Театр инсоният цивилизацияси билан тенгдош санъат тури сифатида азалдан инсон руҳияти, орзу-интилишлари, дард-ташвишлари ва юксак ғояларини ифода этиб келган. Саҳна — ҳаёт. Унда инсон тақдири, жамият муаммолари, эзгулик ва ёвузлик ўртасидаги азалий кураш, муҳаббат ва вафо, садоқат ва адолат каби умуминсоний қадриятлар акс этади. Тобора глобаллашиб бораётган дунёда театр нафақат маданий ҳодиса, балки ҳар қандай миллат маънавий иммунитетини мустаҳкамловчи омилга ҳам айланиб улгурди. Мамлакатимизда миллий қадриятлар, анъана ва урф-одатларни асраб-авайлаш, тарихий хотирани тиклаш ва ёш авлод қалбида ватанпарварлик туйғусини шакллантиришда театр санъати ходимлари бошқа соҳа вакиллари билан доимо ёнма-ён. Бошқача айтганда, театр санъатининг янгиланаётган маданий ҳодиса сифатида халқимиз ҳаёти, турмуш тарзидаги мавқеи, аҳамияти ортиб бормоқда.

— Сўнгги йилларда театр соҳаси ҳам жадал ривожланишда, — дейди Маданият вазирлигининг Театр, цирк санъати ва кинематография соҳаси фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими бош мутахассиси Турсуной Файзуллаева. — Театрлар моддий-техник базаси мустаҳкамланиб, ҳар бир ижодий жамоанинг унумли ижод қилиши учун шароит яратилмоқда.

Президентимизнинг 2024 йил 22 ноябрдаги “Театрларнинг жамият маданий ҳаётидаги аҳамиятини ошириш ва улар фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори эса соҳада янги босқични бошлаб берди. Қарорда ўзбек театр санъати ижодий жараёнини ислоҳ қилишдан тортиб, моддий-техник база, кадрлар сиёсатини янги босқичга олиб чиқиш, халқаро ҳамкорлик доирасини янада кенгайтириш масалаларигача қамраб олинган. Ушбу ҳужжат ижросини таъминлаш бўйича “тармоқ йўл харитаси” ишлаб чиқилиб, ижрога йўналтирилди. Қарор ижроси юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг тўртта қарори қабул қилинди. Ҳар бир қарорнинг туб негизида театр ва театр-студияларни моддий-маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, ходимлар меҳнатини рағбатлантириш вазифалари белгиланган. Драматурглар учун Маҳмудхўжа Беҳбудий, ёш режиссёрлар учун Ўзбекистон халқ артисти ва санъат арбоби Баҳодир Йўлдошев номидаги мукофотлар таъсис этилиши ижод аҳли учун кутилмаган воқеа бўлди.

Мамлакатимизда 41 та давлат театри мавжуд. Аҳоли сони 38 миллионга етган юртимиз учун бу камлик қилиши инобатга олиниб, охирги йилларда 4 та янги театр ташкил этилди, 3 та театр учун замонавий бино қурилиб, фойдаланишга топширилди. 2030 йилга қадар барча театр биноларини босқичма-босқич реконструкция қилиш режалаштирилган. Давлат театрларининг транспорт воситаси билан таъминланиши, хорижга кўпроқ гас­троль уюштириши, молиявий эркинлик берилиши уларни изланишга, янги-янги спектакллар яратишга ундамоқда.

Театрда репертуарни бойитиш ва янгилаб туриш ҳамиша биринчи талаб ҳисобланади. 2025 йилда театрларимизда 173 та янги спектакль саҳналаштирилди. Уларнинг 13 таси тарихий мавзуда, 75 таси миллий ва замонавий, 85 таси эса жаҳон драматургиясининг сара намуналаридир. Миллий қаҳрамонлар, алломалар ва саркардалар образини яратишга алоҳида эътибор қаратиляпти. 2025-2030 йиллар учун буюк тарихий шахсларнинг ибратли ҳаёти, ижоди, болалиги ва ёшлигини ифодаловчи саҳна асарлари режа-жадвали тасдиқланиб, Абу Али ибн Сино, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг болалик ва ўсмирлик даври гавдалантирилган спектаклларни яратиш мўлжалланган. Шунингдек, “Инсон қадри учун” ғояси асосида вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда таъсирчан, долзарб саҳна асарларини яратиш мақсад қилинган.

Вазирлик тизимидаги давлат театрлари томонидан жорий йил давомида 160 та янги асарни саҳналаштириш белгиланган. Бу билан театр нафақат маданий, балки маърифий вазифани ҳам адо этиши табиий. Ўзбек Миллий академик драма театри режиссёри Асқар Холмўминов саҳналаштирган “Адолат фасли”, Муқимий номидаги ўзбек давлат академик мусиқали театрида Достон Ҳақбердиев саҳналаштирган “Қайнона”, Ўзбекистон давлат драма театрида Олимжон Салимов саҳнага олиб чиққан “Ромео ва Жульетта”, Қашқадарё вилояти мусиқали драма театрида туркиялик К.Эрдиликара томонидан қўйилган “Тентакнинг ёзмалари”, Каттақўрғон шаҳри драма театрида Достон Ҳақбердиев саҳналаштирган “Бибихоним” спектакллари томошабинлар олқиши ва эътирофига сазовор бўлди.

Сўнгги йилларда давлат буюртмаси билан Ўзбекистон давлат драма театрида “Ишлагандай бўлайлик”, Андижон вилояти мусиқали драма театрида “Мирзо Улуғбек”, Наманган вилояти мусиқали драма театрида “Усмон Носир”, Фарғона вилояти мусиқали драма театрида “Шоҳ Эдип”, Самарқанд вилояти мусиқали драма театрида “Лайли ва Мажнун” спектакллари саҳналаштирилди. Улардаги янгича ижодий ёндашув саҳна асарлари савияси тобора ошаётганини кўрсатади.

