Йиғилишда Ўзбекистон томонидан Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Ходжаев, асосий вазирлик, идора ва тармоқ бирлашмалари раҳбарлари, Япония томонидан эса Itochu корпорацияси маслаҳатчиси, Япония-Ўзбекистон иқтисодий ҳамкорлик қўмитаси раисининг вазифасини бажарувчиси Тсуёши Нишитани, Япония иқтисодиёт, савдо ва саноат вазири ўринбосари Хирохиде Хираи, Япония ташқи савдони ривожлантириш ташкилоти (JETRO) раиси ва катта ижрочи директори Нобухико Сасаки, шунингдек, 70 нафар Япониянинг етакчи компания ва ташкилотлари вакиллари иштирок этди.

Кун тартиби доирасида ўзаро савдо масалалари муҳокама қилинди. 2022 йилнинг тўққиз ойида мамлакатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 30 фоизга ошди. Икки томонлама савдо ҳажмини ошириш бўйича амалий чора-тадбирлар кўришдан ўзаро манфаатдорлик билдирилди.

Сармоявий ва саноат кооперациясини кенгайтириш истиқболлари кўриб чиқилди. Сўнгги беш йилда Ўзбекистонда Япония капитали иштирокидаги корхоналар сони беш баробар кўпайиб, 55 тага етди. Жорий йилда 14 та қўшма корхона ташкил этилди. Учрашув иштирокчилари фармацевтика, тоғ-кон саноати, машинасозлик, кимё ва тўқимачилик саноати, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда истиқболли лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича қўшма ишларни фаоллаштиришга келишиб олдилар.

Япониянинг энг яхши кибер, био- ва нанотехнологияларини узатишни ҳисобга олган ҳолда IT ва инновациялар соҳасидаги ҳамкорлик йўналиши алоҳида кўриб чиқилди. Япония томони Ўзбекистонда рақамлаштириш даражасини 70 фоизга етказиш ва 2026 йил охиригача дастурий маҳсулотлар экспортини ўн баробар оширишни таъминлаш бўйича режаларга кўмаклашиш ниятини билдирди.

Тадбир доирасида бизнес-форум ҳам бўлиб ўтди, унда иштирокчилар B2B ва B2G учрашувларини ўтказиш ва ҳамкорликнинг амалий жиҳатларини муҳокама қилиш имкониятига эга бўлдилар, деб хабар беради Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.