2016 йил 29 декабрь. Бу сана дунёдаги энг гигант корхоналардан бирининг тарихидаги илк зарҳал битик бўлди. Айнан шу куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев имзолаган “Шўртан газ-кимё комплексининг тозаланган метан негизида суюқ синтетик ёқилғи ишлаб чиқариш” инвестиция лойиҳасини амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан “Uzbekistan GTL” заводини барпо этишга старт берилди.
Дунёда тенги йўқ лойиҳа
Ўша кезда саноат мажмуаси ўрни қуп-қуруқ дашт бўлиб, қарорда қурилиши тўхтаб қолган лойиҳани амалга оширишга доир барча масалаларни ҳал қилиш йўллари ўз ифодасини топган эди. Ушбу нвестиция лойиҳаси дунёдаги етакчи лицензиар компаниялар — АҚШнинг “Шеврон”, Даниянинг “Халдор Топсе”, Жанубий Африка Республикасининг “Сасол” компаниялари технологиялари асосида барпо этилди. Қурилиш ишлари бош пудратчи – Корея Республикасининг “Hyundai Engineering Co. Ltd.” ва “Hyundai Engineering and Construction Co., Ltd”, Сингапурнинг “Enter Engineering Pte. Ltd.” компаниялари томонидан олиб борилди.
Лойиҳанинг дастлабки қиймати 3,73 миллиард AҚШ долларини ташкил этган эди. Президентимиз ташаббуси билан Шўртан газ-кимё мажмуаси ва “Uzbekistan GTL” комплекси негизида минтақада ягона газ-кимё кластери яратилиши туфайли уни лойиҳалаштириш даврида қилинган ўзгартиришлар, шунингдек, молиявий харажатлар камайгани ҳисобига қийматини 310 миллион AҚШ долларидан зиёдроққа мақбуллаштиришга эришилди.
“Uzbekistan GTL” лойиҳасининг молиявий моделини ишлаб чиқишда “ING Group” (Нидерландия/Буюк Британия) ва “Газпромбанк” АК (Россия) каби нуфузли халқаро молиявий консультантлар иштирок этди. Улар “Ўзбекнефтгаз” АЖ мутахассислари билан биргаликда унинг рентабеллиги, кредитни тўлаш шартлари, қоплаш ва шу каби муҳим жиҳатлар ҳисобга олинган тўлиқ молиявий моделни тайёрлади. Ушбу ҳисоб-китоблар, ўз навбатида, салоҳиятли кредиторлар томонидан диққат билан ўрганилиб, таҳлил қилинди. Натижада мажмуа қурилишига “Ўзбекнефтгаз” АЖ ҳамда Ўзбекистон тикланиш ва тараққиёт жамғармаси билан биргаликда Хитой давлат тараққиёт банки, Жанубий Корея Эксимбанки ва экспорт кредитларини суғурталаш давлат корпорацияси, “Газпромбанк”, “Росэксимбанк”, Россия экспорт кредит ва инвестицияларни суғурталаш агентлиги каби нуфузли молия компаниялари ўз сармояларини тикишга қарор қилди. Ушбу компанияларнинг “Uzbekistan GTL” рентабеллигига ишончи халқаро майдонда унинг мавқеи ва нуфузини янада оширди.
Шу тариқа лойиҳанинг умумий қиймати 3 миллиард 420 миллион АҚШ долларини ташкил этди. Унинг амалга оширилиши натижасида йилига 3,6 миллиард куб метр газ чуқур қайта ишланиб, ЕВРО-6 стандартларига жавоб берадиган, йиллик қиймати бир миллиард доллардан ошадиган 307 минг тонна авиакеросин, 724 минг тонна дизель ёнилғиси, 437 минг тонна нафта, 53 минг тонна суюлтирилган газ тайёрланади.
Нуфузли экспертлар фикрича, мажмуанинг асосий аҳамияти ҳам мана шунда. Яъни табиий газ шунчаки хомашё эмас, қўшимча қийматли маҳсулот сифатида сотилади.
Унинг дунё нефть-кимё саноатидаги салоҳияти ҳақида гап борганда, бундай корхоналар фақат Қатар, Жанубий Африка Республикаси, Нигерия, Малайзияда мавжудлиги, МДҲда қурилган биринчи завод экани эътироф этилади.
