Фурқат Тошматов олган суратлар
Жорий йил биринчи чорагида сурункали буйрак етишмовчилиги сабаб Гулистон тиббиёт кластернинг гемодиализ ва нефрология бўлимида даволанган ва даво муолажаларини олган фуқаролар сони 3 182 нафардан ошиб кетди.
Минг афсуски , қандли диабет, сурункали гломерулонефрит ва пиелонефрит, буйрак поликистози нефрологик касалликларини келиб чиқишига сабаб бўляпти.
Сирдарёда бу борада қатор ишлар амалга оширилди. Олдинига сурункали буйрак касалликлари ва буйрак етишмовчилик касаллиги билан касалланган беморларни ҳисоби юритилиб, ягона электрон регистри жорий этилди. Бу эса, Сирдарёда нефрологик касалликларни даволаш ва реабилитация қилишда муҳим ўрин тутди.
Қолаверса, аҳолининг жойлашуви, касалликнинг тарқалиш ҳудуди аниқланди. Гулистон тиббиёт кластердаги нефрология ва гемодиализ бўлими имконияти сарҳисоб қилинди. Аниқ бўлдику, вилоятга, ана шундай касалликка чалинган беморларни даволашга мўлжалланган яна битта мақбул бўлим керак. Янги бўлимни очиш, уни ишга туширишнинг ўзи бўлмайди. Бу аввало анча маблағ талаб қилади. Бу масала Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва вилоят ҳокимлиги ёрдами билан ҳал этиладиган бўлди.
Шунга қараб сурункали буйрак, буйрак етишмовчилиги касаллиги билан касалланган Ховос, Боёвут, Сардоба ва Оқолтин туманларида ҳамда Ширин ва Янгиерда истиқомат қилаётган фуқаролар соғлиғини тиклаш, даволаш мақсадида Янгиер шаҳар тиббиёт бирлашмаси негизида нефрология ва гемодиализ бўлимини очиш ишлари бошлаб юборилди.
Янгиерда 20 ўринли, шундан 10 ўринли стационар нефрология, 10 ўринли амбулатор гемодиализ бўлими тўлиқ таъмирдан чиқарилди ва бугундан фойдаланишга топширилди.
— Ушбу бўлимларни таъмирлаш учун 950 миллион сўм, 10 дона сунъий буйрак (гемодиализ) аппарати, қуввати 10 та гемодиализ аппаратига мослаштирилган 1 та сув тозалаш станцияси, 1 та 100 литрли миксер ва бошқа даволаш аппаратураларини харид қилиш, олиб келиб ўрнатиш учун 1 миллион 230 минг евро, жиҳоз ва юмшоқ буюмлар учун 170 миллион сўм миқдорида бюджет ҳамда бюджетдан ташқари ишлаб топилган пул маблағлари йўналтирилди, — дейди Янгиер шаҳар тиббиёт бирлашмаси бош шифокори Анвар Уролов.
Янгиерда мазкур бўлимларни очилишига бағишланган тадбирда Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси ижро этувчи директори Фаррух Шарипов, Сирдарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Рустам Юлдашев, Сирдарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси тизимидаги даволаш профилактика муассасаларининг бош шифокор ва раҳбарлари ҳамда Янгиер шаҳар ҳокимлиги вакиллари иштирок этди.
Дастлаб улар, гемодиализ бўлими имконияти билан танишиб, ушбу бўлимида даволанаётган беморлар билан суҳбатлашди. Шундан сўнг нефрология бўлимини кўздан кечириб, янгиерлик тиббиёт ходимларга ўз маслаҳат ва тавсияларини берди.
— Биласизми, бу соҳани йўлга қўйишда кадр масаласи ўта муҳим ўрин тутади, — дейди нефрология ва гемодиализ бўлими мудири, нефролог шифокор Рустам Тоштемиров. — 5 нафар нефролог, 30 нафардан ошиқ ҳамшира, 5 нафар техник Соғлиқни сақлаш вазирлиги кўмаги билан нефрология ва гемодиализ соҳалари бўйича малака ошириб келди. Бу эса ушбу йўналишдаги ишни тўғри йўлга қўйишимизда, буйрак ва буйрак етишмовчилиги билан касалланган, гемодиализга муҳтож беморларни даволашда ниҳоятда қўл келади.

Энди Янгиерда бугундан иш бошлаган гемодиализ бўлими бир вақтнинг ўзида 10 нафар, бир йил давомида 300 минг нафар ўткир буйрак етишмовчилиги касаллиги билан касалланган беморларга тиббий хизмат кўрсатиш имконини бериб қолмай, сурункали буйрак касалига учраган беморларнинг хасталикдан фориғ бўлишига хизмат қилади.
Ғулом Примов,
Сирдарё вилоят
Соғлиқни сақлаш бошқармаси
матбуот котиби.