Таълим тизимини ислоҳ қилиш бўйича қабул қилинган қарорлар, амалга оширилган ислоҳотлар ва давлат раҳбарининг ташаббуслари натижасида бутун тизимда туб ўзгаришлар кузатилди.
Аввало мактабгача таълим соҳасида сўнгги йилларда катта суръатлар билан ўсиш кузатилди. Янги боғчаларнинг қурилиши, давлат-хусусий шериклик асосида лойиҳаларнинг йўлга қўйилиши, маҳаллий бюджетлардан ажратилаётган маблағлар бу соҳадаги қамровни сезиларли даражада оширди. Умумтаълим тизимида ҳам туб ўзгаришлар амалга оширилди. Президентимиз ташаббуси билан тарбия-таълим жараёнларига ягона миллий ғоя асосида ёндашиш концепцияси қабул қилинди. Бу ғоя орқали болалар боғчасидан тортиб олий таълимгача бўлган барча босқичда тарбия ва маънавий-маърифий ишлар узвийликка эга бўлади. Ортиқча тадбирлар ва формал ёндашувлар қисқартирилиб, таълим жараёнлари мазмунан самарали фаолиятга йўналтирилмоқда. Мактабларда «Келажак» марказларининг ташкил этилиши, маслаҳатчи лавозимларининг киритилиши ўқувчиларнинг қобилияти ва қизиқишларини аниқлаб, уларни тўғри йўналтиришга хизмат қилади. Бу орқали ҳар бир ўқувчидаги салоҳият эрта кашф этилиб, керакли кўникмаларга айланиши мумкин.
Юқори босқичда эса замонавий иқтисодиёт талабларига жавоб берадиган билим ва кўникмаларни шакллантириш масаласи кун тартибига чиқди. Шу мақсадда муҳандислик йўналишларига алоҳида эътибор қаратилди. Ҳозирда мамлакатнинг турли ҳудудларида муҳандислик мактаблари ташкил этилмоқда. Уларда замонавий STEM модели жорий этилиб, ўқувчилар танлов асосида қабул қилинади ва давлат томонидан қўллаб-қувватланади.
Бу ташаббуслар мамлакатнинг саноат ва технология салоҳиятини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этади. Муҳандислик соҳаси иқтисодиётнинг драйверига айланиши учун кадрлар тайёрлаш жараёни аввало мактаб босқичидан йўлга қўйилиши лозим ҳисобланади. Олий таълим тизимида сўнгги йилларда эришилган натижалар ҳам диққатга сазовор. Аввало қамровнинг ортиши ва янги олий ўқув юртларининг очилиши натижасида абитуриентлар учун имкониятлар анча кенгайди.
Агар бир неча йил олдин университетга кириш фақатгина маълум бир сонли ёшларнинг имкони бўлса, бугунги кунда ёшларнинг катта қисми олий таълим олиш имконига эга бўлмоқда. Бу билан бир қаторда, таълим сифатини таъминлаш масаласи ҳам эътибор марказига олинмоқда.
Университетларнинг молиялаштирилишида натижага боғланган кўрсаткичлар жорий этилиши, аккредитация жараёнларини халқаро мезонларга мослаштириш, битирувчиларнинг меҳнат бозоридаги рақобатбардошлигини таъминлаш энг муҳим вазифаларга айланмоқда.
Шу билан бирга, мамлакатда халқаро ҳамкорлик алоҳида суръатда ривожланмоқда. Бугунги кунда Ўзбекистон халқаро университетларнинг филиаллар сони бўйича дунёда етакчи мамлакатлар қаторига кирди. Бу жараён нафақат ёшларимизнинг халқаро стандартларда таълим олишига, балки маҳаллий академик муҳитнинг ўсишига ҳам хизмат қилмоқда.
Бу йўналишда Тошкент шаҳридаги Вебстер университети ҳам Олий таълим ривожига ўз ҳиссасини қўшиш мақсадида салмоқли ҳаракатларни амалга оширмоқда. 2019 йилда Президентимизнинг 4245 — қарори асосида очилган мазкур таълим даргоҳи қисқа вақт ичида Ўзбекистондаги энг нуфузли халқаро кампуслардан бирига айланди.
Бугунги кунга келиб 6 000 дан зиёд талабалар университетда 10 дан ортиқ йўналишларда таҳсил олишмоқда. Бундан ташқари университет халқаро таълим даргоҳлари билан ҳамкорлик ҳамда Республикада таълим ривожи ва инновациялар амалга ошириш масалаларида жадал ислоҳотлар олиб бормоқда. Шу билан бирга, таълим жараёнларида рақамли технологиялардан фойдаланиш босқичма-босқич янги босқичга кўтарилмоқда. Бу эса ўз навбатида шаффофликни таъминлаб, тизимдаги турли камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш имконини бермоқда.
Албатта, таълимда эришилган ютуқлар билан бирга, ҳал этилиши лозим бўлган вазифалар ҳам кўп. Халқаро баҳолаш тизимлари, хусусан PISA натижалари, мамлакатимизда таълим сифатини ошириш зарурлигини кўрсатди. Ўқувчиларнинг асосий компетенциялар бўйича кўрсаткичлари ҳали халқаро меъёрлардан паст эканлиги, ўқитиш методикасини янгилаш ва ўқитувчилар малакасини ошириш зарурлигини кўрсатиб турибди.
Демак, кейинги босқичда кенг қамровни сифат билан уйғунлаштириш, замонавий педагогик технологияларни жорий этиш ва илмий-тадқиқот билан таълим жараёнини чуқур интеграция қилиш зарур. Келгуси режалар таълим тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган. Мактабгача таълимда сифат кўрсаткичларини ошириш, умумтаълимда асосий саводхонликдан юқори компетенцияларга ўтиш, олий таълимда натижавий молиялаш тизимини жорий этиш, фан ва ишлаб чиқариш ҳамкорлигини кучайтириш, халқаро шерикликларни янги форматда ривожлантириш режалаштирилган. Муҳими, ҳар бир босқичда ўсиш нафақат рақамларда, балки сифат ўзгариши асосий мезонга айланмоғи керак.
Шу тарзда Ўзбекистон таълим тизими босқичма-босқич замонавий, инклюзив ва глобал рақобатбардош шаклга эга бўлиб бормоқда. Янги Ўзбекистонни қуриш жараёнида таълим энг асосий сармоядир. Ҳар бир боғча, ҳар бир синфхона, ҳар бир университет аудиторияси ва лабораторияси мамлакатнинг келажаги учун асосий инвестициядир.
Расул Раҳмонов,
Тошкент шаҳридаги Вебстер университети
Ижрочи директори
Иқтисодиёт фанлари номзоди, профессор
Ҳамкорлик материали