Пойтахтимизда катта тарихий йўлни босиб ўтган, ўз мавқеи ва аудиториясини топиб олган ижодий жамоалар қаторида Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат академик мусиқали театри ҳам бор.

“Театримиз репертуарини бойитиш, замон талаблари асосида янгилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда, — дейди театр бош режиссёри Достон Ҳақбердиев. — Давлат мусиқали театрининг чиройли биноси ҳаммага таниш. Бу ерга ҳар куни театр шинавандалари келиб, ўз маданий эҳтиёжини қондириб кетади. Репертуарни бойитиш учун ижодий жамоа доимий изланишда. 2025 йил жамоамиз учун сермаҳсул ва мазмунли бўлди, бир қатор янги саҳна асарлари намойиш этилди. Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти битирувчи талабалари билан ҳамкорликда Туроб Тўла қаламига мансуб “Нодирабегим” асарини саҳналаштирдик. Шунингдек, Ҳамзанинг “Майсаранинг иши” асари мотиви бўйича “Майсара” мусиқали комедияси ҳамда драматург Ҳайитмат Расул қаламига мансуб “Куёвнинг омонати” асари репертуаримиздан ўрин эгаллади.

Гастроль сафарларимиз доираси анча кенгайди. Маданият вазирлиги ҳамда “Ватандошлар” жамоат фонди ташаббуси билан амалга оширилган “Саҳналар дўстлиги” лойиҳаси доирасида Қирғизистон, Қозоғистон ва Тожикистонга ижодий сафар уюштирилди. Қозоғистоннинг Оқтов шаҳрида ўтказилган ТУРКСОЙ III халқаро театр фестивалида жамоамизнинг “Қобил ила Ҳобил” спектакли “Энг яхши мусиқали драма спектакли” номинациясида ғолиб топилиши бизга катта рағбат бағишлади.

Шунингдек, “Инсон қадри учун” эзгу ғояси асосида Маданият ва Спорт вазирликлари билан ҳамкорликда Диёра Келдиёрованинг ҳаёт йўли, фаолияти ҳақида спектакль саҳналаштирдик”.

Театр санъати аҳолининг маданий эҳтиёжини қондириши керак. Агар спектакль ҳақиқатан ҳам таъсирли ва долзарб мавзуда бўлса, театр зали томошабинга тўлади. Ўтган йили давлат театрлари томонидан 3,8 миллион томошабин қамраб олинган бўлса, 2030 йилга қадар бу кўрсаткични 15 миллионга етказиш режалаштирилмоқда. Шунингдек, 200 дан ортиқ янги спектаклни саҳналаштириш, 125 та давлат театрининг халқаро фестиваль ва гастролларда иштирокини таъминлаш, хусусий сектор улушини 30 фоизгача ошириш, цирк томошалари сонини 440 тага етказиш мақсад қилинган.

Янгича ислоҳотлар даврида халқаро ҳамкорлик фаол ривожланмоқда. Юртимиз театрлари ижодкорлари бир-биридан қизиқарли асарларни дунё саҳналарида намойиш этиб, фахрли ўринларни эгаллаб келмоқда. Ана шундай жамоалардан бири Алишер ­Навоий номидаги ўзбек давлат академик катта театридир.

— Театримиз ижодий жамоаси ҳар йили камида тўртта миллий, жаҳон классик опера ва балет асарини саҳналаштириш учун давлат буюртмасини олади. “Алишер Навоий” ва “Бал Маскарад”, “Евгений Онегин”, “Шоир қалби” опералари ҳамда “Жалолиддин Мангуберди” “Оққуш кўли” балет спектакллари давлат буюртмаси асосида саҳналаштирилди, — дейди театр режиссёри, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Ҳайдарали Қосимов. — Театрларга давлат буюртмаси ажратилиши санъат аҳлининг ҳам ижодий, ҳам моддий томондан қўллаб-қувватланишидан далолат. Бизга хорижий театрлар тажрибасини ўрганиш анъанаси кириб келди. Туркия, Озарбайжон, Грузия, Британия, Франция, Италия, Россия, Португалия, Беларусь театри ижодкорлари билан ҳамкорлик ўрнатилиб, тажрибали режиссёр ва рассомлар томонидан турли спектаклларни саҳналаштириш жараёни давом этмоқда.

Шу ўринда давлат театрларида саҳналаштирилаётган спектаклларда қандай ғоя устуворлик қилаётгани ҳақида икки оғиз тўхталиб ўтсак. Мамлакатимизда ислоҳотлар кўлами кенг, қайси соҳани қараманг, янгиланиш нафаси, дунё давлатлари тажрибаси шитоб билан кириб келаётганини кўрамиз. Демак, худди шу нафас, айнан шу руҳ саҳнага кўчиши керак. Театр — замон кўзгуси. Саҳнада роль ўйнаётган актёр, яъни қаҳрамон жамиятнинг аъзоси, сизу бизга ҳамнафас ва елкадош инсонлардир. Шу боис, замондошларимиз ҳаёти саҳнада намоён бўлиши керак. Халқаро театр куни муносабати билан ҳар йили 21-27 март кунлари давлат театрларида “Театр томошалари ҳафталиги”, “Очиқ эшиклар куни” ўтказилади. Бу ижодий жамоаларни халққа яқинлаштиради, улар аудиториясини кенгайтиради, янги ижодий марраларга ундайди.

Шаҳрибону ИМОМОВА,

“Гулистон” ва “Театр” журналлари

бирлашган таҳририяти бош муҳаррири,

“Шуҳрат” медали соҳиби