Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 23 октябрдаги “Суғурта бозорини рақамлаштириш ва ҳаёт суғуртаси соҳасини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш ҳамда суғурта фаолияти классификаторини кенгайтириш, шу орқали ҳаёт суғурта соҳаси ва шахсий суғурта бозорида суғурта хизматлари турларини оммалаштириш, аҳоли ва иқтисодиётнинг эҳтиёжларига хизмат қиладиган суғурта маҳсулотларини ишлаб чиқиш мақсадида, Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 9 июндаги “Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Қарорга мувофиқ, Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги 80-сон қарори билан тасдиқланган “Махсус электрон тизим орқали айрим фаолият турларини лицензиялаш тартиби тўғрисида”ги ягона низомнинг 6-иловасига асосан тасдиқланган Суғурта фаолияти классификаторига қўшимча суғурта классларини қўшиш орқали кенгайтирилди.
Жумладан, ҳаётни суғурта қилиш соҳасига V-класс “Мажбуриятларни таъминлаш учун ҳаётни суғурталаш”, VI-класс “Узоқ муддатли ихтиёрий пенсия суғуртаси” ҳамда VII-класс “Капитални қайтариш билан ҳаётни суғурталаш” класслари киритилган бўлса, умумий суғурта соҳасига 18-класс “Тиббий суғурта” класси киритилди.
Суғурта классификаторига киритилган ушбу қўшимчалар мамлакатимиз суғурта бозоридаги хизматлар турини кенгайишига ва аҳоли турмуш даражасини оширишга хизмат қилади.