Ушбу ҳафталик доирасида 3 декабрь куни “Янги Ўзбекистонда фуқаролик жамиятининг ҳолати ва ривожланиш тенденциялари” мавзусидаги Миллий маъруза тақдимотига бағишланган давра суҳбати ўтказилди.

Тадбир Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази ташаббуси билан Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фонди, “Юксалиш” ҳаракати, Ўзбекистон ННТлар миллий ассоциацияси, Маҳаллалар уюшмаси ва Миллий медиа бирлашмаси ҳамкорлигида ташкил этилди.

Тадбирда давлат ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, маҳаллий экспертлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари — жами 100 га яқин мутахассис иштирок этди.

Дастлаб, кириш сўзи билан Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази директори, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Азамат Пардаев чиқиш қилди ва суҳбат иштирокчиларига Миллий маърузанинг асосий йўналишлари, таҳлил ва хулосаларини тақдим этди.

Азамат Пардаев ўз маърузасида қуйдагиларни билдириб ўтди:

“Миллий маърузада фуқаролик жамиятини ривожлантириш борасида амалга оширилган ишлар, тенденциялар, ислоҳотлар ҳамда соҳани янада ривожлантириш ва янги босқичга кўтариш бўйича таклиф ва тавсиялар қамраб олинган. Ушбу таклифлар орасида эътиборга молик жиҳатлардан бири нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисидаги қонунни янги таҳрирда қабул қилиш заруратидир. Шу билан бирга, соҳавий институтларни ривожлантиришга доир бошқа муҳим масалаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилган.”

Давра суҳбатида таъкидланишича, Янги Ўзбекистон тараққиёт босқичида илк бор тайёрланган мазкур Миллий маъруза мамлакатда фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ислоҳотларни чуқур таҳлил қилишга хизмат қилади.

Маърузанинг асосий мақсади Ўзбекистонда демократик ислоҳотлар натижасида шаклланган фуқаролик жамиятининг бугунги қиёфасини холис баҳолаш, эришилган ютуқлар, замонавий чақириқлар ва истиқболдаги стратегик йўналишларни белгилашдан иборат.

Миллий маърузадан ўрин олган таҳлилларда фуқаролик жамияти институтларининг ривожланиш динамикаси, уларнинг самарали фаолияти учун яратилган ҳуқуқий ва институционал шароитлар, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларда иштироки каби масалалар атрофлича ёритиб берилди.

Тадбирда қайд этилганидек, охирги йилларда қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар соҳада янги босқич бошланишига замин яратди. Жумладан, янги таҳрирдаги Конституцияда илк бор “Фуқаролик жамияти институтлари” деб номланган махсус XIII бобнинг киритилиши, фуқаролик жамиятининг мақоми ва роли мустаҳкамлангани таъкидланди. Ушбу боб орқали жамоат бирлашмалари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, маҳалла институти ва оммавий ахборот воситалари фуқаролик жамиятининг асосий институтлари сифатида белгилаб қўйилди.

Ҳозирги кунда фуқаролик жамияти фаолиятини тартибга солишга қаратилган 200 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжат амалда. 2021 йилда қабул қилинган “2021-2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси” соҳадаги ишлар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилганини тасдиқлади.

Шунингдек, “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида фуқаролик жамияти институтларини ислоҳотларга кенг жалб қилиш, мамлакатни ушбу соҳада минтақавий хабга айлантириш мақсади белгилаб берилган.

2024 йил 26 августда Президент фармони билан соҳада муҳим институционал ўзгаришлар амалга оширилди. Жумладан, Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фонди ва унинг ҳудудий бўлинмалари ташкил этилди. Дастурларни молиялаштиришда шаффофликни таъминлаш мақсадида давлат грантлари, субсидиялар ва ижтимоий буюртмаларни ажратиш бўйича ягона электрон платформа ишга туширилди.

2025 йилда фуқаролик жамияти институтларининг муҳим ташаббус ва лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш учун 1 триллион 200 миллиард сўм маблағ ажратилгани ҳам таъкидланди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон ННТлар миллий ассоциацияси раисига Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва унинг қўмиталари мажлисларида ННТлар манфаатини ифодаловчи вакил сифатида иштирок этиш ҳуқуқи берилди.

Бугунги кунда мамлакатимизда: 9 627 та нодавлат нотижорат ташкилоти, 9 008 та маҳалла фуқаролар йиғини, 2 490 та оммавий ахборот воситалари, 3 000 га яқин жамоат тузилмалари фаолият юритмоқда ва уларда 150 мингдан ортиқ мутахассис меҳнат қилмоқда.

Ўзбекистоннинг маҳалла тизими бўйича шаклланган ноёб тажрибаси БМТ, ШҲТ ва бошқа халқаро ташкилотлар томонидан юқори баҳоланиб, Марказий Осиё ҳамда ривожланаётган мамлакатлар учун самарали модел сифатида ўрганилмоқда.

Давра суҳбатида иштирокчилар фуқаролик жамияти институтлари ва давлат органлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ННТлар фаолиятига оид ахборот таъминотини кенгайтириш, кадрлар малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш, грант менежменти ва ижтимоий инновацияларда рақобатбардошликни кучайтириш, жамоатчилик кенгашлари фаолияти самарадорлигини ошириш борасида қатор таклифларни илгари сурдилар.

Шунингдек, Ўзбекистон Маҳаллалари уюшмаси бошқармаси бошлиғи Хотамжон Кетмонов “Маҳалла ва ННТлар: Ҳамкорлик орқали ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш” мавзусида маъруза қилиб, соҳадаги ҳамкорлик механизмларини ривожлантириш юзасидан амалий таклифларни билдирди.

Қизғин фикр алмашувларга бой бўлган суҳбат ҳафталикнинг янгича ғоялар, ташаббуслар ва инновацион лойиҳалар учун очиқ мулоқот майдони сифатидаги аҳамиятини яна бир бор тасдиқлади.

Тадбир якунларида “Фуқаролик жамиятининг ҳолати ва ривожланиш тенденциялари”га бағишланган Миллий маърузадан келиб чиққан таклиф ва хулосалар кенг жамоатчиликка етказилиши қайд этилди. Маъруза ва ҳафталик доирасидаги фаол мулоқотлар фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш, давлат ва жамият ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилиши таъкидланди.

Зулхумор АКБАРОВА