Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикер ўринбосари Улуғбек Иноятов Наманган вилояти Янгиқўрғон туманидаги чегара ҳудудда жойлашган “Мамай” ва “Олмазор” МФЙларда бўлиб фуқаролар билан суҳбатлашди.  Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ахборот хизмати хабар берди.

“Обод қишлоқ” дастурига киритилган мазкур маҳаллалар аҳолиси билан ўтказилган учрашувларда дастур доирасида бажариладиган ишлар ҳақида маълумот берилди. Жумладан, “Мамай” ва “Олмазор” маҳаллаларида 14,1 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилади. Биргина “Мамай” МФЙ ҳудудида жойлашган 32- умумий ўрта таълим мактабини мукаммал таъмирлашга 3 миллиард 18 миллион сўм сарфлаш кўзда тутилган. Шунингдек, 1 миллиард 200 миллион сўм маблағ эвазига маҳалладаги 17-мактабгача таълим муассасаси мукаммал таъмирланса, “Мамай” қишлоқ врачлик пункти (ҚВП)ни таъмирлаш учун 500 миллион сўм ажратилиши белгиланган.

Дастурда 900 та хонадондан иборат 4856 нафар аҳоли истиқомат қиладиган ушбу маҳаллаларда ичимлик суви, электр, газ таъминотини яхшилаш, ички йўлларни таъмирлаш чора-тадбирлари ҳам белгиланган. Мисол учун, “Мамай” ва “Олмазор” маҳаллалари ҳудудида 16,8 км. янги ичимлик суви тармоғи барпо этилади, 3 та сув иншооти таъмирланади. Бундан ташқари, кўча чироқлари ўрнатиш, пиёдалар йўлаклари қуриш, алоқа, ирригация тармоқларини таъмирлаш, манзарали кўчат экиш ҳам режалаштирилган бўлиб, буларнинг барчаси аҳоли учун қулайликлар яратишга хизмат қилади.

Дастур доирасида ушбу маҳаллалардаги 550 та хонадон 2 миллиард 750 миллион сўм маблағ эвазига таъмирлаб берилади. 20 та хонадонга янги уй-жой қуриш учун ҳар бирига 240 миллион сўмдан жами 4 миллиард 80 миллион сўм миқдорида ипотека кредити ажратилади. Ҳудудда тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида 1 миллиард сўм маблағ эвазига савдо ва бошқа турдаги хизматлар кўрсатишга мўлжалланган жами 8 та объект қурилади.

Учрашувда дастурга киритилган барча лойиҳалар бекаму кўст бажарилиши, ажратилган маблағлар мақсадли сарфланиши туман кенгаши депутатларининг доимий назоратида бўлиши лозимлиги таъкидланди.