Ж. Ортиқхўжаев Ўзбекистонга бўлган қизиқиш учун меҳмонларга миннатдорлик билдириб, япониялик тадбиркорларга Тошкентда бизнесни ташкил этиш ва юритишда ҳар томонлама кўмак беришга тайёрлигини айтиб ўтди.

Инвестициялар ва ташқи савдо бошқармасининг мутахассислари пойтахтда рўй берган ўзгаришлар, унинг инвестицион салоҳияти ва бошқа имкониятларига бағишланган қисқа тақдимот ўтказдилар. Хусусан, пойтахтимиздаги «Технопарк», IT-парк ва КСЗлари ҳамда Тошкентда фаолият юритаётган бошқа шаҳарсозлик ва инвестиция лойиҳалари ҳақида батафсил маълумот берилди.

Шунингдек меҳмонлар шаҳар ҳудудида амалга оширилиши режалаштирилаётган истиқболли инвестиция лойиҳалари ҳақида ҳам маълумотга эга бўлдилар. Ш. Раҳмонов аксарият йирик лойиҳаларда иштирок учун япониялик эксперт ва мутахассислар жалб этилганини таъкидлади.

Япония делегациясининг вакиллари илиқ қабул ва маълумотлар учун миннатдорлик билдириб, ўзлари вакиллик қилаётган компанияларнинг фаолият йўналишлари ҳақида маълумот бериб ўтдилар. Хусусан, GIC holding директори Хаттори Ай пойтахтимиздаги йирик бизнес-маркази ҳудудида япон ресторанини ташкил этишга қизиқиш билдирди.

Япониялик тадбиркорлар япон ва ўзбек маданиятлари яқинлигини таъкидлаб, кичик овқатланиш нуқталари, япон маҳсулотлари ва эсдалик совғалар дўконлари жойлашган алоҳида кўчани ташкил этишни кўзда тутувчи Japanese Street лойиҳасини амалга ошириш таклифини билдирдилар. Меҳмонларнинг айтишича, бу кўча қўшма кўргазмалар, ярмарка ва фестиваллар ўтказиш учун ажойиб манзилга айланади ва, шубҳасизки, пойтахтнинг туристик жозибадорлигини оширади.

Учрашув якунида Шароф Раҳмонов ҳамкорлик йўналиш ва истиқболларини аниқлашда ҳар томонлама кўмак кўрсатишга тайёрлигини билдирди, деб хабар беради Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати.