Тадбир Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси кўмагида Португалия Миллий инсон ҳуқуқлари қўмитаси томонидан ташкил этди.
Семинар дунёнинг турли минтақаларидан инсон ҳуқуқлари бўйича миллий механизмлар, халқаро ташкилотлар, БМТ тизими органлари, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар, фуқаролик жамияти фаоллари ва илмий доиралар вакилларини бир жойга тўплади.
Тадбир дастури асосида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов маъруза қилди. Маърузада Янги Ўзбекистоннинг бу борадаги тажрибаси идоралараро мувофиқлаштириш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро механизмлар тавсиялари мониторингини рақамлаштириш, парламент назорати ва кейинги ҳаракатлар жараёнларида фуқаролик жамияти иштирокини таъминлаш соҳасидаги илғор амалиёт намунаси сифатида тақдим этилди.
Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг мавжуд шакл ва воситаларини тўлдириши, фуқаролик жамиятини ривожлантиришга ва инсон ҳуқуқлари маданиятини мустаҳкамлашга кўмаклашиши ҳақидаги 56-модданинг мустаҳкамлангани ушбу тизимни институционал жиҳатдан мустаҳкамлашда муҳим қадам бўлди. Шунингдек, Конституцияда давлатнинг инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларни ташкил этиш ва уларнинг самарали фаолият юритиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш мажбурияти тўғридан-тўғри белгилаб қўйилди.
Ўзбекистон ўз миллий тажрибасини тақдим этиш учун Лиссабон анжуманига таклиф этилган Марказий Осиёнинг ягона давлати ҳисобланади. Миллий тажриба деганда, жумладан, мамлакат томонидан амалга ошириш, ҳисобот бериш ва кейинги ҳаракатларнинг миллий механизмларини мустаҳкамлаш, ҳақида сўз боради.
Ялпи мажлислар ва мавзули шўъба йиғилишлари доирасида БМТ шартномавий органлари ва Универсал даврий шарҳ тавсияларининг амалий ижросини таъминлашда «Амалга ошириш, ҳисобот бериш ва кейинги ҳаракатлар бўйича миллий механизмларнинг халқаро тармоғи» қандай аҳамият касб этиши хусусида атрофлича фикр юритиляпти.
Семинар мавзуси доирасида айни соҳадаги халқаро мулоқотни чуқурлаштириш истиқболларига алоҳида эътибор қаратилган. Тадбирнинг якуний хулосалари Асунсьон декларацияси ва Марокаш бошқарув асослари негизида ишлаб чиқилган «Амалга ошириш, ҳисобот бериш ва кейинги ҳаракатлар бўйича миллий механизмларнинг халқаро тармоғи»нинг 2026-2031 йилларга мўлжалланган ҳаракатлар режасини расман қабул қилишга хизмат қилади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази матбуот хизмати.