Инсон қадр-қимматини таъминлашнинг энг асосий ва зарур шартлари мужассам бўлган устувор йўналишлар орқали халқпарвар давлат барпо этиш, инсон қадр-қиммати ва унинг қонуний манфаатларини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларимиз янги поғонада қизғин давом эттирилиши кўзда тутилмоқда.
Жорий йил 11 ноябрда «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати биносида Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитасининг Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида кўзда тутилган бир қатор масалалар муҳокамасига бағишланган йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда Тараққиёт стратегиясидаги парламент фаолияти, қонун ижодкорлигини янада фаоллаштириш, парламент назоратини кучайтириш ва халқ депутатлари туман(шаҳар) кенгашлари фаолиятини жадаллаштириш, қонун нормалари ижросини қатъий таъминлаш борасида қилиниши керак бўлган ишлар муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, давлат раҳбари ўз нутқида Тараққиёт стратегиясини амалга оширишда халқ вакиллари бўлган сенатор ва депутатлар ўрни муҳим эканлигини алоҳида таъкидланган. Шунингдек, Олий Мажлис фаолиятини янада такомиллаштириш, халқимиз кутаётган, Янги Ўзбекистон тараққиётини тезлаштиришга хизмат қиладиган қонунчилик концепциясини ишлаб чиқиш ва ҳаётга татбиқ этиш, қонун ижодкорлиги фаолиятини демократлаштириш ва улар ижросини таъминлашга қаратилган парламент назоратини кучайтиришга устувор аҳамият берилиши кўрсатиб ўтилган эди.
Эндиликда парламент томонидан мамлакатимиз бўйича мурожаатлар билан ишлаш ҳолати назоратга олиниб, жойлардаги ижро идораси раҳбарлари ҳисоботини эшитиш ва унинг натижасига мувофиқ, уларга нисбатан таъсирчан чоралар кўриш амалга оширилади.
Маълумки, Хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, давлат ва жамият бошқарувидаги ўрни ва нуфузини янада ошириш учун мамлакатимизда амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар муайян натижаларни бермоқда.
Айни вақтда Сенат олдида ҳал этилиши керак бўлган, жамиятимизда аёл, оналар иззат-ҳурматини жойига қўйиш, улар муаммоларини бартараф этиш, қизлар салоҳиятини намоён этишлари учун шароитларни кенгайтириш, гендер тенглик, оила, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш борасидаги ишларни янги босқичга кўтаришдек шарафли вазифа турибди. Мажлисда президентимиз ана шу мақсадни кўзлаб мамлакатимизда Миллий дастур қабул қилинишини эълон қилгани таъкидланди.
Йиғилишда мазкур дастурни ишлаб чиқишдан мақсад, унда акс этиши керак бўлган вазифалар, шу жумладан оилада фарзанд тарбиясига оналар билан бирга оталарнинг ҳам масъулиятини оширишда зарур чора-тадбирларни белгилаш, фарзанд тарбияси фақатгина оналар зиммасида қолиб кетмаслиги юзасидан таклифлар киритиш масалалари муҳокама қилинди, деб хабар беради Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.