Шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, Наврўз қадриятлари ва анъаналари бизни она табиатни севиш ва ардоқлашга, ҳаёт гултожи бўлмиш инсонни қадрлашга, Ватанга муҳаббат ва садоқат билан хизмат қилишга ўргатади. Ушбу айёмни мамлакатимизда кенг нишонлаш мақсадида  2022 йил 17 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Мазкур қарорда халқимизнинг қадимий тарихи, бой маданияти ва эзгу қадриятларини ўзида яққол мужассам этган, она табиат ва одамлар руҳиятида юз берадиган яшариш, янгиланиш ва юксалишларни асрлар давомида тўла намоён қилиб келаётган Наврўзи олам энг ардоқли миллий байрамларимиздан бири эканлиги алоҳида қайд этилган.

Ушбу қадимий байрамнинг руҳи ва фалсафасида мужассам бўлган борлиқни асраб-авайлаш, доимо у билан уйғун бўлиб яшаш, меҳр-оқибат, хайру саховат, бунёдкорлик, бағрикенглик, дўстлик ва ҳамжиҳатлик сингари юксак ғоялар бугунги кунда янада теран мазмун ва аҳамият касб этиб бормоқда. Юртимизда эркин ва фаровон ҳаёт барпо этиш, инсон қадрини улуғлашдек буюк мақсадларни амалга оширишга қаратилган кенг кўламли демократик ислоҳотлар жараёнида барча миллий қадриятларимиз қатори Наврўз умумхалқ байрами ҳам ўзига хос маънавий таянч бўлиб хизмат қилмоқда.

Халқимиз асрлар давомида эъзозлаб келаётган, БМТ тарафидан халқаро байрам сифатида эътироф этилган Наврўзи оламнинг ана шундай беқиёс аҳамиятини ҳисобга олиб ушбу айёмни мамлакатимизда олиб борилаётган улкан ўзгариш ва янгиланишлар жараёнига уйғун ва ҳамоҳанг тарзда, ҳар томонлама юксак савияда ўтказиш мақсадида “Ассалом, Наврўз – янгиланиш, меҳр-оқибат ва қадр-қиммат айёми!” деган бош ғоя асосида умумхалқ сайиллари шаклида кўтаринки руҳда ва юқори савияда нишонлаш белгиланди.

Албатта, мана шу бетакрор ва дилбар фаслда барчамиз ўзимизни яшариб кетгандек, вужудимизга янги куч-ғайрат, азму шижоат киргандек ҳис этамиз. Наврўз муносабати билан инсон ўзини табиат фарзанди, унинг ажралмас бир қисми деб ҳис этишини ифода этадиган, атроф-муҳитни, она заминни асраб-авайлашга, барчамизни бугунги тинч, эркин ва фаровон ҳаётни қадрлаб, уни ҳимоя қилиб яшашга чорлайди.

Наврўз азалдан инсон руҳиятида янгиланиш, ёшариш яратувчи байрам сифатида қабул қилиниб ўзгача кайфият билан кутиб олинган, ҳозир ҳам шундай. Бунда оила, қон-қариндошлар жамланиб, дастурхонга кўклам таомлари тортилиб, бирдамликда, бир-бирларига меҳр улашиб, ўтказилади. Демакки, байрам бола хотирасида муҳрланадиган ҳодиса ва унда оила муқаддаслигига, оға-ини, опа-сингилнинг меҳр улашиш каби бардавом қадриятларига нисбатан ишонч мустаҳкамланади. Ушбу йиғин инсонда қувватни янгилайди.

Наврўз кунлари халқмизнинг бетакрор меҳр-оқибати ва бағрикенглиги туфайли ёрдамга муҳтож инсонлар, кексалар, ногиронлар ва кам таъминланган оилалар ҳолидан хабар олиш, уларга беғараз кўмак бериш, жамиятда ўзаро ҳурмат, дўстлик ва ҳамжиҳатликни кучайтиришга қаратилган савоб ишлар, хайрия тадбирлари ва оммавий ҳашарларни амалга ошириш азалдан анъанага айланган.

Наврўз баҳор фаслининг бошланиши, аниқроғи тенг кунлик тантанасидир. Бошқача айтганда, Наврўз фалакиёт илми билан боғлиқ. Чунки ривоятлардаги “Ҳамал”, “Бурж”, “Йил боши” каби тушунчалар бевосита Ер ва унинг Қуёш тизимидаги ҳаракатига, вақтни белгилашга бориб тақалади. Наврўз, янгиланиш, янги кун, янги ҳаёт рамзи бўлиш билан бирга, поклик ва шодлик, маънавият ва бирдамлик тантанасидир. Шундай экан, Наврўзи олам доимо халқимиз учун миллий ифтихор, миллий ғурур, миллий ўзликни англаш ва ҳамжиҳатлик рамзи бўлиб инсоний туйғуларни янада юксалтирувчи, уларни бирлаштирувчи ҳамда халқимиз қалби ва онгида ягона Ватан туйғусини мустаҳкамловчи бирдамлик байрами сифатида кенг нишонланиб келинади.

Умуман олганда, бу қутлуғ айём асрлар мобайнида биз учун эзгулик тимсоли, инсон қалбида бунёдкор, ёруғ орзу-умидлар куртак очадиган фасл бўлиб келган. Наврўзи олам Ватанимизда яшаётган барча миллат ва элат вакиллари, яъни бутун халқимиз учун энг суюкли байрам сифатида яхши қўшничилик, хамкорлик, маданиятлароро мулоқотларни рағбатлантиришга хизмат қилиб келмоқда. Бу қутлуғ айём инсоният қадриятларининг муҳим қисми бўлиши билан бирга, Ўрта Шарқ, Кавказ, Ўрта ва Жанубий Осиё ва бошқа минтақа халқлари учун алоҳида аҳамиятга эга бўлган кунлардан бири ҳисобланади. Наврўз ўзининг ўлмас руҳи, умуминсоний ғоялари билан башарият ҳаётидан тобора чуқур ўрин эгаллаб келмоқда.

Мансур МУСАЕВ,

Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳузуридаги

 Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти бўлим бошлиғи,

сиёсий фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)