Масъуллар икки ҳафтада туманнинг 51 та маҳалласида аҳоли ва тадбиркорларнинг ойлик, чораклик ва йиллик талабини ўрганади. Шу асосда “энергия истеъмоли баланси” шакллантирилади.
Қайси маҳаллада трансформатор ёки газ тақсимлаш қурилмасини янгилаш, қаерда тармоқ тортиш зарурлиги аниқ белгиланади. ASKUE ва ASKUG тизимига мос келмайдиган ҳисоблагичлар алмаштирилиб, маълумот узатмаётган қурилмаларнинг узлуксиз алоқаси таъминланади.
Электр ва газ йўқотишларини 2 карра камайтириш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқилади. Бунда зарур маблағнинг қанчаси тизим корхоналари, қанчаси маҳаллий қўшимча даромад ҳисобидан ажратилиши аниқ кўрсатилади.
Йирик истеъмолчи бўлган корхоналар энергия аудитидан ўтказилиб, уларни тежамкор технологияларга ўтказиш учун банклар томонидан ресурс ажратилади. Барча боғча, мактаб, техникум, шифохона ва поликлиникаларнинг энергия сарфи таҳлил қилиниб, тоифаларга ажратилади.
Кўп қаватли уйларнинг иситиш тизими диагностика қилинади, қарздорликни бартараф этиш бўйича кўчама-кўча иш олиб борилади. Барча ишлар 1 октабргача якунланиб, Янгийўл электр ва газ таъминоти бўйича намунавий туманга айлантирилади.