«Юксалиш» умуммиллий ҳаракатининг Тараққиёт стратегияси ижроси бўйича жамоатчилик назоратини ўрнатиш ва унинг амалга оширилишида фаол фуқаролик жамиятини жалб этишга оид таклифи қўллаб-қувватланиб келиняпти.

Шунга мувофиқ республиканинг барча ҳудудларида нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, экспертлар ва маҳалла фаолларидан иборат Тараққиёт стратегиясини қўллаб-қувватлаш жамоатчилик гуруҳларини ташкил этиш ишлари бошланди.

Жорий йил 28 февралда «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати, Самарқанд вилояти ҳокимлиги, вилоят ҳудудида фаолият олиб борувчи нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва фаоллар билан ҳамкорликда Самарқанд вилоятида Тараққиёт стратегиясини қўллаб-қувватлаш жамоатчилик гуруҳи таркибини тасдиқлаш ва гуруҳнинг ташкилий йиғилишини ўтказишга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда Тараққиёт стратегиясини амалга оширишда фуқаролик жамияти институтларининг роли ва аҳамияти, айниқса, масъул идоралар томонидан юклатилган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли бажарилиши юзасидан жамоатчилик мониторинги ва жамоатчилик назорати каби тадбирларни ташкил этиш билан боғлиқ масалалар бўйича тушунтиришлар берилди.

Жумладан, давлат идоралари амалга оширилган ишлар бўйича «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати ташаббуси билан ташкил этилган жамоат гуруҳларига доимий равишда ҳисобот бериб боришлари ва шу орқали Тараққиёт стратегиясида белгиланган мақсадларга эришилганлик бўйича йиллик муқобил ҳисоботлар эълон қилишлари қайд этилди. Эътиборлиси, ушбу ҳисоботлар орқали жойлардаги маҳаллий ҳокимият органлари фаолиятига баҳо берилиши алоҳида таъкидланди.

Тадбир сўнгида Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ижросини таъминлашда барча бирдек масъул эканлиги ва белгиланган мақсадларга бу борадаги саъй-ҳаракатларни бирлаштириш орқалигина эришиш мумкинлиги ҳақида хулоса қилинди, деб хабар беради «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати.

Шунингдек, хабар орқали Самарқанд вилоятидаги Тараққиёт стратегиясини қўллаб-қувватлаш жамоатчилик гуруҳи таркиби маълум қилинди.