қисқартиришни кўзда тутади—деди.

Шаҳноза Махаматова мамлакатимизда ёшларга қаратилаётган кенг эътибор, барча соҳаларда ёшларнинг ўрни, айниқса, давлатимиз раҳбари томонидан «Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида»ги қонуни ёшлар ҳаётида муҳим аҳамият касб этаётганини алоҳида таъкидлади. Тадбирда ёшлар ўқиб-ўрганиши, замонавий билим ва кўникмаларни эгаллаши, ҳунарли бўлиши учун айни пайтда қабул қилинган Давлат Дастурида кўплаб ташаббуслар илгари сурилгани, режалар айтилгани ҳақида ҳам батафсил тушунтирилиб, мамлакатимизда ёшлар фаолиятига доир бошқа муҳим қарор ва фармонлар, қонунлар қабул қилинаётгани ва унда ёшларнинг ҳам таклиф, фикр-мулоҳазалари ўрин олаётганлиги ёшларга қаратилаётган юксак эътиборнинг намунаси эканлиги таъкидланди.

Қайд этилганидек, бугунги кунда мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ёш авлодни баркамол қилиб тарбиялаш, уларнинг ҳаётга мустақил қадам қўйишлари учун барча зарур шароитларни яратишга қаратилган. Зеро, ёш авлодда мустаҳкам ватанпарварлик ғояси ҳамда қатъий фуқаролик позициясини шакллантириш кечиктириб бўлмайдиган вазифадир. Тадбир сўнгида ёшларни қизиқтирган барча саволларга депутатлар томонидан атрофлича жавоб берилди.

Бахромжон Ибрагимов,

ТДТУ Машинасозлик факультети

Ёшлар билан ишлаш бўйича декан муовини.