Янгибозор Хоразмда аҳоли нуфуси энг кам туман ҳисобланади. Аммо кейинги 3 йилда туман маркази аҳолиси намунали ва имтиёзли қурилган кўп қаватли турар жойлар ҳисобига мингдан зиёдга ўсди. Бу эса, ўз навбатида, янги хизмат шохобчалари, шунингдек, ўқувчилар учун янги мактаб қуришни тақозо этади.

“Замонавий мактаб” лойиҳаси асосида Янгибозор тумани марказидаги Дўстлик маҳалласи ҳудудида қурилган янги таълим даргоҳи 330 ўринга мўлжалланган бўлиб, унинг қурилиши учун давлат бюжетидан 5 миллиард 717 миллион сўм сарфланди. Хоналар замонавий жиҳозлар билан таъминланди.

– Ота-оналар ҳам, ўқувчилар ҳам яратиб берилган шароитлардан беҳад хурсанд, – дейди янги мактабда ўқувчиларга она тили ва адабиёт фанларидан сабоқ беришга киришган педагог Тозагул Ҳасанова. – Асосан ёш ўқитувчилардан иборат жамоамиз билан бошланғич синфларданоқ ўқувчиларнинг АКТга бўлган қизиқишини янада ошириш ниятдамиз. Бу жараёнда улар инновацион янгиликлардан бохабар бўлади ва замонавий технологиялардан тўла фойдалана олади.

Рўзимбой ҲАСАН,

“Янги Ўзбекистон” мухбири