Бу ерда ишлаб чиқариш бошланиши билан 1300 та янги иш ўрни яратилиши, давлат бюджетига ҳар йили ўртача 2 триллион сўмдан зиёд солиқ тушуми кутиляпти. Шу билан бирга, 500 миллион долларлик импорт ўрни қопланади, 200 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинади.
— Бундай йирик лойиҳа қурилиши тарихда илк маротаба кузатилди. Завод кунига 37 минг баррель суюқ ёқилғи ишлаб чиқаради. Шу тарзда Ўзбекистон дунё миқёсида мазкур йўналишдаги етакчи давлатга айланади, — дейди “Sasol” компанияси вакили Йохан Дегенаар.
Шу ўринда бир қиёс. Қатарда GTL технологияси асосида фаолият кўрсатувчи заводда бир йилда 1 миллион 200 минг тонна суюқ синтетик ёнилғи ишлаб чиқарилади. Нигериядаги корхонанинг қуввати 1 миллион 300 минг тоннани ташкил этади. “Uzbekistan GTL”да бу кўрсаткич 1,5 миллион тонна бўлади. Бу — йилига нефть хомашёси импорти учун сарфланаётган ярим миллиард доллар валюта иқтисод қилинади, дегани.
— Лойиҳада нефть ҳамда табиий газни қайта ишлаш заводлари уйғунлашган, — дейди “Uzbekistan GTL” заводи бўлим бошлиғи Носир Зокиржонов. — Яъни заводнинг ярми газни, қолган қисми нефтни қайта ишлайди. Лойиҳанинг ноёблиги шунда. Завод учун эксклюзив тайёрланган Фишер-Тропш реакторлари ёрдамида метан гази молекуляр даражада парчаланади. Бу жараёнда синтетик газ олинади. Ундан исталган нефть маҳсулотини тайёрлаш мумкин.
Алоҳида таъкидлаш керакки, бу ерда 300 миллион долларлик газ қайта ишланиб, қиймати 3 баробар юқори ва дунё бозорида талаб катта бўлган тайёр маҳсулотга айлантирилади. Масалан, ишлаб чиқариладиган авиакеросин бошқа заводлар маҳсулотига нисбатан жуда тоза ва сифатли бўлиб, энг замонавий самолётларга мўлжаллангани учун унга ҳамиша талаб юқоридир.
Дизель ёқилғиси эса энг камида “Евро-6” стандартларига жавоб берадиган бўлиб, минтақада бундай тоза маҳсулот ишлаб чиқарадиган корхона умуман мавжуд эмас. Бу эса, ўз навбатида, ушбу маҳсулотлар ҳисобидан республикада авиация хабларини ташкил этиш ҳамда юк ташишда хизмат қиладиган йирик логистика компанияларини ривожлантиришга мустаҳкам замин яратади.
Яна бир муҳим жиҳати, заводни электр энергияси билан таъминлашда ҳам инновацион ечимлар қўлланган. Яъни технологик жараёнларда ҳосил бўладиган буғ ҳисобидан йилига 650 миллион киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилиб, завод ўзини ўзи энергия билан таъминлайди.
Президентнинг ҳар бир ташрифи қурилиш шиддатига қанот берди
2017 йил 24 февраль. Давлатимиз раҳбари Қашқадарё вилоятига ташрифи чоғида завод қурилиши майдонига келди. Уни молиялаштириш, хорижий технологиялар билан жиҳозлаш, қурувчилар ва кадрлар таъминоти билан боғлиқ йўналишларини чуқур таҳлил қилди. Хусусан, мажмуа учун зарур бўлган 10 мингдан ортиқ технологик ускуна Япония, Жанубий Корея, Сингапур, АҚШ, Германия, Италия, Хитой, Россия каби 24 та давлатнинг 130 га яқин корхонасида тайёрланиши белгиланди.
Бундай иш ҳажми бежиз эмас. Табиий газдан синтетик суюқ ёқилғи (GTL) олиш жуда ноёб жараён бўлиб, юқори технологиялар ва мураккаб илмий ечимларни талаб этади.
