Дунё миқёсида эса Ўзбекистоннинг нуфузи янада ортиб бормоқда. Шу билан бир қаторда, ёшларимизнинг фаоллиги дунёқараши янада кенгайиб, ҳаётга, ислоҳотларда фаол қатнашишга бўлган муносабати ҳамда элу юртнинг бугунги фаровон кунига дахлдорлик ва камарбасталик ҳисси янада юксалиб бораётгани  кундек равшан.

Дарҳақиқат, Ўзбекистон фаол, ташаббускор ёшлар юрти бўлиб, мамлакатимиз аҳолисининг қарийб 60 фоизидан ортиғини ёшлар ташкил этади. Албатта бу, давлатимиз зиммасига катта масъулият юклаб улкан эътибор, ғамхўрликни талаб этади. Шу боис, эртамиз эгалари бўлмиш ёшларимизнинг интилувчан, ҳар томонлама етук, билимли ҳамда салоҳиятли шахс сифатида камол топтириш масаласига ҳам давлатимиз томонидан ўзига хос тарзда, замонавий усуллар асосида ёндашилмоқда, ёшларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини янада таъминлашда, уларнинг имконият ва манфаатларини ҳимоя қилишда ташкилий-ҳуқуқий асослар замон билан ҳамнафас тарзда такомиллаштирилиб борилмоқда.

Ёшларимизга кўрсатилаётган бу ғамхўрлик ва эътибор бугун ўз самарасини бермоқда. Ҳозир Ўзбекистон меҳнат ресурсларининг асосий қисми ёшлардир. Зотан, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Агар катта авлоднинг билими ва тажрибасини, узоқни кўра олиш фазилатларини ёшларимиздаги ғайрат-шижоат, мардлик ва фидойилик билан бирлаштира олсак, кўзлаган марраларга албатта етамиз”.

Ўтган жуда қисқа вақт мобайнида фидойилик, шижоат, фаоллик ҳамда бунёдкорлик сингари эзгу фазилатларни юртдошларимизнинг онгу шуурига, кундалик турмуш тарзига сингдирилди, бугун ҳар бир ёш мамлакатимизни ривожлантиришга, тараққий этишига,  фуқароларимизнинг фаровон ҳаётига ҳисса қўшаман деган эзгу мақсад билан яшамоқда, меҳнат қилмоқда. Бу янгича ишчанлик кайфияти барча муаммо ва масалаларнинг моҳиятига чуқур кириб бориш, ёшлар фикрини инобатга олган ҳолда ижобий ҳал этиш жараёни барчанинг алоҳида эътирофини қозонмоқда.

Албатта, ҳозирги кунда мамлакатимизда олиб борилаётган ёшларга доир давлат сиёсати ва унинг самарали натижалари дунё ҳамжамиятида катта қизиқиш уйғотмоқда. Мамлакатимизда бу борада илгари сурилаётган ташаббуслар, жумладан, БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини ишлаб чиқиш, Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарларининг Ёшларга мурожаати ва уни амалга ошириш бўйича ҳаракатлар дастурини қабул қилиш ва амалга ошириш борасидаги таклифлар халқаро миқёсда қўллаб-қувватланмоқда.

Албатта, амалга оширилаётган ишлар ҳамда ислоҳотлар ёшларининг янгидан-янги чўққиларни забт этишига, уларнинг мамлакатимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшишига асос бўлмоқда. 

Ўзбекистоннинг янгича фикрлайдиган ёшлари – келажагимиз ва истиқболимиз пойдеворидир.

Умида БЎРАНОВА,

Республика Маънавият ва маърифат маркази Янгиҳаёт туман бўлинмаси раҳбари,

Олий Мажлис Сенати хузуридаги Ёшлар парламанти аъзоси