Келгуси беш йилликда ёшларнинг илмий, касбий ривожланиши, саломатлиги, иқтисодий имкониятларининг кенгайтирилиши, технология ва инновацияларни ривожлантиришга ажратиладиган сармоялар яъни мамлакатнинг қисқа муддатда юқори иқтисодий тараққиётга эришишга замин яратади. Мамлакатимизда ёшларни Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш, бандлигини таъминлаш, уларни “Ай-Ти”, хорижий тил, замонавий касбларга ўқитиш, спортга жалб қилиш, хориждаги ёшлар билан ишлаш, миллий ва оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш масалалари ва соҳада эришиладиган аниқ мақсадли индикаторларни белгилаш тизимини ташкил этиш мақсадга мувофиқ.

Бугун жаҳондаги мураккаб ва тез ўзгарувчан глобаллашув шароитида ёшлар муаммоларини ҳал қилиш соҳасидаги самарали давлат сиёсатини амалга ошириш ҳамда унда қўлланиладиган механизм ва технологияларни такомиллаштириб бориш нафақат ижтимоий барқарорлик балки, умуман, давлат хавфсизлигини таъминлашнинг муҳим омилларидан бири бўлиб қолмоқда. Бу эса, ўз навбатида умумжаҳон стандартлари ва миллий-минтақавий хусусиятларни ўзида уйғун тарзда синтезлаган инновацион механизм ва технологияларни қўллаган ҳолда амалга ошириладиган узоқ муддатли ёшларга оид давлат сиёсати стратегиясини ишлаб чиқишга бўлган заруратни янада кучайтирди. Қабул қилинган "Ўзбекистон – 2030" стратегияси келгуси етти йилга мўлжалланган, ривожланишимизга хизмат қиладиган муҳим ҳужжат бўлди. Унда барча соҳа ва йўналишларда бир қатор устувор мақсад-вазифалар ўз аксини топган. Стратегия ёшлар сиёсати соҳасидаги ишларни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган устивор вазифаларни, асосий мақсад ва йўналишларни белгилаб берди. Ушбу белгиланган вазифалар ва уларнинг ижроси ёшларни ўйлантираётган муаммоларни ҳал этишга қаратилган технологияларни янада такомиллаштиришга кўмаклашади.

Шунингдек, бу ҳужжат ёш авлод вакилларини ҳар томонлама баркамол қилиб тарбиялаш, иқтидори ва интелектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш, уларни давлат ва жамиятни бошқариш ишларига кенг жалб этиш, ташаббусларини етарли даражада қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳуқуқий асосларни, иқтисодий имкониятлар ва ташкилий механизмларни янада кенгайтиришга хизмат қилади.

Ёшлар сиёсати соҳасидаги тажрибани бойитган ҳолда, мамлакатимизда ёш авлоднинг конституциявий ҳуқуқларини кафолатлаш, ёшларга оид давлат сиёсатининг ҳуқуқий ва ташкилий механизмларини янада такомиллаштириш борасидаги мақсад ва вазифалар, устувор йўналишларҳамда чора-тадбирларни белгилашга имкон яратади.

Ёшлар билан ишлашнинг янгича тизимини жорий этиш борасидаги долзарб вазифаларни ҳал этиш, уларнинг муаммоларини бартараф этиш мамлакатнинг ҳаёт-мамот ва хавфсизлик масаласидир. Шу боис, Янги Ўзбекистон ёшларини қўллаб-қувватлаш учун зарур шароит яратиб бериш бўйича инқилобий ташаббусларни илгари суриш ҳамда уларни жорий этишда инновацион механизм ва технологияларни қўллашга оид кўплаб амалий ишлар қилинмоқда. Мамлакатимизда 36,1 миллион нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. 30 ёшгача бўлган ёшлар сони 19 миллиондан ортиқ ёки мамлакат аҳолисининг 55 фоизини ташкил қилади. Меҳнат бозорига ҳар йили 600 минг нафардан ортиқ ёшлар кириб келмоқда. Таҳлилларга кўра, келгуси 10 йилда бу рақам 1 миллион нафарни ташкил этади.

Шу боис, ёшларнинг ҳаётда ўз ўрнини топиши масалалари долзарб вазифалардан бири бўлиб қолмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йилдан бошлаб анъанавий тарзда ёшлар билан ўтказаётган учрашувларда кўтарилган долзарб масалалардан келиб чиқиб, ёшларга оид давлат сиёсати соҳасида 9 та қонун ва 104 та қонуности ҳужжатлари қабул қилинди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 11 та Фармони, 28 та қарори, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 61 та қарори қабул қилиниши ёшлар сиёсати соҳасидаги ислоҳотларнинг тизимли, босқичма-босқич амалга оширилишига ҳуқуқий замин яратди.

“Ёшлар баланси” шакллантирилиб, “Ёшлар дафтари” орқали ёшларнинг ижтимоий- иқтисодий муаммоларини баратараф этиш тизими жорий этилди.

Ҳудудларда “Ёшлар дафтари” жамғармалари ташкил этилиб, ёшларнинг ижтимоий муаммоларини бартараф этиш уларнинг интеллектуал, илмий – ижодий ва бошқа йўналишлардаги салоҳиятини ривожлантиришга қаратилган ҳуқуқий, ташкилий ва ижтимоий-иқтисодий чора-тадбирлар белгиланди.

Мамлакатимизда ташкил этилаётган мактабгача таълим ташкилотлари ва умумтаълим мактаблари, олий ўқув юртлари, нуфузли хорижий университетларнинг филиаллари, маданият ва спорт иншоотлари, “Темурбеклар мактаби”, “Президент мактаблари”, “Ижод мактаблари” деб ном олган мутлақо янги намунадаги таълим масканлари бугунги глобаллашув шароитида рақобатлаша оладиган етук кадрларнинг янги авлодини тарбиялашга хизмат қилмоқда.

Беш муҳим ташаббус доирасида амалга оширилаётган катта қурилиш ва ободончилик ишлари, яратилаётган шароитлар, ташаббусларнинг мазмуни ва аҳамиятини ёшларимиз чуқур тушуниб, уни амалга оширишда фаол иштирок этаётгани, мамлакатимизда ёш авлодга берилаётган эътиборнинг ёрқин намунаси ва самараси сифатида намоён бўлмоқда.

Шунга қарамай, ёшлар билан боғлиқ долзарб масалаларни ҳал этиш бўйича олиб борилаётган кенг кўламли ишлар билан бир қаторда, соҳада ечимини кутаётган муаммоли масалалар ҳам сақланиб қолаётганлигини кўрсатмоқда.

Хусусан, аксарият ёшларда дунёда юз бераётган мураккаб геосиёсий ва мафкуравий жараёнларнинг мазмун-моҳиятини англаш даражасининг етишмаслиги, бу борада мамлакатимиз маънавиятига мос бўлган фикрлар хилма-хиллиги ҳолатида ягона ёндашув, тушунча ва тасаввурларнинг етарлича шаклланмагани терроризм, диний экстремизм, ақидапарастлик, мутаасиблик, сепаратизм, одам савдоси, “оммавий маданият”, наркобизнес каби турли хавф ва таҳдидларга қарши курашиш долзарблашиб бормоқда.

Айниқса, ёшларнинг ҳаётда ўз ўрнини топиши, уларни касбга йўналтириш ва иш билан таъминлаш, ташаббусларини рағбатлантириш ва мавжуд салоҳиятини амалга оширишга муносиб шароитлар яратиш билан боғлиқ масалаларнинг аҳамияти ошмоқда. Ҳар йили ёшларнинг инновацион лойиҳаларини амалиётга жорий қилиш орқали мамлакатимизга киритилаётган инвестициялардаги ёшлар улушини 15 фоизга ошишини таъминлаш;

Истиқболли кадрлар электрон базасини шакллантириш, инсон ресурсларини (HR management) бошқариш рақамли тизимини такомиллаштириш; ҳудудларда юқори натижага эришаётган ёшлар базасини шакллантириш ва уларни хорижий давлатларга ўз мутахассислиги бўйича қисқа муддатли стажировкаларга юбориш; ёш кадрларнинг касб, лидерлик ва малака даражасини тизимли таҳлил қилиб бориш механизмини яратиш.

ёшларни китобхонликка кенг жалб этиш мақсадида 10 мингга яқин маҳалла кутубхоналари, 500 га яқин замонавий китоб дўконларини барпо этиш,ҳар йили 1000 га яқин китобхонлик тарғибот акциялари ва танловларини ўтказиш орқали ёшларнинг доимий китоб ўқишларига эришиш; ёшлар, ёш оилалар ўртасида китобхонлик танловларини ўтказиб бориш орқали ёш авлодда китобхонлик маданиятини шакллантириш.

Ёшларни она Ватанга, оилага, мустақиллик ғояларига муҳаббат ва садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш йўналишида: ёшларга буюк аждодларимизнинг бебаҳо маънавий-маърифий меросини замонавий ахборот технологияларини қўллаган ҳолда чуқурроқ ўргатиш ва бу борадаги тарғиботнинг таъсирчан усул ва воситалардан самарали фойдаланишни йўлга қўйиш; ёшларда миллий қадриятлар ва ҳалқимизга хос меҳр-оқибатни, бағрикенгликни тараннум этадиган, ёшлар онгида миллий ғурур ва иммунитетни шакллантириш ҳамда мустаҳкамлашга хизмат қиладиган мунтазам тарғиб қиладиган электрон платформалар ташкил этиш ва уларнминг фаолиятини қўллаб-қувватлаш; ижтимоий тармоқлар орқали кучайиб бораётган мафкуравий таҳдидларга қарши маърифат ва илм билан самарали кураш олиб бориш, тарғибот-ташвиқот ишларини ташкил этишнинг таъсирчан, креатив ва инновацион услубларини ишлаб чиқиш ҳамда уларни тизимли амалга ошириш чораларини кўриш; глобаллашувнинг ёшлар дунёқарашига таъсирининг миллий ва умуминсоний жиҳатларини ўрганиш, таҳлил қилиш ва аниқлаш ҳамда маънавий-ахлоқий онгнинг ҳаётий эҳтиёжга айланиш тамойилларини амалиётга татбиқ этиш; намунали ўзбек ёш ўғлони ва қизининг ижтимоий, маънавий ва ахлоқий мезонларини ишлаб чиқиш, замонавий ўзбек ёшлари қиёфасини шакллантириш; авлодлар ўртасидаги ихтилофларни келтириб чиқараётган сабабларни таҳлилий ўрганиш, уларни бартараф этишга қаратилган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш, чора-тадбирларни амалга ошириш; ёшларнинг менталитетимизга қарши турли хил ёт ғоялар таъсирига тушиб қолишини олдини олишга қаратилган тизимли тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш, тинчлик-осойишталикни мустаҳкамлаш, турли хавф-хатарларга қарши курашишда ёшлар иштирокини кучайтириш лозим.

Дилфуза Жуманиёзова,

Тошкент Давлат юридик университети доценти,

фалсафа доктори (PhD)