2018 йил 13 декабрь. Бу кун ҳам мажмуа қурилиши тарихидаги яна бир муҳим саҳифага айланди. Ана шу кезда 135 гектардан зиёд майдонда қурилиш ишлари қизғин давом этарди. Темир-бетон пойдеворлар қўйилиб, эстакадалар кўтарилган. Улкан автокранлар ўрнатилиб, мураккаб ускуналарни йиғиш бошлаб юборилган. Заводнинг юраги бўлган Фишер-Тропш реактори барпо этиларди.
Давлатимиз раҳбари мажмуа қурилишини кўздан кечириб, пудратчи ва инвесторлар билан суҳбатлашди. Уларга техника ва ресурслардан максимал фойдаланиш, қурилиш-монтаж жараёнларини оқилона мувофиқлаштириш, заводни ишга туширишни тезлаштириш бўйича кўрсатмалар берди.
Мажмуани қуриш жараёнида уч йилдан буён иштирок этаётган халқаро консультант Сараванан Суверманининг сўзларига кўра, Қашқадарёда бунёд бўлаётган саноат мажмуаси дунёдаги GTL лойиҳалари ичида энг улкани.
— Ўзбекистон Президенти завод қурилаётган майдонга бир неча бор ташриф буюрди, — дейди Сараванан Сувермани — Зеро, бу ташаббус ортида янгича тафаккур, технологиялар, янги истиқбол ва экспортнинг янги имкониятлари мужассам. Мамлакат раҳбари лойиҳани ҳаётга татбиқ этишга катта эътибор қаратиб келди. Бизни қўллаб-қувватлаб, юзага келадиган ҳар қандай масала ва муаммони ҳал этди. Бу қурилиш шиддатига қанот берди. Мажмуа мамлакат учун улкан иқтисодий истиқболларни белгилайдиган йирик қувват. Бу ерда саноат ва қишлоқ хўжалиги учун зарур барча ёқилғи турлари ишлаб чиқарилади. Табиийки, мамлакатнинг иқтисодий ривожига ижобий таъсир кўрсатади. Бу каби улкан қувватларни ишга тушириш орқали қисқа фурсат ичида ақл бовар қилмас иқтисодий юксалишга эришиш мумкин.
Завод қурилиши шиддат билан бошланди. Ҳатто коронавирус пандемияси даврида ҳам ишлар бирор кун тўхтамади. Тўғри, хориждан мутахассис ва ускуналар келтириш, албатта, осон бўлмади.
Қурилишда бир вақтнинг ўзида 13 мингдан ортиқ муҳандис ва ишчи-қурувчи қатнашгани бу ерда қисқа муддатда нақадар кенг кўламли ишлар бажарилганини кўрсатади. Уларнинг 20 фоизи Япония, Италия, Корея Республикаси, Буюк Британия, Россия, Ҳиндистон, Филиппин ва бошқа давлатларнинг малакали мутахассислари бўлса, 80 фоизини ўзимизнинг кадрлар, хусусан, янгича ишлашга интилувчан ёшлар ташкил этди.
— Аввало, ўзим шу замин фарзанди бўлганим, бу ерда улкан иншоот барпо этилаётганидан ва қурилишга ўз ҳиссамни қўшганимдан жуда хурсандман, — дейди жамоа раҳбари Бахтиёр Самандаров. — Биз 15 кишилик жамоамиз билан қувурларни монтаж қилдик, пайвандладик. Бу борадаги ишларни сарҳисоб қиладиган бўлсак, 678 мингтадан ортиқ технологик қувурда пайвандлаш ва монтаж ишлари бажарилди, 27 минг 600 тоннадан ортиқ темир конструкциялар ўрнатилди.
— Углеводородни парчалаб, ундан умуман бошқа нефть маҳсулоти ҳосил қилиш учун, албатта, жуда чуқур қайта ишлаш технологияси талаб этилади, — дейди “Uzbekistan GTL” заводи бўлим бошлиғи Носир Зокиржонов. — Мажмуада ҳароратни автоматик тарзда назорат қиладиган энг замонавий технология ва реакторлар ўрнатилган. Ишлаб чиқаришга доир технологик ечимлар, ускуна ва жараёнларни қўллаш учун 140 та халқаро лицензия ва патент олинди. Уларнинг аксарияти дунёда ягона ва ноёб ҳисобланади. Бундай тарихий, улкан лойиҳаларда иштирок этиш ҳар бир ёшнинг орзуси деб ўйлайман. Aлбатта, мен ҳам ёш муҳандис сифатида бу қурилишга ўз ҳиссамни қўшганимдан фахрланаман.
