Мазкур мактаб асосчиси академик Бакриддин Зарипов машғулот иштирокчиларига каламушда жарроҳлик амалиётини бажариб кўрсатди. Маълумки, физиология ҳаёт ҳақидаги фан бўлиб, тиббиёт ва ветеринариянинг асоси ҳисобланади. Шу маънода, инсоният саломатлиги ва келажаги учун бу фаннинг қанчалик муҳим аҳамиятга эга эканлигини тасаввур қилиш қийин эмас. Бироқ узоқ йилларда у эътибордан узоқда қолиб кетди. Давлатимиз раҳбари томонидан илм-фан ва таълим ривожи йўлида олиб бораётган тизимли ислоҳотлар туфайли юртимизда физиология фани қайта оёққа турмоқда.

Дарҳақиқат, иқтидорли ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ёшларга замонавий билимларни ўргатиш орқали рақобатбардош кадрлар тайёрлаш ислоҳотларнинг энг устувор йўналишларидан бирига айланган.

Бу жараёнда талаба-ёшларнинг илмий янгиликлар қилиш, ихтиролар яратишга рағбатлантириш, бир сўз билан айтганда, уларнинг истеъдини юзага чиқариш йўлида кўплаб лойиҳалар ҳаётга татбиқ қилиняпти. Ўзбекистон Миллий университетининг биология факультетида Одам ва ҳайвонлар физиологияси кафедраси қошида “Янги Ўзбекистон ёш физиологлари мактаби”нинг тузилгани бу борадаги кенг кўламли ишларнинг бири, холос.

— Ёш физиологлар мактаби олдига қўйилган асосий вазифа талаба ва ёш олимлар орасида физиология фанини кенг тарғиб қилиш, жаҳон физиологлари тажрибаларини чуқур ўрганишдан иборатдир, — дейди  Жаҳон физиологлар жамияти (Стокгольм) академиги Бакриддин Зарипов. — Шу билан бирга, бўлғуси мутахассисларни инновацион физиологик лабораториялар билан яқиндан таништириш, мустақил экспериментлар қилиш орқали юқори малакали, профессионал, бугунги замон талабига мос кадрларни тайёрлашга кўмаклашишни мақсад қилганмиз. Ёш олимлар бошини қовуштираётган мазкур мактабда машғулотлар анъанавий усулдан имкон қадар қочилиб, инновацион усул ва технологиялардан фойдаланилгани қувонарлидир.

Негаки, назарий билимлар амалиёт билан уйғунлашсагина янада мустаҳкамланади, янгиликларга руҳлантиради. Шунинг учун биринчи очиқ дарсда “Каламушларда сурункали (in vivo) тажриба қўйиш усулини ўргатиш” мавзуидаги тренингда  маърузачи-жарроҳ Вистер линиясининг оқ каламушидан жарроҳлик амалиётини бажарди.

Унинг айтишича, ушбу “in vivo” тажрибасида бежиз каламуш танлангани йўқ. Ушбу жонивор физиологик функциялари, жумладан, овқат ҳазм қилиш, қон айланиш, гармонларнинг ишлаши ва бошқа  жиҳатларидан инсонларга энг яқини ҳисобланади. Шу боис ўткир ва хроник экспериментлар, “in vivo” ва “in vitro” тажрибалари ўтказишда, кўргазмали жарроҳлик дарсларида, асосан, каламушдан фойдаланилади.

Машғулот давомида Бакриддин Зарипов устози, машҳур физиолог олим, академик А.Уголев билан ҳамкорликда олиб борган “Каламушларда (in vivo) ингичка ичак мембранасининг гидролиз ва озиқ моддалар сўрилишини ўрганиш замонавий усуллари” тадқиқоти асосида жарроҳлик амалиётини ўтказди.

Эътиборлиси, ёш олимлар, бакалавр ва магистрлар ушбу жараённинг кузатувчиси эмас, балки бевосита иштирокчисига айланиб, олган назарий блимларини амалиётда синаб кўриш имкониятига эга бўлдилар. Бундай машғулотлар мунтазам равишда ўтказилиши белигилаб олингани эса ёшларнинг илм уммонига шўнғиб, инсоният саломатлиги йўлида изланиб, физиология фанида янгиликлар қилишга ундаши табиий.

Зеро, ёш физиолог олимлар замонавий билимларни чуқур эгаллаш ва Янги Ўзбекистон илм-фанини ютуқларини дунёга танитишни ўз олдиларига бош мақсад қилиб олишган.   

Гуличеҳра ДУРДИЕВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири