Ижобий янгиликлар ҳар доим ката қувонч билан қарши олинганидек, юртимиздаги бу янгиланишлар ҳар бир ўзбек халқи учун бирдек илҳомбахш сурат олди. Ўз имкониятидан келиб чиққан ҳолда, ҳар бир фуқаро жон-жонидан янгиланаётган юртимизга ўз ҳиссасини қўшишга чоғланди. Ҳатто чекка ҳудудларда яшовчи фуқароларимиз ҳам четда қолгани йўқ. Ана шундай чекка ҳудудлардан бири бизнинг Хоразм вилоятида жойлашган бўлиб, ҳудуд марказдан 200 километр узоқликда жойлашган. «Саримой» деб номланган бу маҳаллада ҳам барча соҳада ката ўзгаришлар, янгиланишлар талайгина. Маҳаллада олиб борилаётган ишларни бир-бир санашни эмас, маҳалла бўйлаб сайр қилганда кўрсатишни маъқул топдик.
Шундай бўлса ҳам яқиндагина ташкил топган «Гиламчиклик» корхонаси ҳақида икки оғиз айтиб ўтмоқчимиз. Давлатимизда тадбиркорлар учун яратилган кенг имкониятлардан унумли фойдаланган Гулшодахон Атаева 2020 йил август ойида 70 миллион сўм кредит эвазига «Саримой туркман гиламлари ишлаб чиқариш кооперативи» номли корхонани ташкил этди. Даставвал шу маҳаллада яшовчи «Аёллар дафтари»да рўйхатда турган 30 нафар хотин-қиз шу касб бўйича иш ўрганди. Корхонага 10 та гилам тўқиш ускунаси олиб келинди ва иш бошланди. Табиийлиги билан, ёрқин ва ўзига хос безаклари билан ажралиб турадиган, асосан қўй жунидан тайёрланган иплардан тўқилган бу гиламлар савдода ўз ўрнини топа олди. Жумладан Саудия Арабистонининг «Alwaleed Philanthropies» хайрия фонди ушбу корхона учун 150 минг доллар миқдорида пул ажратиб 2023 йил апрель ойигача шартнома имзолади. Хайрия фонди ташкилоти вакиллари
Хоразм вилояти Тупроққалъа туманига ташриф буюриб, уй шароитида қўлда гилам тўқиш корхонасида бўлди. Ташриф давомида корхона ишчилари билан ўқув семинарлар ташкил этилди. Биз ҳам бу ерда бўлганимизда корхона тумандаги 11-сонли умумтаълим мактаби ёнгинасида жойлашганини ва мактаб ўқувчи қизлардан кўпчилиги ҳам гилам тўқиш сирларини ўрганаётганликлари гувоҳи бўлдик. Бир-биридан чиройли, кишини ўзига жалб қилиб жилоланаётган, инсон қўли билан яратилган бу мўъжизаларни кўриб кўзимиз қувнади.
— Келгусидаги энг биринчи режамиз, гиламларимизни чет элларга экспорт қилиш, деди «Саримой Туркман гиламлари» корхона раҳбари Гулшода Атаева ўзига ишонч ва фахр билан. — Шунинг учун жунга бўлган эҳтиёжимизни қоплаш мақсадида қўйчилик ва эчкичиликни ривожлантирамиз. Устоз-шогирд анъаналари асосида шогирдлар тайёрлаб, ишчи ўринларни кенгайтирамиз! «Интилганга толе ёр» дегани шу бўлса керак. Ўз ҳаракатлари билан рўзғор учун иш бошлаган бу аёл юрт манфаатини ҳам назардан қолдирмади. Аҳоли бандлигига кўмаклашиш билан бирга ўз имкониятларини юртдошлари билан баҳам кўрди.
Х.Султонов,
Республика Маънавият ва Маърифат маркази
Хоразм вилояти Тупроққалъа тумани бўлинмаси раҳбари,
Г.Собирова,
Республика Маънавият ва Маърифат маркази
Хоразм вилояти Тупроққалъа тумани бўлинмаси
бош мутахассиси.