Шу ўринда Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти профессори Октябрь Раҳимов билдирган фикрларни эслаш ўринли бўлади:
— GTL раҳбарияти заводнинг ишга тушганидан кейинги тақдирини белгилаш учун яқинда ўзбек олимлари билан ҳамкорлик доирасида танлов эълон қилди. Танловда иштирок этдим. “Мен билан ким суҳбат қиларкан?” деб кутиб турдим. Ёш мутахассислар келишди. Ҳайратим янада ошди. Инглиз тилида хорижлик экспертлар билан эркин мулоқот қиляпти. Кўзлари ёниб турибди. Ҳали завод ишга тушмасдан муаммоларга ечим излашяпти: табиий газни қайта ишлагандан кейин чиқиндилар ҳосил бўлади. Шу чиқиндини такрор қайта ишлаб, яна қандай маҳсулот ишлаб чиқсак бўлади? Форсайт — юқори технология асосида заводнинг 2050 йилгача бўлган стратегиясини башоратлаш ҳақида гапиришяпти. Ёшларимизнинг бундай замонавий технологиялардан хабардор эканига қойил қолдим. Ўз ишини шундай пухта биладики, ҳақиқатан ҳам ҳайрон қолмай илож йўқ.
Ана шу тажриба келгусида мамлакатимизда янги саноат объектларини ўз кучимиз билан барпо этишда жуда асқатди.
Янги мажмуанинг тамал тоши ва
ноёб технологик кластерлар
2021 йил 25 декабрь. Президентимиз Янги йил остонада эшик қоқиб турган қувончли лаҳзаларда “Uzbekistan GTL” заводининг ишга туширилишига бағишланган тантанали маросимда иштирок этди ва мамлакатимиз саноатида яна бир ёрқин саҳифа очаётган улкан воқеага гувоҳ бўлиш барчамизга чексиз қувонч бағишлашини билдирди.
Бугунги кунда GTL технологиясига бутун дунёда талаб кун сайин ортиб бораётганини қайд этар экан, шу асосда ишлаб чиқарилган маҳсулотлардан хомашё сифатида фойдаланган ҳолда янада юқори қўшилган қийматли янги турдаги маҳсулотлар тайёрлашни кўпайтириш бўйича режаларнинг муҳим жиҳатларига эътибор қаратди. Жумладан, завод негизида алкил бензол, бутен ва гексен, синтетик мойлар, малеин ангидрид, эмульсион қўшимчалар, катализаторлар каби маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича қиймати 620 миллион доллар бўлган 6 та лойиҳа амалга оширилади. Ўз навбатида, бу ярим тайёр маҳсулотлар кимё ва маиший кимё, тўқимачилик, чарм ва мебель, қурилиш материаллари, электротехника каби соҳаларда кенг қўлланилади.
Шу куни яна бир тарихий лойиҳани жорий этишга таъмал тоши қўйилди. Эндиликда Шўртан газ-кимё мажмуасининг ишлаб чиқариш қувватлари янада кенгаяди.
Янги қуриладиган ушбу корхонада “Uzbekistan GTL”да ишлаб чиқариладиган 430 минг тонна нафтани қайта ишлаш ҳисобидан йилига 380 минг тонна полиэтилен ва полипропилен тайёрланади. Яна мингга яқин янги иш ўрни яратилади. Натижада қўшимча 550 миллион долларлик маҳсулот ишлаб чиқарилади.
Ўз навбатида, ана шу маҳсулотларни янада чуқур қайта ишлаш орқали 2 баробаргача кўп истеъмол маҳсулотлари тайёрлаш мумкин. Мисол учун, 100 миллион долларлик полимерлардан электротехника, қурилиш материаллари, автомобиль саноати ва бошқа соҳаларда йилига қўшимча 200 миллион долларлик маҳсулотлар харидорларга таклиф этилади. Шунингдек, пластмасса ва ҳар хил турдаги қадоқлаш буюмлари, сув таъминоти учун қувурлар ишлаб чиқариш кўпаяди. Уларни ишлаб чиқарадиган яна камида 1 минг 200 та янги хусусий корхона ва 12 мингта иш ўрини ташкил этилиши учун асос яратилади.
