Чекланган имконият билан ҳам инсон юксакликка парвоз этиши, орзулари ушалиши учун ҳаракат қилиши, шу орқали мақсадларини амалга ошириши мумкин. Санъат, маданият, адабиёт, илмфан қаторида спорт ҳам бу борада инсонга беқиёс куч беради: умид бағишлайди, ҳаётни рангин қилади.  Тўғри, бу осон кечмайди. Унинг ҳам ортида заҳмат, машаққатли машғулотлар бор. Бу эса иродани тоблайди, матонат бағишлайди, инсон имкониятлари бениҳоя чексиз эканини исботлайди.

...Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропорти. Токиодан учган Ўзбекистон самолёти азиз заминимизга енгил қўнади. Бу самолётда Токио-2020 Паралимпия ўйинларида муваффақиятли иштирок этиб, Ватанимизга ёруғ юз билан қайтган спортчиларимиз, уларнинг мураббийлари тантанали кутиб олинди.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда паралимпия йўналишида салмоқли ишлар амалга оширилди. Ҳукумат миқёсида ҳужжатлар қабул қилинди. Бир сўз билан айтганда, паралимпия спорт турларини янада ривожлантириш яхлит умуммиллий ҳаракат касб этди. Демак, спортчилар қўлга киритаётган ҳар бир ютуқ замирида, шубҳасиз, мамлакатимизда улар учун яратиб берилаётган шароит ва имкониятларнинг алоҳида ўрни бор. Чунки истеъдод ва қобилият эътибор туфайли юзага чиқади, ҳаракатга ундайди. Бу эса ғалабаларга йўл демакдир.

Япония пойтахти — Токио шаҳрида бўлиб ўтган Паралимпия ўйинларида спортчиларимиз Ватан ва миллат шарафини шаҳду шиддат билан ҳимоя қилди. Юртдошларимиз уларнинг ҳар бир ўйинини катта иштиёқ билан кузатиб, қўллаб-қувватлаб турди.

Спортчилар эришган натижа эса, албатта, қувонарли. Ўзбекистон умумжамоа ҳисобида 162 давлат орасида XVI Паралимпия ўйинларини 16-ўрин билан якунлади. Спорт делегацияси ушбу Паралимпия ўйинларига 48 спортчи билан 55 та йўлланмани қўлга киритган эди. Якунда эса, Ўзбекистон жамоаси 8 олтин, 5 кумуш ва 6 бронза, жами 19 медалга сазовор бўлди. Мамлакатимиз Осиё жамоалари ва МДҲ  мамлакатлари орасида тўртинчи, Марказий Осиё ва Туркий халқлар орасида биринчи ўринни қўлга киритди.

...Юртимиз фахри — спортчиларимиз байрамона безатилган автобусларда Тошкентнинг марказий кўчалари бўйлаб ғолибона 
юришдан сўнг “Янги Ўзбекистон” боғи томон йўл олди. Шаҳар кўчалари миллат қаҳрамонларини кутиб олишга чиққан юртдошларимиз билан гавжум. Уларнинг кўзи ҳавас, кўнгли ҳайратга лиммо-лим. Кичкинтой фарзандларини елкасига ўтқизиб, чемпионларни олқишлаётган ота-оналар айни дамда ўз боласининг мурғак қалбига Ватан шарафини ҳимоя қилиш шундай бўлиши ҳақидаги илк тасаввурларни экаётган бўлса, не ажаб?!

Муҳташам “Янги Ўзбекистон” боғи ўз қаҳрамонларини кутиб олишга шайлангандай виқор тўкади. Боғ чемпионларга совға, чемпионлар эса ўз медалларини Янги Ўзбекистонга бағишламоқда. Ана шу уйғунлик ичра тантанали тақдирлаш маросими бошланди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддинжон Исмоилов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид ва ота-оналар номидан сўз олганлар паралимпиячиларимизни тарихий ғалабалари билан қутлади.

Спортчилар мамлакатимизда спортга қаратилаётган эътибор, спортчиларга, хусусан, пара-спортчиларга яратилаётган шароит ва имкониятлар ҳақида мамнуният билан гапирди.

Сўнг тадбирнинг энг қизғин палласи бошланди. Унда паралимпия ўйинлари ғолиблари Президент совғаси — машина, уй ҳамда пул мукофотлари билан тақдирланди.

— Дубайда ўтган жаҳон чемпионатида бронза медални қўлга киритганимда менда бироз ҳаяжон ва қўрқув бор эди, — дейди пара-енгил атлетиканинг найза улоқтириш тури бўйича олтин медаль соҳиби Нозимахон Қаюмова. — “Рио-2016”дан олтин медаль билан қайтгандим. Шундан буён юртимизда параспортчиларга мисли кўрилмаган эътибор берилди. Бу ишончни тўлиқ оқлаш эса, зиммамизга масъулият юклади. Шукрки, Ватаним, Президентим, халқим олдида юзим ёруғ бўлди. Аслида спорт саломатлигимиз учун сув ва ҳаводай муҳим. Бироқ Президентимиз бизнинг ғалабаларимизни юксак баҳолаб, қимматбаҳо совғалар билан тақдирлади. Париж олимпиадасида ҳам  Ўзбекистонимиз шарафини астойдил ҳимоя қиламиз, деб сўз бераман.

Тақдирлаш маросимида Паралимпия ўйинлари ғолибларининг ҳар бирига 200 минг АҚШ доллари, уй ва автомобиль, кумуш медаль совриндорларига 100 минг АҚШ доллари, автомобиль ва хонадон, бронза медали соҳибларига эса 50 минг АҚШ доллари, хонадон ва автомобиль  Ўзбекистон Республикаси Президентининг совғаси сифатида топширилди.

“Янги Ўзбекистон” боғидан таралган рангин мушаклар музаффар йўлимиз ибтидоси, мадҳиямиз садолари эса яна эришажак катта ғалабаларимиз рамзи сифатида кўнглимиздан жой олади.