Мажлисда Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Меҳнат кодексида хотин-қизлар учун белгиланаётган кафолатлар тўғрисидаги масала муҳокама қилинди. Муҳокамалар жараёнида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири ўринбосари Б.Умурзақов ва бошқалар Меҳнат кодексининг янги таҳрири бўйича ахборот берди.

Янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси 2 қисм, 34 боб ва 621 моддадан иборат бўлиб, унда бандлик, индивидуал меҳнат муносабатлари, ходимларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, айрим тоифадаги ходимлар меҳнатини тартибга солиш хусусиятлари, ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, меҳнат низоларини кўриб чиқиш каби долзарб масалалар ўз аксини топган.

Мазкур ҳужжат гендер тенглик талабларига мувофиқ таҳрир этилгани билан ҳам аҳамиятлидир. Айниқса, оналик билан боғлиқ масалада халқаро стандартларга мос келадиган меъёрлар белгиланган.

Хусусан, ҳомиладор аёлларни ва уч ёшгача бўлган боласи бор аёлларни ишга қабул қилиш ва иш ҳақи миқдорини белгилашдаги кафолатлар, аёллар меҳнатини муҳофаза қилишда қўшимча чоралар, аёлларга ва оилавий вазифаларни бажариш билан машғул бўлган шахслар тўлиқсиз иш вақти белгилаш, ҳомиладор аёллар билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилишдаги кафолатлар каби моддалар ана шулар жумласидандир.

Қўмита мажлисида юқоридагиларни эътироф этиш билан бирга сенаторлар ҳамда қўмита экспертлари вазирлик ва идоралар мутасаддиларига саволлар, ҳужжат бўйича ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдирдилар.

Мажлисда Қўмита фаолиятига оид бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди ва тегишли қарор қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати.