Мамлакатимизнинг барча ҳудудларини қамраб олган мазкур танловнинг видеоконференцалоқа шаклида ташкил этилган тантанали тақдирлаш маросимида марказий студиядан Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси ўринбосари Нодир Холбўтаев, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов, олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов, Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Минҳожиддин Ҳожиматов, танловнинг республика босқичида иштирок этиш имкониятини қўлга киритган 42 нафар талаба, уларнинг устозлари ва ота-оналари қатнашди. Ҳудудий студиялардан жойлардаги касаба уюшмалари ва олий таълим муассасалари раҳбарлари, профессор-ўқитувчилари ҳамда танловнинг қуйи босқичида иштирок этган талабалар ҳам тантанали тадбирни кузатиб борди.
Танлов тўрт босқичда — факультет, олий таълим муассасаси, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳамда республика миқёсида ташкил этилди. Жорий йил 28 апрелдан 19 майгача ўтказилган уч босқичда юртимиздаги 120 га яқин олий таълим муассасасининг 240 мингдан зиёд талабаси қатнашди.
— Бугунги кунда юртимизда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан олий таълим тизимида ҳам туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда, — деди Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси раиси, сенатор Қудратилла Рафиқов. — Натижада янги Ўзбекистон ёшларини замонавий билим ва юксак маънавий-ахлоқий фазилатларга эга, мустақил фикрлайдиган, юқори малакали кадрлар этиб тарбиялаш тизими такомиллаштирилиб, таълим жараёнини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш ва модернизация қилиш борасида изчил чора-тадбирлар бажарилмоқда. Мамлакатимизда ёшлар учун яратилаётган кенг имкониятлардан самарали фойдаланган талаба-ёшлар турли инновацион лойиҳаларни амалга ошириб, фанлар бўйича республика ва халқаро танловларда ўз билимини намоён этмоқда. Яна шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ёшларни ватанпарварлик, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, турли зарарли оқимлар, бузғунчи ғоя ва мафкураларга қарши тура оладиган интеллектуал етук шахс даражасида тарбиялаш бугун ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этмоқда. Давлатимиз раҳбари Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этиш ғоясини ўртага ташлагани, уни миллатимиз ва давлатимиз учун ҳаёт-мамот масаласи даражасига кўтараётгани ҳам аслида мана шундай улуғ мақсадларни қамраб олган, десак янглишмаган бўламиз.
“Янги Ўзбекистонни ўзимиз, ўз қўлларимиз билан бунёд этамиз!” шиори остида ўтказилган эсселар танловининг республика босқичи 24-27 май кунлари Тошкентда ўтказилди.
Якуний босқич доирасида ташкил этилган қатор тадбирлар ҳам талаба-ёшлар ва уларнинг устозлари учун ғоят мазмунли бўлди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, академик Акмал Саидов билан “Тараққиёт стратегияси — келажак учун мустаҳкам замин” мавзусида бўлиб ўтган учрашув қизғин фикрлар, савол-жавоб, мулоҳаза ва мушоҳадаларга бой бўлиб, ёшларда катта таассурот қолдирди. Учрашув доирасида талабаларга миллий ва умуминсоний қадриятлар, ижтимоий ҳаёт ҳақида тушунчалар берилиб, ўз иқтидорларини намоён этишлари учун яратилаётган шарт-шароит ва имкониятлар тўғрисида ҳам маълумотлар берилди.
Иштирокчилар пойтахтимизнинг диққатга сазовор жойлари, маънавият ва маърифат масканлари, етакчи олий таълим муассасалари, давлат бошқаруви органларида ҳам бўлиб, арбоблар, олимлар билан учрашди.
26 май куни эсселар танловининг республика босқичи иштирокчилари Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациясида “Янги Ўзбекистонни ўзимиз, ўз қўлларимиз билан бунёд этамиз!” мавзусида эссе ёзди.
Ижодий ишларни баҳолашда мавзунинг мазмун-моҳияти тўлақонли очиб берилгани, тарих, бугун ва истиқболни ёритиб бера олгани, илмий, бадиий савияси, грамматик ва услубий жиҳатдан тўғри ёзилгани, амалга оширилаётган ислоҳотларга нисбатан ўз муносабати, хулосавий фикрлар, муаммолар ва уларнинг ечими бўйича таклифлар мавжудлиги каби мезонларга алоҳида эътибор қаратилди.
Эсселар танловининг республика босқичи иштирокчиларининг барчасига Президент совғаси сифатида ноутбуклар топширилди.
Баҳолаш натижаларига кўра, иштирокчилар орасидан биринчи, иккинчи, учинчи ўрин ғолиблари ҳамда бир қатор номинациялар бўйича совриндорлар аниқланди. Танловда биринчи ўринга сазовор бўлган талаба 30 миллион, иккинчи ўринга муносиб деб топилган иштирокчи 20 миллион, учинчи ўрин соҳиби 10 миллион сўм пул ва диплом билан тақдирланди.
Номинациялар ғолибларига ҳам диплом ва қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди.
Ўз навбатида, барча иштирокчилар янги Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсатидан мамнун экани, ислоҳотларга дахлдорлик ҳисси билан яшаб, Ватанимиз ривожига ўз ҳиссасини қўшишга тайёрлигини билдирди.
Гуличеҳра ДУРДИЕВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири