Бу билан мамлакатимиз олий таълим тизимида янги давр бошлаб берилди, дейишимиз мумкин. Мазкур қарорлар 2022 йил январь ойидан бошлаб мамлакатимиздаги энг салоҳиятли 35 та олий таълим муассасаларига молиявий мустақиллик берилиши – бу борадаги вазифаларни сифатли тарзда амалга ошириш ва ҳозирданоқ мустаҳкам пойдевор яратишни талаб этади. Бу ўз навбатида, олий таълим муассасалари бошқарувида янгича тизим асосида ёндашувни ҳам талаб этади.

Мана шу масъулиятли вазифаларни инобатга олган ҳолда, олий таълим тизимида ректорлар, проректорлар, деканлар ва молия масалаларига масъуллар учун ўз касбий маҳоратини ошириш, янгича тартибда ишлашни бошлаш мақсадида жорий йил 10-24 январь кунлари амалий семинар-тренинглар ташкил этилмоқда. Шу билан бирга, олий таълим муассасалари кредит-модул тизимига тўлиқ ўтганлиги сабабли кафедра мудирлари ва профессор-ўқитувчилари учун ўқув машғулотлар барча олий таълим муассасаларида ташкил этилмоқда.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, 2021/2022 ўқув йилининг иккинчи ярмини тўлиқ ва пухта тайёргарлик кўрган ҳолда бошлаш мақсадида олий ва профессионал таълим муассасалари, академик лицей талаба-ўқувчилари учун қишки таътил муддати 2022 йил 24 январга қадар узайтирилди. Ўз навбатида, қишки таътил даврида олий ва профессионал таълим муассасалари, академик лицейлар талаба-ўқувчиларининг вақтини мазмунли ўтказиш мақсадида онлайн фан олимпиадалари, интеллектуал викторинлар йўлга қўйилди.

Шуларни инобатга олган ҳолда, Урганч давлат университетида ҳам таътил пайтларидан унумли фойдаланиш мақсадида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан,  2022 йилнинг  10 январидан Урганч давлат университетида  педагог ва ходимлар учун семинар-тренинглар ўз ишини бошлади.  Университет ректорининг буйруғига асосан, ўқув-услубий бошқарма томонидан факультетлар кесимида ушбу қисқа муддатли курсларни олиб борувчи тренерлар рўйхати ва дарс жадвали шакллантирилди. Мазкур курсларни ташкил этишда Олий таълим тизими педагог ва раҳбар кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этиш бош илмий-методик марказининг ўқув дастуридан унумли фойдаланилмоқда.

Семинар-тренингларда Hemis дастурида ишлаш, кредит-модул тизимида ўқув жараёнини режалаштириш ва ташкил этиш, кредит-модул тизимида педагоглар фаолияти ва ўзлаштиришни баҳолаш тизими,  тизимда меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар билан ишлаш, кредит-модул тизимини рақамлаштириш, кредит-модул тизимида талабалар мустақил иши ва АРМ фаолиятини ташкил этиш, кредит-модул тизимида педагоглар фаолияти ва ўзлаштиришни баҳолаш тизими, хорижий давлатлардаги ушбу тизимнинг муҳим тамойиллари тўғрисида маълумотлар берилмоқда. Семинар-тренингларда тингловчилар ўзларининг фикр-мулоҳазалари, савол-жавоблари ва баҳсли жараёнлари билан фаол қатнашмоқда. 22 январга қадар давом этиши режалаштирилган ушбу семинар-тренинглар педагог ва ходимлар учун  билим ва кўникмаларини янада мустаҳкамлашда айни муддао бўлди. Уларнинг  Hemis  дастурида ишлаш ва кредит-модул тизимида ўқув жараёнини ташкил этишдаги билим ва тажрибалари таълим жараёнининг самарадорлигини оширишда муҳим ўрин тутади.

Қолаверса, қишки таътил пайтларида талабаларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш ҳамда уларнинг билим ва иқтидорларини намойиш қилиш мақсадида турли онлайн танловлар ташкил этилди. Жумладан,  факультетлар томонидан “Ватан ҳимояси – муқаддас бурч” мавзусидаги шеър, ҳикоя, мақола, ижодий матн, иншолар танловлари ўтказилмоқда.

Бу борадаги ишлар доирасида “Заковат” интеллектуал ўйини доирасида “Ректор кубоги – 2022” турнирига старт берилди. Турнир онлайн тарзда 12-22 январь кунлари ўтказилиши белгиланган.

Шу билан бирга, Урганч давлат университети талабалар турар жойида истиқомат қилаётган хорижлик талаба-ёшларнинг қишки таътилини мазмунли ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилган. Бу борада “Вақт бу — имкониятлар калити”, “Китоб — маърифат чироғи”, “Мен севган асар”,  “Ёшлар келажак пойдевори” каби қатор мавзуларда давра суҳбатлари, учрашувлар ташкил қилинмоқда. Ушбу тадбирлар доирасида ҳамкор ташкилотлар, хусусан, Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси, Вилоят спорт ва туризм бошқармаси, Республика Маънавият ва маърифат маркази Хоразм вилояти бўлими, Вилоят маданият бошқармаси билан ҳамкорликда “Беш ташаббус беш имкоият” шиори остида шеърият кечалари, расмлар танлови, спорт мусобақаларини ташкил этиш, театр спектакллари намойишларини ўтказиш, талаба-ёшларни вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида физика, математика, ўзбек тили  ҳамда чет тилли фанларидан онлайн танловларини ташкил этиш, олимпия ва паралимпия ўйинлари, жаҳон чемпионатлари ғолиб ва совриндорлари иштирокида “Чемпион ва ёшлар” учрашуви ташкил этиш режалаштирилган.

Урганч давлат университети жамоаси янги 2022 йилга зиммасидаги улкан масъулият билан қадам қўймоқда. Олий даргоҳимизнинг қарийб 1 минг нафарлик илмий-педагогик жамоаси соҳада қабул қилинган муҳим қарорлар ижросини изчил таъминлаш учун муносиб фаолият олиб боришга, билим ва салоҳиятини сафарбар этишга ҳамиша шай.

Санжарбек Давлетов,

УрДУ Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича проректори, т.ф.д.