Ушбу янги лойиҳанинг қиймати 1,8 миллиард долларга тенг бўлиб, уни молиялаштириш учун Россиянинг “Газпромбанк”и, Европанинг “Дойчебанк”, “Ландесбанк” каби банклари, Хитойнинг давлат тараққиёт банки ва бошқа молиявий муассасалардан маблағлар жалб этилади.
Президентимиз эътироф этганидек, ана шу иккита янги завод ҳисобидан Шўртан мажмуасида республикамизнинг биринчи йирик газ-кимё кластерига асос солинади. Ушбу кластерда маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми ҳозирги 290 миллион доллардан 2025 йилда 1,8 миллиард долларга етказилади, яъни 6 баробар ошади.
“UzGTL” заводи ва янги қуриладиган мажмуа ҳисобидан юртимизда табиий газни чуқур қайта ишлаш даражаси қарийб 2 баробар кўпайиб, ҳозирги 8 фоиздан 14 фоизга етади. Шунингдек, республикамизда полимер маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажми ҳам 2 баробар ошади. Бунинг натижасида ушбу кластер тизимидаги корхоналар 1 долларлик хомашёдан 10 долларлик юқори қўшилган қийматли тайёр маҳсулотлар яратади.
Янги мажмуалар нафақат маҳсулоти, балки саноатнинг бошқа соҳаларида ишлаб чиқариладиган 100 миллион долларлик бутловчи ва эҳтиёт қисмлар учун ҳам бозор шакллантиради. Шу билан бирга, мазкур кластерда меҳнат қиладиган янги ишчилар ўз турмуш эҳтиёжлари учун ҳудуддаги хизматлар соҳаси ривожига ҳисса қўшиб, камида яна 100 миллиард сўмлик талабни яратади.
Президентимиз таъкидлаганидек, мазкур жараёнларда иштирок этадиган ёшлар — янги Ўзбекистон ёшлари. Улар миллий саноатимиз равнақига муносиб ҳисса қўшиб, бу йўлда “олтин фонд”имизга айланади.
Бунинг учун кенг имкониятлар яратилиб, Қашқадарё вилоятидаги барча касб-ҳунар марказлари Шўртан газ-кимё мажмуаси, Муборак газни қайта ишлаш ва янги “UzGTL” заводларига бириктирилади. Таълим жараёнига хорижий мутахассислар жалб қилинади, замонавий дастурий таъминот ва симуляторлар олиб келинади.
Мамлакатимизда замонавий саноатни шакллантиришда кимё ва нефть-газ кимёси соҳалари асосий “драйвер”лар сифатида белгилаб олинган. Сўнгги беш йилда бу соҳаларда 5 та йирик лойиҳа ишга туширилган бўлиб, йилига жаҳон бозорида талаб юқори бўлган 450 миллион долларлик маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
Агар бу тармоққа олдин фақат давлат сармоя киритган бўлса, охирги йилларда эса хусусий сектор тўғридан-тўғри фаол кириб келмоқда. Масалан, “Навоийазот”да Австрия, Германия, Хитой ва Туркия, Тошкент вилоятида Россия компаниялари янги лойиҳаларни бошлади. Шунингдек, “хомашёдан — тайёр маҳсулотгача” занжири доирасида юқори қийматли товарларни ишлаб чиқариш бўйича Тошкент, Навоий, Фарғона, Бухоро вилоятларида ва Устюртда яна 5 та кимё технологик кластер ташкил этилади.
Мазкур кластерларда келгуси йилларда умумий қиймати 8 миллиард доллар бўлган 60 дан зиёд лойиҳа амалга оширилади. Лойиҳалар ҳисобидан йилига 180 турдаги 5 миллиард долларлик юқори қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Шунингдек, 1,2 миллиард долларлик маҳсулот экспорти ҳамда 5,5 триллион сўмлик бюджет тушумлари таъминланади. Энг муҳими, қўшимча 15 мингтадан зиёд янги иш ўрни яратилади.
Шундай экан, “UzGTL” заводи ва Шўртан газ-кимё мажмуасини кенгайтириш бўйича лойиҳалар янги Ўзбекистонда янги саноат даврини яратишда тарихий қадам бўлиб, иқтисодий ислоҳотларнинг амалга ошишида инновацион замин вазифасини ўтайди.
Абдурауф ҚОРЖОВОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири